Англия Премьер-лигаси расмий сайти «Эвертон» клуби молиявий фэйр-плей қоидаларини бузгани учун турнир жадвалида 10 очкодан маҳрум этилганини эълон қилди
АПЛ бу борадаги қарор ҳозирдан кучга киришини маълум қилган. Шу тариқа, 14 очко билан 14-ўринни эгаллаб турган ливерпулликлар 4 очко билан 19-ўринга тушиб кетди.
«Мустақил комиссия қарорига кўра, «Эвертон» клуби Премьер-лига молиявий ва ривожланиш барқарорлиги қоидаларини бузгани учун зудлик билан 10 очкодан маҳрум этилди.
Йил бошида Премер-лига клуб устидан шикоят киритиб, масалани мустақил комиссияга топширганди. Клуб тергов жараёнида 2021/2022 йилги мавсумда молиявий фэйр-плей қоидаларини бузганлигини тан олди, бироқ қоидабузарлик даражаси баҳсли ҳолатда қолганди.
Октябр ойидаги беш кунлик тинглов жараёнидан кейин, комиссия «Эвертон» клуби тегишли даврда рухсат этилган 105 миллион ўрнига 124,5 миллион фунт стерлинг сарфлаганлигини аниқлади. Шу тариқа, комиссия клубга нисбатан 10 очкодан маҳрум этиш санкциясини қўллаш қарорига келди», - дейилади АПЛ расмий сайтида.