«Нюкасл» яримҳимоячиси Сандро Тонали жорий мавсум бошқа майдонга туша олмайдиган бўлди.
Италия футбол федерацияси «Нюкасл» клуби ва Италия миллий жамоаси яримҳимоячисини ноқонуний букмекерлар орқали ўйинларга пул тикишда айблаб, расман 10 ойга футболдан дисквалификация қилди.
Football Italia хабарига кўра, италиялик хавбек тергов жараёнида «Милан»даги фаолияти давомида ўйинларга пул тикканини тан олган. Шунингдек, у кредиторлар олдида 3 миллион евро қарзи борлигини, уни қайтармаса, оёғини синдиришгача таҳдидлар бўлганини ошкор қилган. Қарздорлик ноқонуний букмекерлар орқали ўйинларга пул тикиб, жуда катта миқдордаги маблағ ютқазилганидан пайдо бўлган.
Четлатиш туфайли Тонали АПЛда мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Шунингдек, Италия Евро-2024га йўлланма олган тақдирда Сандро турнирга бора олмайди.
Бунгача Никола Фажоли 7 ойга дисквалификация қилинган эди. Айнан у тергов жараёнида Сандро Тоналининг ноқонуний пул тикишларини ошкор қилганди.
Аввалроқ, «Нюкасл» раҳбарияти «Милан»дан 64 миллион еврога сотиб олинган Тоналининг дисквалификация қилингани расман кучга киргач, Италия клуби билан судлашиб, маблағнинг маълум қисмини қайтармоқчи экани ҳақида хабарлар тарқалганди.