«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг АПЛ 9-туридан ўрин олган «Шеффилд Юнайтед»га (2:1) қарши ўйиндан кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
«Сэр Бобби Чарлтоннинг ўлими? Жуда ачинарли, бизнинг хаёлимиз унинг оиласи, рафиқаси, болалари ва неваралари билан. Унинг футболда эришган ютуқлари жуда катта эди, майдон ташқарисидаги характери ҳам шундай. Футбол олами буюк инсонни йўқотди.
Унга ҳурматимизни кўрсатишимиз керак эди ва, менимча, биз буни уддаладик. Ғалабани нишонламоқчи эдик, лекин шу билан бирга унинг хотирасини ҳурмат қиламиз.
Премьер-лигада ҳар бир ўйин қийин кечади. Миллий жамоаларда футболчилар ўз мамлакатлари учун турли услубларда ва схемаларда ўйнашади. Яна ўз тартибимизга қайтишимиз керак.
Кўрдингизки, биринчи бўлимдаги ўйинимиз энг яхшиси эмасди. Гол урдик, аммо 1:0 ҳисобини сақлаб қолиш ва устунликни бу қадар тез қўлдан бой бермаслик учун хотиржам ўйнашимиз керак.
Танаффусда ғалаба қозониш йўлини топишимизни айтдим ва, ўйлайманки, иккинчи бўлимда анча яхши ўйнадик. Скотт Мактоминей — жуда яхши жангчи. У ўз вақтида ҳужумга ўтди ва яхши гол урди», — дея нидерландиялик мутахассиснинг сўзларини келтиради BBC.