28.10.2023 12:16
4206
Ла Лигада Эл-класико, АПЛда Манчестер дербиси, А Серияда азалий рақиблар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Бу сафарги дам олиш кунлари нафақат футбол мухлислари, балким ҳар қандай инсонни ҳам телевизор қаршисига олиб келишга қодир бўлган учрашув бизни кутиб турибди. Эл-класико ҳафтаси деб ишлатишимиз мумкин бўлган бу кунларда табиийки, бошқа катта учрашувлар ҳам бор. Англияда асримизнинг дастлабки ва кейинги декадасидаги энг совриндор клублар Манчестернинг ранги қанақа эканига яна жавоб қидиришса, Италияда сўнгги икки мавсум чемпионлари ўзаро тўқнаш келади.

БАРСЕЛОНА – РЕАЛ МАДРИД (28 октябр, 19:15)

Албатта, бу учрашувни алоҳида анонс қилиш шарт эмасдек, зеро футбол мухлислари Испания чемпионати тақвими чиққан пайтдаёқ Эл-класико ўйини қачон бўлишини ахтаришга тушишади, бу ўйинга қараб кунни, ҳафтани режалаштиришади, ҳатто футболни фақат жаҳон чемпионатларида томоша қиладиганлар ҳам «Реал» ва «Барселона» тўқнашувига бефарқ бўлмайдилар. Тўғри, аввал Роналду, кейин Месси Ла Лигани тарк этгач, гўёки, ушбу ўйинлар мақоми пасайгандек, футбол маркази Англияга кўчгандек туюлди, аммо биз биламизки, бу учрашувнинг тарихий аҳамият ҳар қандай футбол юлдузидан устун туради ва вақт ўтгач, ўзининг бутунлай янгича чизгилари, бошқа қаҳрамонлари билан бўй кўрсатаверади.

Масалан, Жуд Беллинҳем Мадридда кутилганидан ҳам анча юқори даражада дебют қилди. Унинг кўрсаткичларини асосан рақибларнинг савияси билан боғлаётганлар Беллинҳемни энди Эл-класико фонида баҳолаш имконига эга бўладилар. Ямал, Фермин Лопес каби «Барселона»нинг янги юлдузлари учун ҳам бу илк ҳақиқий класико бўлади.

Умуман олганда, Эл-класиконинг айнан шу кунларда бўлаётгани қайсидир маънода «Реал» фойдасига ишлашини тахмин қилиш мумкин. Чунки каталонияликларда жароҳатлар жуда кўп ва аксарият номлар асосий таркиб футболчиларидир. Кунде, Де Йонг, Рафинья, Левандовски, Педри, Сержио Роберто шулар жумласидан, бунинг устига, «Шахтёр»га қарши ЕЧЛ ўйинида Фелиш ҳам жароҳат туфайли майдонни тарк этгач, «Барселона» мухлисларининг хавотири янаям ошган бўлса керак. Аммо унинг жароҳати енгил бўлиб чиқди. Шунингдек, баъзи хабарларга кўра, Левандовски ва Рафинья ҳам Эл-Класикода қатнашиш учун бор имкониятни ишга солишмоқда экан. Полшалик ҳужумчи ҳатто илк дақиқалардан таркибдан жой олиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Нима бўлгандаям, Хави ички имкониятлардан самарали фойдаланяпти, академия вакиллари керакли пайтда жамоа жонига оро киришмоқда. «Барселона» барча мусобақаларда ҳали бирор марта мағлубиятга учрамаган ягона испан жамоаси бўлиб турибди.

Шунингдек, «Барселона» яна икки кўрсаткич бўйича Испанияда тенгсиз – жамоа энг кўп (30) хавфли вазият яратган, ҳамда қуруқ ўйинлар сони (5) бўйича ҳам энг яхши кўрсаткич қайд этган. «Реал» эса сафар ўйинлари борасида Ла Лигада энг яхши бўлиб турибди.

Сўнгги йилларда бу жамоалар жуда кўп тўқнаш келишмоқда, масалан, ўтган мавсумнинг ўзида 5 маротаба турли мусобақаларда рақиблар орани очиқ қилишди. Чемпионатнинг ҳар икки ўйинида мезбонлар устун келган бўлса, Суперкубок учун ўйинда каталонияликлар ғалаба қозонишди. Испания кубоги яримфиналида эса икки ўйин натижасига кўра «Реал»нинг қўли баланд келганди. Шунингдек, ёзда ҳам жамолар ўртоқлик учрашувида куч синашишди ва учрашув 3:0 ҳисобида Хави шогирдларининг ғалабаси билан якунига етганди.

Яна бир қизиқ факт, «Реал» барча мусобақаларда сўнгги 16, «Барселона» эса 13 ўйиндан бери майдонни голсиз тарк этмаяпти. Бу катта эҳтимол билан биз ушбу учрашувда ҳам голлар кўришимиз мумкинлигига ишора бермоқда.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ (29 октябр, 20:30)

Охирги беш йилда «Манчестер Сити» 4 марта, «МЮ»нинг охирги чемпионлигидан кейин 6 марта мамлакат чемпиони бўлди, Фергюсон кетганидан сўнг, ҳали бирор марта «Юнайтед» қўшнисидан юқори ўринни ололмади. Лекин мана шундай яққол устунлик йилларида ҳам ўйинларда мутлақо тенглик кузатилаётгани алоҳида эътиборга молик ва бу навбатдаги дербидан ҳам ҳар нарса кутиш мумкинлигига яққол далилдир. Айнан АПЛ доирасидаги учрашувларни олсак ҳам, охирги 17 учрашувда ҳар икки томон 7 тадан ғалаба қозониб, 3 учрашув дуранг бўлгани ва қизиғи, кўпинча жамоалар сафарда ҳам ютишнинг уддасидан чиққани Манчестер дербисига бўлган қизиқишни оширади. Ўзи аввалроқ ҳам, яъни «Юнайтед» шаҳарда яққол устун бўлган йилларида ҳам дерби натижалари мантиқдан ташқарида, доим тенг ва қизғин курашлар остида кечган, кўп марта «шаҳарликлар» ҳам ғалаба қозонган.

«МЮ» охирги уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилган бўлса ҳам, муаммолар ҳеч қаерга кетгани йўқ. Бу ғалабаларнинг ҳар бири катта қийинчилик билан, сўнгги дақиқалардаги қаҳрамонликлар эвазига киритилди, бунинг устига, рақиблар ҳам у қадар юқори савияли эмасди. Шундай бўлса-да, айнан эмоционал ғалабалар балким бугунги «МЮ»га кўпроқ фойда келтириши мумкин, зеро ўйин борасида табиийки, Пеп Гвардиола шогирдларидан анча узоқдалар.

«Манчестер Сити» эса айниқса, охирги ўйинларда муаммодан ҳоли эмаслигини, уларни ҳам ютиш мумкинлигини кўрсатиб берди. Премьер-лигада қаторасига икки ўйинда мағлубиятга учралди – «Олд Траффорд» эса навбатдаги сафар ўйини. Олдинроқ «Ньюкасл» майдонида ҳам «Сити» 0:1 ҳисобида ютқазган ва Лига кубоги баҳсларидан чиқиб кетганди. Айниқса, «Вулверҳэмптон» билан ўйин шуни кўрсатдики, агар бор имконият ишга солинса ва баъзи шароитлар мос келса, «Сити»ни бироз пастроқ савияли ижрочилар билан ҳам ютиш мумкин экан. Аммо тан олиш ҳам керак, Пеп Гвардиола ўз шогирдларини дербига бошқачароқ тайёрлайди ва ҳаммаси жиддийроқ бўлиши табиий.

Таркибларга келсак, «МЮ» таркибида асосий ҳимоячилар – Шоу ва Мартинес жароҳатдан тикланишмаган ва камида бир ой улар машғулотга қайта олишмайди. Аарон ван Биссака жамоа билан шуғулланишни бошлаган бўлса-да, ҳали тўлиқ тайёр эмас. Шунингдек, Каземиро ҳам дербида асосий таркибда тушиши сўроқ остида – у Бразилия миллий жамоаси сафида кичик жароҳат олиб келганди ва шундан сўнг ҳали бир дақиқа ҳам ўйнагани йўқ. Меҳмонлар сафида эса Мануэл Аканжи «Брайтон» билан ўйин охирларида қизил карточка олганди. Дисквалификация туфайли у ҳам шерикларига ёрдам бера олмайди.

Мезбонларга қўл келиши мумкин бўлган яна бир қўшимча устунлик шундаки, «МЮ» Чемпионлар Лигаси ўйинини рақибидан бир кун олдин ва ўз майдонида ўтказди. «Манчестер Сити» чоршанба оқшомида Швейцарияда ўйнаб қайтди.

ИНТЕР – РОМА (29 октябр, 22:00)

«Рома» 28 сентябр куни «Женоа»дан 1:4 ҳисобида мағлубиятга учрагач, Жозе Моуриньо истеъфо ёқасига келиб қолгани айтилганди ва бу ҳақида жиддий мулоҳазалар кўпайиб кетганди. Шундан сўнг римликлар қаторасига 5 ўйинда ғалаба қозонишди. А Серияда 7-ўринга кўтарилишди, Европа Лигасида гуруҳ масаласи деярли ҳал бўлди. Аммо бу билан Моуриньонинг ўрни мустаҳкамландими? Ҳали йўқ, чунки «Фрозиноне», «Серветт», «Кальяри», «Монца», «Славия» каби жамоаларни, бунинг устига, беш ўйиндан тўрттасини Римда ўтказиб ғалаба қозониш ҳеч нарсани исботламайди. Айнан «Интер» билан учрашув «Рома» учун ҳақиқий синов бўлади. Бу ўйиндаги мағлубият яна ўша истеъфо мавзусини қолган жойидан давом эттириши, ғалаба эса мутлақо янги даврнинг бошланиши ўлароқ ёрдам бериши мумкин.

«Интер» турнир жадвалини бошқариб турибди, аммо тақвим уларга ҳам осон келгани, ҳақиқий синовлар кейинги бир ойда бўлишини ҳам инобатга олиш лозим. «Рома» билан ўйиндан сўнг, жамоа келаси ҳафта «Аталанта» билан сафарда ўйнайди. Ноябр ойи охирида эса бир ҳафта ичида «Ювентус», «Бенфика» ва «Наполи» каби жамоалар билан меҳмонда ўйнайди. Мана шундай оғир даврдан камроқ йўқотишлар билан чиқиш учун албатта, «Рома» билан ўйин имкон қадар муваффақиятли кечиши шарт.

Мезбонлар сафида Марко Арнаутович ва Хуан Куардадо майдонга туша олишмайди. Меҳмонлар сафида йўқотишлар кўпроқ – Ренато Санчес, Пауло Дибала, Пеллегрини, Спинаццола, Озмун, Абраҳам ва Кумбула. Дибала машғулотларни бошлагани айтилаётган бўлса-да, асосий таркибда майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Шунингдек, Жозе Моуриньо «Монца» билан ўйинда ҳакам томонидан қизил карточкага лойиқ кўрилганди. Жамоанг деярли бутун учрашувда бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилса-ю, фақат энг охирги дақиқаларда гол урса, ўйиннинг энг яхши ўйинчиси сенинг дарвозабонинг бўлиб чиқса, табиийки, ҳар қандай мураббий ўз туйғуларини жиловлаши қийин кечади.

Ўзаро ўйинларда сўнгги йилларда яққол тенгликни кўришимиз мумкин. Охирги 32 учрашувнинг 11 тасида «Интер», 10 тасида «Рома»нинг қўли баланд келган. Ўтган мавсумда эса ҳар икки ўйинда меҳмон жамоа ғалаба қозонган эди.

Дарвоқе, «Рома» таркибида ҳужум чизиғининг етакчисига айланиб бораётган, мавсумдаги ўзи майдонга тушган 9 ўйиннинг 7 тасида гол уришга муваффақ бўлган Ромелу Лукакунинг собиқ жамоасига қарши ҳаракатлари ҳам яна бир интрига. Ўз навбатида «Интер» таркибида ҳам «Рома»нинг собиқ футболчиси бор – Генрих Мхитарян.

НАПОЛИ – МИЛАН (30 октябрга ўтар кечаси, 00:45)

«Милан» қаторасига икки ўйинда мағлубиятга учради ва бу учрашувларда бирорта ҳам гол ура олмади. Инқироз бўлиши мумкинми? Айтиш қийин. Зеро «Ювентус» билан ўйиннинг 40-дақиқасидаёқ миланликлар бир футболчи кам бўлиб қолишди. Шундай бўлса-да, жамоа рақиб билан тенг курашганини эътироф этиш керак. Парижда эса ҳисоб йирик бўлишига қарамасдан, айниқса, биринчи таймни жамоа анча яхши ўтказган ва бир нечта яхши имкониятларга ҳам эга бўлганди. «Милан» прессингда жуда яхши ҳаракат қилганини «ПСЖ» устози Луис Энрике ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Демак «Милан»да ўйин борасида муаммо йўқ, шунчаки, биринчидан, тақвим бўйича кучли рақиблар рўбару келди, иккинчидан, ижрочилар борасида етишмовчилик мавжуд. Мураббий керак бўлганда тактикани ўзгартириш, алмаштиришлар орқали ўйинни кучайтириш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда. Беннасер, Спортьелло, Лофтус-Чик, Чуквезе каби футболчилар доим ҳам асосий таркиб аъзолари саналишмаса-да, айнан захирадан тушиб ўйинни ўзгартириш учун муносиб ижрочилар эдилар. Бундан ташқари, «Наполи»га қарши ўйинда Лука Йовичнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Малик Тиав эса, юқорида тилган олинган «Ювентус»га қарши учрашувда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди.

Аслида «Наполи»да жароҳатлар кам бўлса-да, солиштирганда, айниқса, ўтган мавсумда жамоа ўйинига қўшган хиссаси борасида гап кетса, номлар жиддийроқ: Хуан Хесус – энг асосий ҳимоячилардан бири, Кимнинг тарк этганини эътиборга олсак, энг муҳим фигура. Виктор Осимҳенга ортиқча таъриф шарт эмас, у ҳам бир ойдан ортиқ муддатга сафдан чиққан. Андре Замбо-Ангисса эса, майдон марказида жуда катта ҳажмдаги ишларни амалга ошириш билан кўп мутахассислар назарида ҳатто Хвича ва Осимҳендан ҳам муҳимроқ футболчи сифатида эътироф этилганди. Бу шартларда, яна янги мураббий билан жамоанинг ҳам Италия чемпионатида, ҳам Чемпионлар Лигасида ўзини ўнглаб олгани мақтовга сазовор ҳолат. Бу ўйиндаги ғалаба «Наполи»ни пешқадамларга анча яқинлаштиради ва расман чемпионлар пойгасига қўшади.

Яна бир факт, неаполликлар қаторасига беш ўйиндан бери «Милан» устидан ўз майдонидаги учрашувларда ғалаба қозона олмаяпти. А Серия доирасида ўтган охирги уч уй учрашувида бой берган, қизиғи, Миланда ўтган охирги уч ўйинда эса ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. Мезбонлар учун янаям аламли жиҳат шуки, баҳорда, Чемпионлар лигаси чоракфиналида айнан миланликлар «Наполи»ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўшанда «Наполи» анча кучли футбол намойиш этаётган ва кўп мутахассислар томонидан финалгача бориши тахмин қилинганди. Қисқа қилиб айтганда, «Наполи» жамоаси учун айнан ўз мухлислари олдида «Милан»ни ютиш бўйича каттагина қарзи бор. Уза олишармикин?

БОШҚА ЎЙИНЛАР

28 октябр. ЧЕЛСИ – Брентфорд (16:30), БАВАРИЯ – Дармштадт (18:30), АРСЕНАЛ – Шеффилд Юнайтед (19:00), Вулверҳэмптон – НЬЮКАСЛ (21:30), ЮВЕНТУС – Верона (23:45)

29 октябр. Брест – ПСЖ (17:00), БРАЙТОН – Фулҳэм (19:00), ЛИВЕРПУЛ – Ноттингем Форест (19:00), Айнтрахт – БОРУССЯ Д (19:30), АТЛЕТИКО – Алавес (30 октябрга ўтар кечаси, 01:00).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар