14.11.2023 23:08
1369
Теглар
Рустам Ашурматов: «Ҳозир Эроннинг ҳужум чизиғидан қўрқадиган ҳолатда эмасмиз»

«Рубин» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси Рустам Ашурматов Туркманистон ва Эронга қарши ўйинлар олдидан фикрларини билдирди.

- Миллий жамоамиз кеча йиғинга киришган, мен эса бугун таркибга қўшилдим. Жамоада тайёргарлик яхши деб ўйлайман. Расмий ўйинларда натижа муҳим бўлади, шу боис яхши ҳозирлик кўриш керак.

- Туркманистондаги ўйинда сунъий қопламали майдон қанчалик қийинчилик туғдиради?

- Ростини айтсам, охирги марта ёшлигимда академиянинг сунъий қопламали майдонида ўйнагандим. Бунинг ўзига яраша қийинчилиги бор. Майдон қаттиқ бўлади, тўпни сакраши ҳам бошқача бўлади. Мослашиш учун вақт керак бўлади. Эртага расмий машғулотни сунъий қопламада ўтказамиз, бу ҳам тайёргарлигимизга ёрдам беради. ИншаАллоҳ, сунъий қоплама бизга халақит бермайди.

- Эрон анча кучли рақиб. Айтингчи, Меҳди Торемий, Сардор Озмун сингари ҳужумчиларга қарши қандай ўйнаш кераклигини таҳлил қилиб, ўрганяпсизларми?

- Тўғрисини айтсам, ҳозир Эроннинг ҳужум чизиғидан қўрқадиган ҳолатда эмасмиз. Ҳимоямизга эътибор берсак, Ҳусниддин Алиқулов Туркияда, мен Россияда, Абдуқодир Ҳусанов Францияда ўйнаяпти. Шундай экан, тажрибали ҳужумчилар билан кўп дуч келганмиз. Бу бизга муаммо эмас, - дейди Рустам Ашурматов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи доирасида 16 ноябр куни Туркманистонга қарши Ашхободда майдонга тушса, 21 ноябрда Тошкентда Эронни қабул қилади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар