Марко Спортьелло жароҳати сабаб «Ювентус»га қарши ўйнамайди.
Sky Sport хабарига кўра, «Милан» дарвозабонининг болдир мушаклари шикастланган. У камида 10 кунни ўтказиб юборади ва шу якшанба куни А Серияда «Ювентус»га қарши ўйинда иштирок эта олмайди.
«Россонери»нинг асосий посбони Майк Меньян «Женоа» (1:0) билан баҳсда қизил карточка олган ва шу сабаб у ҳам дисквалификация туфайли ўйинни ўтказиб юборади. Натижада туринликларга қарши учинчи дарвозабон — 40 ёшли Антонио Миранте майдонга тушади.
Маълумот учун, Миранте охирги марта 2021 йил май ойида «Рома» футболчиси сифатида асосий таркибда ўйинни бошлаганди – ўшанда дарвозабон «Манчестер Юнайтед»га қарши Европа Лигаси яримфинал баҳсида ўйнаган.
2021 йилдан бери Миранте расмий ўйинларда бор-йўғи бир неча дақиқани майдонда ўтказган ва ўтган мавсумнинг сўнгги турида «Верона»га қарши 89-дақиқада захирадан майдонга тушган.