Индонезияда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 2-тури доирасида В гуруҳидаги биринчи баҳс якунига етди.
Турнирни ғалаба билан бошлаган Испания ва Мали ўсмирлар жамоалари ўзаро майдонга тушди. Учрашувнинг 40-дақиқасида малиликлар етакчисиз қолишди. Ўтган турда Ўзбекистон дарвозасига 3та гол йўллаган Мамаду Думбия қизил карточка билан майдонни эрта тарк этди.
62-дақиқада эса Хуан Эрнандес Торреснинг голи испанларга муҳим ғалабани келтирди – 1:0.
Шу тариқа, Испания кетма-кет 2 ўйиндаги ғалаба эвазига гуруҳдан чиқиш вазифасини деярли бажарди. Испанлар 3-тур учрашувини Ўзбекистонга қарши ўтказади. Гуруҳдан дастлабки икки ўрин эгаси ҳамда энг яхши натижага эга тўртта 3-ўрин соҳиби кейинги босқичга йўлланма олади.
ЖЧ-2023 U17. 2-тур
Испания – Мали – 1:0
Гол: Хуан Торрес, 62.
Четлатиш – Мамаду Думбия, 40 (Мали).