12.11.2023 01:46
6309
Теглар
Миржалол Қосимов: «Финалда ғолиб бўлсак, мукофот пулининг бир қисмини эҳсон қиламиз»

ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов «Насаф»га қарши Ўзбекистон кубоги финали олдидан ўз фикрларини билдирди. 

«Финал баҳси бир ўйиндан иборат бўлгани учун бундан фақат мухлислар ютади. Башорат қилишни ёқтирмайман, лекин ҳар доим бўлгани каби ғалабани мақсад қилиб майдонга чиқамиз. Негаки, ғолиб нафақат кубокни қўлга киритади, балки халқаро майдонга тўғридан тўғри йўлланмани ҳам нақд қилади.

Футбол шашка ёки шахмат эмас, жароҳатлар доим ёнма-ён юради. Ўзига хос йўқотишларимиз бор, лекин майдонда билдирмасликка ҳаракат қиламиз. Чемпионлар Лигасидаги мағлубият («Сипоҳон», 0:9) учун мухлислардан узр сўрайман. Бу ҳам бир синов. Ички муҳитда муаммолар йўқ.

Ҳар икки жамоа бир-бирини яхши билади. Беллашув аввалида очиқ футбол кўрмасак керак. Чунки битта хато қимматга тушиши мумкин.

Финал учун ваъда қилинган мукофот пули? Шундай жавоб беришим мумкин. Агар мақсадимизга эришсак, мукофотнинг бир қисмини эҳсон қилишга келишиб олганмиз».

Олмалиқликлар ҳужумчиси Мартин Боаке майдонда жанг бўлишини таъкидлади: «Бизни муҳим учрашув кутиб турибди. Бу мен учун Ўзбекистон кубоги доирасидаги дастлабки финал. Бундай ўйинларда қатнашиш — ҳар бир футболчининг орзуси. Эртага майдонда ҳақиқий жанг бўлади. Ким гол уриши муҳим эмас. Асосийси, жамоа яхши ҳаракатланса ва ғалаба қозонсак бўлгани». 

Жамоа вингери Хуршид Ғиёсов ҳам финал ҳақида гапирди: «Финалга тайёргарлик жараёни яхши тарзда ўтди. Чемпионлар Лигасидаги мағлубият тарихда қолди. Олдимизда кубокнинг ҳал қилувчи баҳси кутяпти. Бундай ўйинларда иштиёқ жуда кучли бўлади. Фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз». 

«Насаф» — ОКМК баҳси 12 ноябр куни Қарши шаҳридаги «Марказий» стадионда бўлиб ўтади ва беллашув Тошкент вақти билан 17:00да старт олади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар