26.10.2023 14:52
16618
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги 5 йилликдаги энг яхши натижасини қайд этди

ФИФА расмий сайти миллий жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2018 йилдан кейинги энг яхши натижасига эришди.

Октябр ойи натижаларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси рейтингда икки поғона кўтарилиб, 73-ўринни эгаллаган. Сречко Катанец шогирдлари аввалги ойда 75-ўринда эди. Вакилларимизнинг Осиё қитъасидаги ўрни эса ўзгармаган – 10-ўрин. 

ФИФА рейтингида ҳам ўнлик ўзгармади. Аргентина миллий жамоаси 1-ўринда бормоқда, Франция 2-ўрин, Бразилия 3-ўриндан жой олган. Кейинги ўринларни Англия (4), Бельгия (5), Португалия (6), Нидерландия (7), Испания (8), Италия (9) ва Хорватия (10) ўнликдан жой олган. 

Осиё жамоалари орасида эса Япония рейтингда 18-ўринга кўтарилиб, пешқадам саналади. Шунингдек, қитъада топ-10ликдан Эрон (21), Жанубий Корея (24), Австралия (27), Саудия Арабистони (57), Қатар (61), Ироқ (68), БАА (69), Уммон (72) ва Ўзбекистон (73) жой олган.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоаси март ойида 74-ўринга кўтарилиб, охирги 5 йилликдаги энг яхши натижасига эришганди. Бунгача вакилларимиз 2018 йил февраль ойида 72-ўринга кўтарилган, шундан сўнг 95, 84, 83, 82, 77-ўринларни эгаллаганди. Бу сафар эса 73-ўрин билан сўнгги 5 йилликдаги энг яхши натижа забт этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида Хитойда йиғин ўтказиб, Виетнам (2:0) ва Хитой (2:1) миллий жамоалари устидан ғалабага эришганди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг яхши натижаси – 45-ўрин бўлиб, вакилларимиз 2006-2007 йилда ушбу ўринда қайд этилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар