04.11.2023 14:19
1632
Германияда Дер-Класикер, Лондонда дерби, «Арсенал» ва «Барса»да қийин сафар ўйини. Ҳафта ўйинлари анонси

Навбатдаги турларда ҳам Европада бир қатор қизиқарли тўқнашувлар кутиб турибди. Тухелнинг Дортмундга, Почеттинонинг «Тоттенҳэм» стадионига меҳмон жамоа мураббий сифатида ташрифи ҳам алоҳида эътиборга арзиши турган гап. «Сент-Жеймс Парк»да эса доим ўзига хос тарихий воқеа ва сценарийларни тақдим этадиган ажойиб қарама-қаршилик бизни кутиб турибди.

АТАЛАНТА — ИНТЕР (4 ноябр, 22:00)

Бир қатор қизиқарли статистик фактлар ушбу учрашувга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилади, зеро ушбу мавсумда одатий тус олган баъзи серияларга айнан мана шу ўйин барҳам бериши мумкин. Масалан, бергамоликлар чемпионатда ҳали уй учрашувларида бирорта ҳам гол ўтказиб юборгани йўқ, «Интер» эса сафарда юз фоизлик натижа қайд этмоқда ва 10 гол уриб, бирор марта ҳам ўтказиб юбормаган. Умуман бутун кучли бешликда «Интер» фақат «Ницца»дан камроқ гол ўтказган холос – 5 марта.

«Аталанта» майдонида ўтган ўзаро учрашувларда эса, охирги тўрт учрашувдан бери мезбонлар ғалаба қозона олмаяпти. Умумий статистикада ҳам «Интер» олдинда: охирги 25 учрашувда 10 марта миланликлар, беш марта «Аталанта» устун келган. Ўтган мавсумда эса, ҳар икки ўйин бир хил 3:2 ҳисобида «Интер»нинг ғалабаси билан якунланганди.

Мезбонлар учун ушбу учрашувнинг аҳамияти шундаки, Гасперини шогирдлари охирги турлардаги муваффақиятли натижалардан сўнг очколар сонини 19 тага етказиб, 4-ўринга кўтарилиб олишди. Бу ўйиндаги ғалаба жамоани пешқадамлар учлигига анча яқинлаштириб қўяди. Аксинча, мағлубият учлик билан ўртадаги уч очколик фарқни янада ошириб, орқада келаётган таъқибчиларга қўшилиб кетишга сабаб бўлиши мумкин. А Сериядаги уч уй учрашуви кетма кет «Интер», «Наполи» ва «Милан» билан экани қайсидир маънода яхши имконият, бошқа томондан бироз омадсизлик ҳам. Жамоа бу вазиятдан қандай фойдалана олишига кўп нарса боғлиқ.

Жароҳатларга келсак, «Аталанта» сафида деярли йўқотиш йўқ, фақат ҳимоя марказида Скалвинининг йўқлиги сезилиши мумкин. 19 ёшли ҳимоячи ўтган мавсумдан буён жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланганди. «Эмполи»га қарши ўтган турдаги жароҳат шу ойнинг охиригача тикланмаса керак. «Интер» эса Арнаутович ва Куардадонинг ёрдамидан фойдалана олмайди. Бу футболчилар шундоғам ёзда таркибга янги қўшилганини инобатга олсак, йўқотишлар йўқ деса ҳам бўлади.

НЬЮКАСЛ — АРСЕНАЛ (4 ноябр, 22:30)

Тарихан олганда ҳам, «Ньюкасл» ва «Арсенал» тўқнашуви АПЛ классикаларидан бири. «Ньюкасл»нинг ўша машҳур, 0:4 ни 4:4 га айлантирган камбэкини айтамизми, Уолкотт бенефисига айланган 7:3 ними, доим чемпионатнинг безаги бўлиб берган. Ҳатто турнир тарихидаги энг чиройли голлардан бири бўлмиш Бергкампнинг шедеври ҳам айнан «Ньюкасл» дарвозасига киритилганди. Яқинда, аниқроғи, икки йил олдин, «Арсенал» ажойиб мавсум ўтказиб, узоқ танаффусдан сўнг, ЕЧЛга қайтишга жуда яқин турганида ҳам, айнан «Ньюкасл» Артета шогирдларини чалиб қолган, 2:0 ҳисоби «Тоттенҳэм»га имконият эшикларини очиб берганди.

Ушбу мавсум нуқтайи назаридан олганда ҳам, ўйин ўта принципиал – «Арсенал» «Тоттенҳэм»ни қувишда давом этмоқда ва табиийки, очко йўқотишга ҳаққи йўқ. «Ньюкасл» эса Вулверҳэмптонда очко йўқотгач, кучли бешлик билан масофа 5 очкога етиб қолди. Агар фарқ янаям катталашиб кетса, кейинчалик етиб олиш жуда қийин бўлиши шубҳасиз. Мана шу бир ойнинг ичида жамоа «Арсенал»дан ташқари «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» билан ҳам ўйнайди. Мана шу ўйинлар табиийки, Эдди Ҳау жамоасининг жорий мавсумдаги истиқболини белгилаб беради.

Айнан ушбу мавсум кўп жиҳатдан ҳал қилувчи бўлишига ҳам сабаб бор. «Ньюкасл» ўтган мавсумни 4-ўринда тугатган бўлса-да, бу сафар қийинроқ бўлиши тахмин қилинганди. Чунки ўтган йилдан фарқли равишда энди еврокубоклар ҳам бор, бир неча фронтда курашиш ҳар бир ўйинда юқори жисмоний тайёргарликни сақлашда қийинчилик туғдиради. Бу фактор эса, «Ньюкасл» учун айниқса, жуда муҳим. Афсуски, айнан марказда ротация имконини берувчи асосий трансфер бўлмиш Сандро Тонали ўн ойлик дисквалификацияга учради. Келаси ҳафтада эса жамоани Дортмундга муҳим сафар кутиб турибди. Бу шартларда ҳар ўйинда максимал натижани кўрсатиш осон эмас.

Бошқа тарафдан, ҳафта ўртасида бўлиб ўтган Лига кубоги Эдди Ҳау захирасида ҳам фойда келтириши мумкин бўлган футболчилар борлигини кўрсатиб берди. Ҳа, ҳозир «Манчестер Юнайтед» яхши ҳолатда эмас, аммо шундаям «Олд Траффорд»да йирик ғалаба – катта натижа. «Ньюкасл» бунга деярли иккинчи таркиб билан эришгани эътирофга лойиқ. Масалан, «Арсенал» ҳам ушбу турнирда «Вест Ҳэм» билан ўйнади ва 1:3 ютқазиб, мусобақани тарк этди.

Юқорида айтилганидек, кўп фронтда ўйнашнинг оқибати ўлароқ, ҳар икки томонда ҳам жароҳатлар етарли. Марказий ҳимоячи Ботман, шунингдек, Жакоб Мёрфи, Харви Барнс, Андерсон, Исаак каби футболчилар «Ньюкасл» таркибида майдонга туша олишмайди. Мезбонлар эса, Тимбер, Парти, Смит-Роудан ташқари, Габриел Жезуснинг ёрдамидан ҳам фойдалана олмаслиги муаммо туғдириши мумкин. Ўтган турда Нкетиа Жезуснинг ўрнига тушиб, хет-трик қайд этганини эътиборга олсак, балки бу йўқотиш унча сезилмаслиги мумкин.

БОРУССИЯ Д – БАВАРИЯ (4 ноябр, 22:30

Дер-Класикер бу сафар ажойиб старт олган «Байер» фонида ўтаётгани интригани янаям кучайтиради. Чунки энди турнир жадвалида олдинда бораётган жамоа дурангни ушлаб, пешқадамликни сақлаб қолишга уринмайди. «Боруссия» ҳам, «Бавария» ҳам таъқибчи ролида бўлгани учун фақат ғалаба учун майдонга тушишга мажбур. Бундан эса, фақат мухлислар ютади, албатта.

Бунинг устига, Бундеслигада ҳали мағлубият нималигини билмай, Чемпионлар Лигасида юз фоизлик натижа қайд этаётган «Бавария» куни кеча Германия кубоги навбатдаги босқичида учинчи лига жамоасига ютқазиб қўйди. «Тоттенҳэм»дан айнан совринлар ютиш учун келган Ҳарри Кейн икки ой ичида ҳам суперкубокни бой бергани, энди, кубокдан чиқиб кетгани бироз кулгили. ЕЧЛ да вазифани деярли уддалаган мюнхенликлар энди бор имкониятни ички чемпионатга қаратиши турган гап. Дарвоқе, «Боруссия» ҳам Бундеслига баҳсларида ҳали мағлубиятга учрамаганини таъкидлаш керак.

«Ҳоффенҳайм»га қарши кубок баҳсида Мариус Вольф жароҳат олди ва ҳимоячи катта эҳтимол билан ушбу баҳсни ўтказиб юборади. Меҳмонлар сафида йўқотишлар кўпроқ. Ўтган турда Киммих майдондан четлатилган ва унинг дисквалификацияси давом этмоқда. Маттейс Де Лигт эса юқорида эсланган мағлубиятли учрашувда жароҳат олди ва камида йил охиригача сафдан чиқди.

Яна бир факт, 10 учрашувдан бери «Бавария» дортмундликларга ютқазмай келмоқда. Табиийки, қўшимча интригалар ҳам бор – бир пайтлар «Боруссия»ни муваффақиятли бошқарган Томас Тухелнинг Дортмундга ташрифи алоҳида воқеа. Мураббий баҳорда «Бавария»ни қабул қилиб олганда ҳам илк учрашувини «Боруссия»га қарши ўтказганди. Фақат ўша ўйин Мюнхенда бўлиб ўтган ва мезбонларнинг 4:2 ҳисобидаги ғалабаси билан ниҳояланган.

РЕАЛ СОСЬЕДАД – БАРСЕЛОНА (5 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Ўтган Эл-Класико қаҳрамони сифатида Беллинҳэмга бўлган муносабатлар барчасини сояда қолдирган бўлса-да, тан олиш керак, ўша ўйинда «Барселона» камида дурангга ҳақли ўйин кўрсатганди. Жамоа ўйиннинг аксарият қисмида устунлик қилган, рақибга қараганда анча кўп вазиятлар яратган эди. Умуман «Барселона» пешқадамлардан 4 очко ортда қолган ҳолда 4-ўринга тушиб кетган бўлса-да, бирор инқироз ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. «Барселона» мавсумдаги илк мағлубиятига ўтган ҳафтагина учради, шундаям бир қатор кўрсаткичлар, ҳужумкорлик ва яратилган вазиятлар борасида ҳали ҳам жамоа Ла Лигада етакчи бўлиб турибди. Левандовски, Рафинья, Де Йонг каби тажрибалироқ футболчиларнинг қайтиши эса, табиийки, вазиятларни натижага айлантиришда муҳим аҳамият касб этади ва кутилаётган ўйинларда «Барселона»нинг натижалари ижобий томонга ўзгаришига ишонч катта. «Сосьедад» эса тўртликни таъқиб қилаётган кейинги эшелон ичида энг юқорида турган жамоадир. Алгуасил шогирдлари бироз сояда қолаётган бўлиши мумкин, аммо натижалар жамоани осонликча ютиб бўлмаслигини кўрсатади. Басклар ушбу мавсумда атиги икки маротаба мағлубиятга учради, иккиси ҳам Мадридда, «Реал» ва «Атлетико»га қарши ўйинларда рўй берди.

Жамоа ўз майдонидаги ўйинларда ютқазмаётганини шундан тушуниш мумкин. Шунингдек, Чемпионлар Лигаси ўйинларида жамоа гуруҳда пешқадамлик қилаётгани, асосан топ-клубларга қарши ўзини яхши намойиш қила оладиган Кубо ўтган ойда Ла Лиганинг энг яхшиси бўлганини ҳам эътиборга олсак, «Барселона»га осон бўлмайди. Каталонияликлар ушбу мавсумда 5 сафар ўйинида атиги икки марта уч очкони қўлга киритганини ҳам таъкидлаш лозим.

Сосьедаддаги учрашувларни алоҳида олсак, «Барселона» бу ерда 2016 йилдан бери ютқазмай келяпти. Аммо сўнгги ўзаро ўйинда «Камп Ноу»да басклар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам унутмаймиз.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, юқорида айтилганидек, «Барселона»нинг аксарият футболчилари сафга қайтди. Френки Де Йонг ҳам қарийб бир ярим ой давом этган танаффусдан сўнг, машғулотларга қайтди. Аммо бу ўйинга қай даражада тайёр бўлиши маълум эмас. Хави асосий таркибда сўнгги учрашувларда майдонга тушаётган футболчиларга ишонишда давом этиб турса керак. Мезбонлардан эса, Киран Тирни ва Андре Силва каби футболчилар лазаретда, аммо бу номлар асосий таркиб ўйинчилари эмаслиги туфайли, йўқотишлар деярли йўқ, деб айтишимиз мумкин.

ТОТТЕНҲЭМ – ЧЕЛСИ (7 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Бугунги кунда жамоаларни турнир жадвалида 10 поғона ва 14 очко ажратиб турибди. Атиги 10 тур ўтганини эътиборга олсак, жуда катта фарқ, гўёки фаворитни аниқ кўрсатиб берадиган даражада, аммо аслида ундай бўлмаслиги мумкин. Чунки бир қатор кўрсаткичлар, ўйин даражаси турли рақамлар билан таҳлил қилинганда, «Тоттенҳэм»га бироз омад кулиб боқаётгани, «Челси» эса, лиганинг энг омадсиз жамоаларидан бири эканини кўрсатиб турибди. Шунда ҳам, албатта, «Тоттенҳэм»нинг устунлиги шубҳасиз, аммо юқорида қайд этилган рақамлар аслидан бироз каттароқ фарқни кўрсатаётганини таъкидлаш учун айтилди.

Бундан ташқари, айнан катта ўйинларда «Челси» ёмон кўринмаяпти. «Ливерпуль» билан ҳам, «Арсенал» билан ҳам Почеттино шогирдлари анча муносиб ўйин кўрсатишди, ғалабага кўпроқ ҳақли бўлдилар ҳам. Шундан келиб чиқиб, бу ўйин ҳар қандай сценарийда давом этиши мумкинлиги, ҳаммаси олдиндан маълум эмаслигини эътироф этиш керак.

Ўзаро ўйинлар борасида ҳам меҳмонларнинг яққол устунлиги бор, охирги ўн йилликда «Челси» уч баробар кўпроқ ўйинларни ўз фойдасига ҳал қилган. «Тоттенҳэм» майдонида бўлиб ўтган охирги уч ўйиннинг иккитаси ҳам «Челси”нинг ғалабаси билан якунланган.

Юқоридаги жумлалар асосан «Челси»нинг фойдасига бўлса-да, шунчаки, томонларни тенглаштириш учун эди, аслида, «Тоттенҳэм» бу мавсум аввалгиларга ўхшамайдиган даражада кучли эканини таъкидлаш лозим. Айниқса, ўртамиёналарга қарши ўйинларда жамоа анча ташаббускор, ҳужумкор футбол намойиш этмоқда. Ҳамма масала ҳам шунда, «Челси» бу сафар фаворитга қарши ўртамиёна клуб сифатида майдонга тушадими ёки тарихий устунликдан келиб чиқиб, биринчи рақамда ўйнашни танлайдими? Албатта, агар биринчи танлов бўлса, «Челси»нинг имкониятлари пасайиб кетиши шубҳасиз.

Таркиблар борасида «Тоттенҳэм»да фақат Удожининг ҳолати шубҳа остида. Тўғри, Перишич, Соломон, Сессеньон каби футболчилар ҳам жамоага ёрдам бера олмайди, лекин айнан асосий таркиб ўйинчиси ва жамоага таъсири юзасидан италиялик ҳимоячининг ўрни билинса керак. «Челси»да эса, ҳар ҳафта эсланадиган узоқ муддатга сафдан чиққан номлардан ташқари, Михаил Мудрик ҳам қисқа муддат майдонга туша олмайди. Шунингдек, Чилвел, Бройя, Чалоба каби футболчилар ҳам йўқ, аммо Рис Жеймс сафга қайтди, иқтидорли футболчининг кейинги фаолиятида жароҳатлар камроқ бўлишини тилаймиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

4 ноябр. Фулҳэм – МЮ (17:30), Салернитана – НАПОЛИ (19:00), Хоффенхайм – БАЙЕР (19:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ – Борнмут (20:00), Милан – Удинезе (5 ноябрга ўтар кечаси, 00:45),

5 ноябр. Лутон – ЛИВЕРПУЛ (21:30), Фиорентина – ЮВЕНТУС (6 ноябрга ўтар кечаси, 00:45), РЕАЛ – Райо Вальекано (6 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар