ЖЧ-2026 саралаш ўйини доирасидаги Туркманистон – Ўзбекистон (1:3) баҳсидан кейин учрашув қаҳрамони Отабек Шукуров Ашхободдаги сунъий қопламали майдонни танқид қилди.
«Авваламбор, табрик учун раҳмат. Ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз. Фикримча, бундай майдонда биз айнан харакатер кўрсатганимиз эвазига ғалаба қозондик. Мураббий ҳам айтди, биз сўнгги икки ЖЧ саралашини айнан мана шундай майдонда бошлаб, мағлубиятга учраганмиз ва якунда уринишимиз омадсиз чиққан. Бугун ҳам айнан сунъий қопламада мағлубиятга учрай туриб, иродали ғалабага эришганимиз, жамоамизни характерини кўрсатади.
Футболчи сифатида айтишим керак – бундай майдонда футбол ўйнаб бўлмайди! Қайси ташкилот рухсат берган бўлса ҳам, улар футболчиларни соғлиғини ҳам бироз бўлса ҳам ўйлаши керак. Тўғри, муҳим баҳс, ортда ватан турибди, лекин ҳеч бўлмаса ўйинчилар соғлиғини ўйлаб, сунъий эмас, табиий майдонда ўтказилганида ҳамма маза қилиб футбол ўйнарди. Аммо бугун футбол бўлмади!», - дейди шу куни дублга эришиб, миллий жамоамиз ғалабасини таъминлаган Отабек Шукуров.
Аввалроқ, ЎФА Туркманистондаги ўйинни бошқа майдонга кўчиришни сўрагани, аммо ОФК бунга рухсат бермагани ҳақида хабарлар тарқалганди.