«Манчестер Сити» яримҳимоячиси Матеуш Нунеш жароҳати сабаб Португалия миллий жамоасини тарк этди. Бу ҳақда журналист Фабрицио Романо хабар берди.
Манбага кўра, 25 ёшли футболчи 14 ноябр куни миллий жамоа билан машғулот вақтида мушакларида оғриқ сезган. Тиббий кўрик унинг Лихтенштейн (16 ноябр) ва Исландия (19 ноябр) билан бўладиган Евро-2024 саралаш ўйинларида иштирок эта олмаслигини кўрсатди.
Маълумот учун, Нунеш «Манчестер Сити»нинг жароҳат олган 7-футболчисига айланди. Ҳозирда «шаҳарликлар» лазаретида Эдерсон, Жон Стоунз, Натан Аке, Серхио Гомес, Матео Ковачич ва Кевин Де Брюйне ҳам бор.
Португалия 8 турдан кейин 24 очко билан ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Жамоа ёзда Германияда бўлиб ўтадиган қитъа чемпионатига муддатидан аввал йўлланма олган.