21.10.2023 14:24
1289
Лондон ва Ливерпулда дерби, Рамос «Реал»га қарши, «Милан» «Юве» тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Англияда Ливерпул ва Лондон дербилари, Италия классикаси, Испанияда эса «Реал»нинг «Эл-класико» олдидан сўнгги машғулоти ва яна бир қатор қизиқарли учрашувлар навбатдаги дам олиш кунларимизни ҳам безашга тайёр туришибди. Шу билан еврокубокларга уланиб кетилишини эътиборга олсак, кутилаётган ўн кундан ортиқ вақт мобайнида ҳар куни кучли бешлик клублари футболидан баҳра олишимиз мумкин. 

ЛИВЕРПУЛ –ЭВЕРТОН (21 октябр, 16:30)

Ливерпул дербилари доим шиддатли кечади. Агар «Энфилд» соҳиблари чемпионлик пойгасида бўлса-ю, ўтган икки турдаги очко йўқотишлардан кейин ғалабадан бошқаси қониқтирмаса, «Эвертон» охирги тўрт ўйиндан учтасини ғалаба билан якунлаб, ниҳоят энг яхши спорт формасига қайтаётган бўлса. Бунинг устига, сиз икки ҳафта давомида клублар футболини соғиниб ўтирган бўлсангиз-у, футбол ҳафтаси айнан мана шу ўйин билан бошланса...

«Ливерпул» одатда, айниқса «Энфилд»да дербини ўз фойдасига ҳал қилади. Аммо шуни ҳам унутмаслик керакки, деярли ҳар йили, охирги беш мавсумнинг тўрттасида унисида бўлмаса, бунисида «Эвертон» рақибидан очко олади ҳам. Шундан келиб чиқсак, албатта, «Эвертон»да ҳам имконият мавжуд ва ўйин жуда муросасиз кечиши табиий.

Шунингдек, «Ливерпул» таркибида йўқотишлар кўпроқ эканини ҳам таъкидлаш керак. Алкантара ҳали тўлиқ тиклангани йўқ, Гакпо ва Байжетичларнинг тайёр бўлиши сўроқ остида. Бундан ташқари, Эндрю Робертсон Шотландия таркибидаги ўйинда жароҳат олиб майдонни эрта тарк этди. Чап қанот ҳимоячиси камида бир ой шерикларига ёрдам бера олмас экан. Кёртис Жонс эса «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда олган қизил карточкаси туфайли дисквалификация муддатини ўташда давом этмоқда. «Эвертон» сафида йўқотишлар деярли йўқ. Тўғри, Алли, Гомеш, Коулман каби футболчилар ёрдамидан мураббий фойдалана олмайди, аммо бу футболчилар ўтган мавсумда жароҳатланганларича ҳали машғулотларга қайтишгани йўқ.

Яна бир қизиқ факт, «Ливерпул» ўз майдонидаги ўйинларда қаторасига мағлубият нималигини билгани йўқ. «Эвертон» эса тўрт учрашувдан бери сафарда ютқазмай келмоқда.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – БРАЙТОН (21 октябр, 19:00)

Ўтган йили Пеп Гвардиола Брайтондаги ўйиндан сўнг шогирдларига ечиниш хонасига йўл олган Де Дзербини кўрсатиб, жамоада ўзидан кейин ворис сифатида айнан италиялик мураббийни кўришини айтган экан. Ростан ҳам ўйин услуби, футбол фалсафаси бўйича Де Дзерби Гвардиолага ўхшаб кетади ва анча камтарона таркиб билан ишлашига қарамасдан, баъзи кўрсаткичлар бўйича «Манчестер Сити»дан ҳам яхшироқ натижани кўрсатаётгани таҳсинга сазовор.

Умуман, гўёки ҳозирдан Англия чемпионатини ютиб бўлгандек даражада мукаммал ўйин кўрсатиб келган Пеп Гвардиола шогирдларига сўнгги ойда нимадир бўлди. Ёки аслида муаммолар аввал ҳам бўлган, фақат тақвимнинг бироз қулайлиги сабабидан «Сити»нинг натижалари кўп камчиликни ёпиб турган, гўёки жамоа кучни тежаш режимида ўйнаётгандек тасаввур пайдо қилганди. Аммо йўқ, Де Брюйненинг йўқлиги, Ҳоланднинг спорт формаси ва айниқса, сўнгги уч ўйинда дисквалификацияга учраган Родрининг ўрни билинар экан. Орада бўлиб ўтган Лейпцигдаги ғалабани айтмаса, Англия доирасидаги қаторасига уч ўйинда «Манчестер Сити» мағлубиятга учради. АПЛ доирасида қаторасига икки ўйинни Пеп Гвардиола охирги марта беш йил олдин бой берганди. Қаторасига уч ўйинни ғалабасиз ўтиши эса, мураббийнинг Англиядаги фаолиятида охирги марта 2017 йилда рўй берган. «Брайтон» мана шу 6 йиллик тарихни янгилаш учун майдонга тушади.

Аслида «Брайтон»да ҳам муаммолар йўқ эмас. Ўйин борасида ҳамон жамоа жуда яхши таассурот қолдирса-да, ғалаба қозонишда муаммоларга дуч келяпти. Барча мусобақалардаги охирги 6 ўйинда фақат бир марта «Борнмут» устидан ғалаба қозонилди. Табиийки, еврокубоклар бошлангани ва ҳафтада икки ўйин режимига ўтилгани ҳам Де Дзерби шогирдларига таъсир қилган бўлиши эҳтимол. Ахир ўтган мавсумда жамоа ҳафтада бир мартадан майдонга тушган, ўйинларнинг икки баробар кўпайгани қўшимча жисмоний куч, ротация қилишга имконият талаб қилади. «Брайтон»да эса аксинча, жароҳатлар ҳам кўплиги туфайли, мураббийда у қадар ҳам кўп вариантлар йўқ. Милнер, Эступинян каби жароҳатланганлар қаторига энди Игор ҳам қўшилди – бразилиялик ҳимоячининг ҳам «Сити»га қарши майдонга тушиши сўроқ остида. Мезбонлар таркибида эса, аста секин жароҳатланган футболчилар, шунингдек, уч ўйинлик дисквалификациядан сўнг, Родри ҳам қайтмоқда. Де Брюйне эса катта эҳтимол билан янги йилга яқин сафга қайтади.

Аммо анъанавий равишда топ-клубларнинг миллий жамоалар билан боғлиқ йиғинлардан кейинги турда қийинчиликка учрашини ҳам унутмаслик керак. Айнан кучлироқ клубларда турли миллий жамоаларга футболчилар жўнаб кетиши ва турли спорт формасида қайтишини эътиборга олсак бу табиий ва «Брайтон»га қўшимча устунлик тақдим этиши мумкин. 

ЧЕЛСИ – АРСЕНАЛ (21 октябр, 21:30)

Англияда супершанба яна бир дерби билан давом эттирилади. Сўнгги мавсумларда Лондон дербилари қироли мақомига чиқиб олган «Арсенал» «Челси» меҳмони бўлади. Айнан «Челси»га қарши ўйинларда ҳам охирги пайтларда Артета шогирдларининг устунлиги сезилмоқда – АПЛ доирасида қаторасига уч учрашувда «Арсенал»нинг қўли баланд келди. Ҳатто агар фақат «Стемфорд Бриж»ни олсак ҳам, меҳмонлар янаям устунроқ: «Арсенал» охирги уч сафар ўйинида «Челси»ни ютмоқда, ундан олдинги ўйин ҳам дуранг билан якунланганди. Қисқа қилиб айтганда, Микел Артета мураббий сифатида ҳали «Челси» майдонида мағлубият нималигини билмай келмоқда. Бу анъанага қачондир чек қўйилиши керак бўлса, айнан ҳозир, «Манчестер Сити»га қарши ўйинда ажойиб ғалабага эришган меҳмонларни ютиш янаям қийин бўлади.

Почеттино шогирдлари турнир жадвали ўрталарида бораётган бўлса-да, турли статистик кўрсаткичлар бўйича АПЛ пешқадамларига яқин рақамларни кўрсатишмоқда. Буни икки хил изоҳлаш мумкин. Ё ростан ҳам аргентиналик мураббийнинг қўли сезилиб, жамоа анча юқори савияда футбол ўйнашига қарамай, ҳозирча омад келмаяпти ёки тақвим бироз енгил бўлгани ва кўп ўйинларда «Челси» ҳисобда орқада боргани сабабли кўпроқ ҳужум қилишга, тўпни назорат қилишга мажбур бўлишмоқда. Шунинг учун ҳам статистика бироз яхшироқ кўрсаткичларни қайд этяпти. Нима бўлган тақдирда ҳам «Челси»да ижобий томонга силжиш борлигини ҳам тан олиш керак. Масалан бутун сентябр ойида атиги битта гол урган «Челси» охирги уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. «Фулҳэм» ва «Бёрнли» устидан сафардаги ғалаба, айниқса, Лига кубогида «Брайтон»ни ютиш янги жамоа учун жуда яхши натижа. Ҳақиқий имтиҳон эса албатта, «Арсенал»га қарши кечади.

Жароҳатлар борасида ҳалиям «Челси»нинг аҳволи оғир, тайёр футболчилардан кўра, лазаретдагиларнинг салмоғи каттароқ туюлади. Қаранг, Чилуэл, Бадиашиле, Чуквуэмека, Нкунку, Жеймс, Лавия, Чалоба, Фоффана каби номлар етмагандек, сўнгги ўйинда бироз фаоллашиб, «Фулҳэм»га гол ҳам урган Армандо Бройя ҳам жароҳат олди ва бир неча кунга сафдан чиқди. Аммо барибир таркибдаги футболчилар билан Почеттино бироз барқарор формулани топиб олгани ва ҳар бир позиция учун аниқ кўриниш юзага келгани ҳам катта натижа ва «Челси» айниқса ўз майдонида, айниқса катта ўйинларда, бунинг устига дербида хавфли бўлиб қолаверади. Жамоанинг мавсумдаги ягона катта ўйини «Ливерпул» билан биринчи турда кечганини эсласангиз, ўша учрашувда ҳам мезбонлар анча илиқ таассурот қолдирганди. «Арсенал» сафида Леандро Троссарнинг майдонга тушиши сўроқ остида. «Сити»га қарши ўйинни ва терма жамоалар йиғинини ўтказиб юборган Сака эса, хабарларга кўра ушбу ўйинга тайёр бўлиши лозим.

СЕВИЛЬЯ – РЕАЛ МАДРИД (21октябр, 21:30)

«Севилья» ҳар қандай ҳолатда ҳам, турнир жадвалининг қаерида юришидан қатъи назар, айниқса катта рақибларга қарши хавфли бўлиб қолаверади ва бу жуда кўп маротаба исботланган ҳам. Ла Лигада натижалар беқарор бўлгани билан, масалан ЕЧЛ даги ҳар икки ўйинида ҳам мағлубиятга учрамади, «Манчестер Сити»га қарши Суперкубок учрашувида ҳам фақат пеналтилар сериясида бой берди. «Барселона» билан сафар ўйинида мезбонларда жуда қийнади, биргина автогол ўйин тақдирини ҳал қилди. «Реал»га қарши сўнгги уй ўйинлари бой берилган бўлса-да, охирги икки тўқнашувда «Севилья» ҳисобда олдинга чиқиб олгани ва меҳмонларнинг иродаси туфайлигина ўйинда бурилиш ясалганини таъкидлаш керак. Хўш, қаторасига учинчи марта «Реал»нинг иродаси етармикин? «Севилья» ўзининг ҳеч бўлмаса битта голини уришига шубҳа йўқ. Шунингдек, «Севилья» тўрт ўйиндан бери ўз майдонида мағлубиятга учрамаётганини ҳам эслаб ўтиш лозим.

«Реал» эса мавсум бошида Беллинҳэмнинг сеҳри туфайли бир қатор ўйинларни қутқариб қолганди, аммо сўнгги учрашувларда ниҳоят ўз ўйинини топгандек таассурот қолдиряпти. Винисиусннинг қайтиши ҳам бунга асосий сабаб бўлса керак. «Атлетико»дан мағлубиятдан сўнг жамоа Ла Лигада уч ишончли ғалабага эришди. Бу учрашувларда мадридликлар 9 гол уриб, ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол ўтказиб юбормади. Орада ҳисоб 3:2 бўлса-да, аслида анча ишончли ва хотиржам ғалабага эришилди. Натижада Анчелотти шогирдлари Испания чемпионатида яққол пешқадамликни қўлгаолишди. Келаси ҳафта Барселонада «Эл-класико» бўлиб ўтади – орадаги фарқ 4 очколигини инобатга олсак, ушбу ўйин олдидан ҳам «Реал» турнир жадвалида «Барселона»да олдинда бўлади. «Эл-класико» олдидан ҳам шу 4 очкони сақлаб қолиш, яъни ҳар қандай сценарийда рақибининг ета олмаслигини таъминлаш албатта, «Реал» учун катта руҳий устунлик тақдим этган бўларди.

«Севилья» таркибида Эрик Ламела, Мариано Диас каби футболчилар жароҳатда. «Реал» сафида жароҳатланганлар йўқ, фақат Начо Фернандес Жиронадаги қизил карточкасидан сўнг дисквалификация муддатини ўтамоқда. Албатта, «Реал»нинг узоқ йиллик етакчиси Серхио Рамоснинг яна эски жамоаси сафида мадридликларга қарши майдонга тушиши ҳам томоша қилса арзийдиган воқелик.

МИЛАН – ЮВЕНТУС (22 октябр, 23:45)

«Милан» А Сериянинг жорий пешқадами, «Интер»га қарши муваффақиятсиз ўйинни айтмаса, барча учрашувларни ўз фойдасига ҳал қилган, рақиби «Ювентус»га қарши охирги 6 ўйинда мағлубият нималигини билмай келяпти. Жамоа ўз майдонидаги ўйинларда ҳам юз фоизлик натижа қайд этяпти, умуман уй ўйинларида «Милан» бу мавсумда атиги битта гол ўтказиб юборди холос. Табиийки, «Интер»га қарши «Сан-Сиро»даги ўйинни сафар учрашуви деб қайд этамиз.

Хуллас, мана шундай шароитда ҳам «Ювентус»га қарши ўйинда нималар бўлишини тахмин қилиш жуда қийин ва энг кутилмаган сценарийларга ҳам тайёр туриш керак. Зеро, Италия футболидаги майдон ташқарисидаги интригалар ҳам шу қадар кўпки, баъзида асосий футболни четга суриб ташлайди.

«Ювентус» иккинчи футболчисидан ҳам узоқ муддатга айрилиши мумкин. Пол Погба допинг туфайли умуман шартноманинг бекор қилиниши остонасида турган бўлса, Николо Фажоли устидан прокуратура иш очган – футболчи ўйинларга пул тикишда айбланмоқда, аниқроғи у айбини тан олди ҳам. Бу тақлид воқеалар устига жароҳат олган Сандро, Данило, Кьезалар билан туринликлар Миланда қай даражада куч бўлади олади, тахмин қилиш қийин. Ҳар ҳолда, жамоа сўнгги уч ўйинда ҳатто гол ҳам ўтказиб юборгани йўқ, «Милан» клубларини таъқиб қилишда давом этмоқда.

«Милан»да ҳам таркибда муаммолар етарли. Энг қизиғи, Меньяннинг дисквалификацияси, ҳамда Спортьеллонинг жароҳати туфайли, миланликлар дарвозасида 40 ёшли Миранте ва 19 ёшли Лапо Нава қолган холос. Ҳа, 37 ёшли Жиру ҳам бор, лекин француз фақат муҳим дақиқаларда ёрдамга келиши мумкин. Антонио Миранте аслида «Ювентус» тарбияланувчиси ҳисобланади, охирги марта 2006/07 мавсумида бир неча марта туринликлар дарвозасини ҳимоя қилган ҳам. Кейинчалик у кўпроқ «Парма» дарвозасини қўриқлади, «Болонья», «Сампдория», «Рома» каби жамоаларда юрди, икки йил олдин эркин агент сифатида «Милан» сафига қўшилганди. Ниҳоят Миранте Миланда дебют қилиши мумкин, бўлиб ҳам, ўзи тарбия топган «Ювентус»га қарши ўйинда. Албатта, агар Пиоли дарвозани ҳали катталар футболида бирорта ҳам ўйинда қатнашмаган Лапо Навага ишониб топширмаса.

Дарвозабонлардан ташқари «Милан» сафида Рубен Лофтус-Чик, ҳамда Дженоадаги навбатдаги сариқ карточкаси туфайли дисквалификация қилинган Тео Эрнандес ҳам майдонга туша олмайди.

Яна бир жиҳат, учрашувнинг шанба эмас, якшанба оқшомига белгиланиши ҳам «Милан» учун қўшимча ноқулайлик туғдирса керак. Чунки миланликлар чоршанба куни «ПСЖ»га қарши муҳим сафар ўйинида майдонга тушади. Дастлабки икки ўйинда дуранг қайд этган «Милан» учун бу ўйин ЕЧЛ даги тақдирни белгилаб берадиган тўқнашувлардан бири бўлиши шубҳасиз. Буни инобатга олганда, «А Серия» марказий учрашувни шанба кунига белгиламагани жуда қизиқ. 

БОШҚА ЎЙИНЛАР

21 октябр.Верона – НАПОЛИ (18:00), Волфсбург – БАЙЕР (18:30), НЬЮКАСЛ – Кристал Пэлас (19:00), ПСЖ – Страсбур (20:00), Майнц – БАВАРИЯ (21:30), Шеффилд Юнайтед – МЮ (23:55), Селта – АТЛЕТИКО (23:55)

22 октябр. РОМА – Монца (15:30), БАРСЕЛОНА – Атлетик (23:55)

23 октябр. ТОТТЕНҲЭМ – Фулҳэм (23:55).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар