Қатар пойтахти Доҳада Осиё футбол конфедерациясининг «AFC Annual Awards-2022» йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон футбол ассоциацияси «Йилнинг энг яхши футбол федерацияси» номинациясида ғолибликни қўлга киритди. Совринни ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов қабул қилиб олди.
Шунингдек, яна бир қатор номинацияларда лауреатлар номи эълон қилинди. Унга кўра, «2022 йилнинг энг яхши футболчиси» дея Саудия Арабистони миллий жамоаси ҳамда «Ал-Ҳилол» клуби яримҳимоячиси Салим Ад-Довсари эълон қилинди. У Саудия таркибида ЖЧ-2022да муваффақиятли тўп сурди, «Ал-Ҳилол» билан эса ОЧЛ финалигача етиб борди.
«Бавария» клуби ҳамда Жанубий Корея миллий жамоаси ҳимоячиси Ким Мин Чже эса ўтган мавсумда хориждаги энг яхши осиёлик футболчи деб топилди. У «Наполи» билан Италия чемпионига айланди.
Австралиялик Крис Бит – энг яхши ҳакам деб топилган бўлса, япониялик Курю Матсуки йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси деб эълон қилинди.
Япония миллий жамоаси бош мураббийи Хажиме Мориясу йилнинг энг яхши мураббийи деб топилди.
Эронлик Муслим Оладгобад йил футзалчиси деб эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 ва 2021 йил коронавирус пандемияси сабабли ОФК йил лауреатларини аниқламаган эди.