«Барселона» Жоау Канселуни сақлаб қолмоқчи.
Португалиялик 29 ёшли ҳимоячи ёзги трансфер ойнасида «Манчестер Сити»дан ижара асосида «кўк-анорранглилар»га ўтганди.
Diario Sport хабарига кўра, Каталония клуби Канселуни олиб қолмоқчи ва бу ҳақда футболчининг агенти Жорже Мендешга хабар берган. Ҳеч қандай шошқалоқлик йўқ, лекин «Барса» бу муаммо қанчалик тез ҳал этилса, шунча яхши эканини тушунади. Чунки мавсум охирида Жоауга бошқа клублардан таклифлар бўлади.
Асосий муаммо — трансфер нархида. «Манчестер Сити» ҳимоячи учун 50 млн евро олмоқчи ва янги ижара вариантини истисно қилмоқда. «Барса» эса 25 миллион евро ва бонуслар беришга тайёр.
Қайд этилишича, каталонияликлар ижарадаги ўнг қанот ҳимоячилари борасида бир қарорга келган — Хулиан Араухо («Лас-Пальмас») қайтарилади, Сержиньо Дестни (ПСВ) эса сотиш режалаштирилмоқда.