«Милан» бош мураббийи Стефано Пиоли ЕЧЛ 4-туридан ўрин олган «ПСЖ»га (2:1) қарши ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Ўтган баҳс («Удинезе», 0:1) бизнинг энг ёмон ўйинларимиздан бири бўлди. Бугун эса ақл бовар қилмайдиган натижага эришиш учун юракдан ўйнашимиз керак эди. Йигитларнинг ўйинини, ҳақиқий жамоа бўлганини қадрлаш керак.
Бу плей-оффга чиқиш учун курашда жуда муҳим баҳс бўлди, энди бизда «Боруссия»га қарши яна бир имконият бўлади.
Ишонаманки, жамоанинг ўзи мен айтганимдан ҳам кўпроғини қилишга қодир. Ва бугун кўп нарсаларни йигитларнинг ўзлари амалга оширишди. Қандай жамоа эканлигимизни, қайси йўлдан бораётганимизни эслатишга ҳаракат қилдим.
Албатта, «Милан» доим шундай ўйнашини истардим. Олдинга муҳим қадам ташладик ва энди навбатдаги ўйин, агар ҳал қилувчиси бўлмаса, ўта муҳим бўлади», — дея Пиолининг сўзларини келтиради Tuttomercatoweb.
«Милан» гуруҳда 5 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди. «Боруссия»да 7, «ПСЖ»да 6 ва «Нюкасл»да 4 очко бор.