Фақат 9 миллий жамоа кейинги йил ёзидаги асосий турнир йўлланмасини кафолатлаган.
Евро-2024 саралаш турнири якунига яна икки тур қолди, аммо ҳозирча чемпионатда иштирок этадиган 24 жамоадан фақат 9 таси маълум - мезбон Германиядан ташқари Белгия, Франция, Португалия, Испания, Шотландия, Туркия, Австрия ва Англия. Улар сафига Венгрия, Албания, Дания, Нидерландия ва Сербия жамоалари қўшилиши эҳтимоли юқори.
Икки гуруҳда чемпионатга кимлар тўғридан тўғри бориши аниқ бўлган, тўрт гуруҳда эса — бирорта жамоа ҳали масалани ҳал қилмаган.
Барчаси ойдинлашган
А ва F гуруҳларида барчаси аниқ. Испания, Шотландия, Белгия ва Австрия миллий жамоалари ноябрда Европа чемпионатига тайёрланишни бошлайди. Амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган охирги турларда бош мураббийлар турли тажрибаларга қўл уриб кўриши мумкин. Гуржистонликлар Миллатлар лигаси плей-офф босқичи орқали ўйналадиган қўшимча йўлланма учун курашиши аниқ, Норвегия, Озарбойжон ва Эстонияда ҳам бундай имконият юзага келиши мумкин. Аммо уларнинг тақдири бошқа ўйинлар натижаларига боғлиқ. Швеция ва Кипр эса Германияга бормаслиги аниқ.
16 ноябр. Гуржистон – Шотландия, Кипр – Испания
19 ноябр. Шотландия – Норвегия, Испания – Гуржистон.
16 ноябр. Озарбойжон – Швеция, Эстония – Австрия
19 ноябр. Белгия – Озарбойжон, Швеция – Эстония.
Охирги нуқтани қўйиш қолган
В гуруҳи
Греклар нидерландларга икки ўйинда ҳам ютқазди, шунинг учун уларда иккинчи ўринни эгаллаш учун фақат назарий жиҳатдан имконият сақланиб қолган. Агар рақиб қолган икки ўйинда иккитадан кўп очко олса, грекларга ҳатто Франция устидан ғалаба қозониш ҳам етарли бўлмайди. Нидерландларга эса охирги турда гуруҳ аутсайдери Гибралтар билан ўйинда ғалаба қозониш ҳам кифоя қилади, аммо барча масала ундан олдинроқ — Ирландияга қарши уй учрашувидаёқ ҳал бўлиши ҳам мумкин.
Греция гуруҳда учинчи ўринни олса, Миллатлар лигаси плей-офф босқичи орқали яна бир уриниб кўради, ирландларда ҳам плей-офф учун назарий имконият мавжуд, Гибралтарда эса ҳеч қанақа иккинчи имкон бўлмайди ва бу ажабланарли эмас.
18 ноябр. Франция – Гибралтар, Нидерландия – Ирландия
21 ноябр. Гибралтар – Нидерландия, Греция – Франция.
G гуруҳи
Сербиядаги мағлубият черногорияликларнинг ўз тарихидаги илк йирик турнирга бориш имкониятини кескин пасайтириб юборди. Миодраг Радулович жамоаси қуйидаги шартларда Евро йўлланмасига эга чиқиши мумкин:
— қолган икки турда ғалаба қозонса, Сербия эса Болгарияга ютқазса;
— қолган икки турда ғалаба қозонса, Болгария эса Венгрияни енгса ва Сербияга ютқазса (бу ҳолатда черногорияликлар ўзаро учрашувлар натижаларига кўра венгрлардан юқорироқда жойлашади).
Агар уч етакчида (Сербия, Венгрия ва Черногория) ҳам 14 тадан очко тўпланса, барибир черногорияликлар ортиқча бўлади, улар серблар ва венгрларга қарши ўйинларда жами 4 очко жамғарган, бу учликнинг ўзаро ўйинларида серблар 6, венгрлар эса 7 очко олган.
Черногория ва Литва Миллатлар лигаси плей-офф босқичига ўта олмайди, Болгария эса, саралаш босқичидаги муваффақиятсизликка қарамай, катта эҳтимол билан плей-оффда қатнашади.
16 ноябр. Болгария – Венгрия, Черногория – Литва
19 ноябр. Венгрия – Черногория, Сербия – Болгария.
J гуруҳи
Бу гуруҳдан Португалия билан бирга чиқиш учун уч жамоада имконият бор, аммо, катта эҳтимол билан, йўлланма словаклар Люксембургда ғалаба қозониши билан ҳал бўлади. Улар фақат сўнгги икки турда ютқазса ва Люксембург ёки Исландия идеал ҳисобларда ғалаба қозонсагина, Евродан қолиб кетиши мумкин.
Босния Миллатлар Лигаси плей-офф босқичида ўйнаши аниқ. Агар ноябрда мўъжиза рўй бермаса, Люксембург ҳам плей-оффда қатнашиб кўради, исландлар эса бошқа гуруҳлардаги вазиятга қараши керак бўлади.
16 ноябр. Лихтенштейн – Португалия, Люксембург – Босния, Словакия – Исландия
19 ноябр. Босния – Словакия, Лихтенштейн – Люксембург, Португалия – Исландия.
Финалга тенг тўқнашув
С гуруҳи
С гуруҳида ўзига хос финал 20 ноябр куни Леверкузенда бўлиб ўтади, бу ерда Украина Италияни қабул қилади. Агар италияликлар бунгача Шимолий Македонияни мағлуб эта олса, сўнгги турда уларни дуранг натижа ҳам қониқтиради, аммо агар македонларга қарши ўйинда яна очко йўқотадиган бўлса, сўнгги турда фақат ғалаба учун ўйнаш талаб этилади.
Италия гуруҳда муваффақиятсизликка учраса, Миллатлар лигаси плей-оффида иккинчи имконга эга бўлиши аниқ, Украинада ҳам вазият ёмонмас. Аммо Шимолий Македония ва Малта Германияга бора олмайди.
17 ноябр. Англия – Малта, Италия – Шимолий Македония
20 ноябр. Шимолий Македония – Англия, Украина – Италия.
Н гуруҳи
Словения — Қозоғистон ўйини ҳам финал мақомида ўтиши мумкин. Словенияликлар Данияни Копенҳагенда мағлуб этса ёки қозоқлар Сан-Марино билан уйдаги ўйинда очко йўқотса, ортиқча асаббузарликдан қутулади.
Шу билан бирга, Магомед Адиев жамоасига икки ғалаба ҳам етарли бўлмай қолиши мумкин. Агар Дания уйида Словенияга ютқазса ва сафарда Шимолий Ирландияни мағлуб этса, унда қозоқлар Миллатлар лигаси плей-оффига йўл олишга мажбур бўлади. Финландияда ҳам плей-офф орқали имконият сақланиб қолади. Словенияликлар эса топ-2 даги ўринни йўқотмаслиги керак, акс ҳолда уларда иккинчи имконият бўлиши даргумон.
17 ноябр. Қозоғистон – Сан-Марино, Финландия – Шимолий Ирландия, Дания – Словения
20 ноябр. Шимолий Ирландия – Дания, Сан-Марино – Финландия, Словения – Қозоғистон.
Вариантлар жуда кўп бўлган гуруҳлар
D гуруҳи
D гуруҳидаги иккинчи йўлланма тақдири Арманистон қўлида. Сўнгги турлардаги икки ғалаба арманларга Уэлсни ҳам, Хорватияни ҳам ортда қолдириш имконини беради (бу учликнинг ўзаро ўйинларида арманистонликларда 9, рақобатчиларда эса 4 тадан очко бўлади). Хорватларни имкон қадар икки тўп фарқи билан енгиш керак бўлади, шу ҳолда, уэлсликлар Туркияда очко йўқотган ҳолатда арманлар тўплар нисбатига кўра хорватлардан устунроқ бўлади.
Хорватия учун сўнгги икки турдаги вазифа оддий: Уэлсдан кўра кўпроқ очко олиш. Британияликлар эса, мураккаб тақвимга қарамай, хато қилишга ҳақли эмас. Улар осонлик билан иккинчи ўриндан тўртинчи ўринга тушиб кетиши мумкин.
Арманистон ва Латвия Миллатлар лигаси плей-оффидан умид қила олмайди, Хорватия учун эса, агар иккинчи ўринни ололмаса, иккинчи имконият кафолатланган, Уэлснинг тақдири рақибларнинг натижаларига боғлиқ бўлади.
18 ноябр. Арманистон – Уэлс, Латвия – Хорватия
21 ноябр. Хорватия – Арманистон, Уэлс – Туркия.
Е гуруҳи
Энг чалкаш гуруҳдаги беш иштирокчининг тўрттаси Еврога чиқиш учун реал имконият сақлаб қолмоқда. Ҳозирда гуруҳ етакчилари бўлиб турган Албания ва Чехия гуруҳ босқичи охиригача ўз ўринларида қолиши имконият юқорироқ, бу жамоалар масалани 17 ноябр куниёқ ҳал қилиши мумкин. Е гуруҳидан Германияга йўл олиши мумкин бўлган бошқа жуфтликлар учун барча вариантларни кўриб чиқамиз:
Албания ва Полша
— Албания Молдовани, Полша — Чехияни енгади, шу билан бирга Молдова чехларга ютқазмаслиги керак;
— Молдова охирги икки ўйинда ҳам дуранг ўйнайди, Полша Чехияни мағлуб этади;
Албания ва Молдова
— Албания Фарер оролларини енгади, Молдова охирги икки ўйинда ҳам ғалаба қозонади;
— Молдова Албанияни енгиб, Чехия билан дуранг ўйнайди, Полша Чехияни мағлуб этади;
— Молдова Чехияни мағлуб этади ва Албания билан дуранг ўйнайди, Чехия Полашни енга олмайди;
— Молдова Чехияни мағлуб этади, чехлар эса Полша билан дуранг ўйнайди;
Чехия ва Молдова
— Молдова икки ўйинда ҳам ғалаба қозонади, Чехия Полшани енгади, Албания Фарер оролларига ютқазади;
— Молдова Албанияни йирик ҳисобда мағлуб этиб, Чехия билан дуранг қайд этади, чехлар Полшани енгади, Албания Фарер оролларига ютқазади.
Албания ва Молдова гуруҳда биринчи ва иккинчи ўринларни ололмаса, Миллатлар лигаси орқали имкониятга эга бўлмайди, Полша ва Чехия эса ўзаро учрашувда Евро йўлланмаси учун курашиши мумкин. Икки жамоа ҳам рейтинг бўйича Миллатлар лигаси плей-оффига ўтади.
17 ноябр. Молдова – Албания, Полша – Чехия
20 ноябр. Албания – Фарер ороллари, Чехия – Молдова.
I гуруҳи
Фаластин-Исроил можроси кескинлашуви туфайли J гуруҳидаги шусиз ҳам мураккаб бўлган вазият янада чигаллашиб кетди. Еврога йўл олиш учун Руминия, Швейцария, Исроил ва Косовода имконият бор. Лекин швейцарияликлар қолдирилган ўйинда исроилликларни мағлуб этса, болқонликларда назарий имконият ҳам қолмайди.
Гуруҳда пешқадам бўлиб турган руминлар ҳам қалтис вазиятда — сўнгги икки ўйиндаги икки мағлубият жамоани навбатдаги йирик турнирдан мосуво қилади. Бу гуруҳда фақат
Исроил (катта эҳтимол билан), Швейцария (бу жамоа гуруҳда биринчи ўринни олиб, тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлиши эҳтимоли юқори) ва Косово Миллатлар лигаси плей-оффида қатнашиши мумкин.
15 ноябр. Исроил – Швейцария
18 ноябр. Беларус – Андорра, Швейцария – Косово, Исроил – Руминия
21 ноябр. Руминия – Швейцария, Андорра – Исроил, Косово – Беларус.
Косово – Исроил ўйини вақти кейинроқ маълум бўлади.