«Барселона»нинг 17 ёшли ҳужумчиси Марк Гиу дебютидан кейинги ҳис-туйғулари билан ўртоқлашди.
Каталония клуби тарбияланувчиси Ла Лига 10-турида «Атлетик»ка (1:0) қарши ўйиннинг 79-дақиқасида захирадан майдонга тушди ва орадан 35 сония ўтиб ғалаба голини урди. У беллашувнинг энг яхши футболчиси деб топилди.
«Бунга ишонолмайман, ақл бовар қилмайди. Ўз имкониятимни қўлга киритиш учун бутун умр меҳнат қилдим ва бунга эришдим.
Тўп Жоау Фелишда эди, мен бўш жой борлигини кўрдим, у тўпни оширди ва Унаи Симон билан яккама-якка вазиятга чиқдим. Бундай савиядаги дарвозабонга гол уриш — мен учун катта шараф.
Хави ишласам, имконим борлигини айтди.
«Ла Масиа» ҳаракатда. Жуда кўп ишлар қилинмоқда ва биз ҳозиргидек клуб учун қийин пайтларда ундан фойдаланишимиз керак.
Иниго Мартинес бу кеча ухлай олмаслигимни айтди, бундан завқ олишим керак. Академиядаги ҳамма бу ерга келишни интиқлик билан кутади», — деди Гиу Esports3 эфирида.