Карим Бензема Франция ички ишлар вазирини судга бериши мумкин.
«Ал Иттиҳод»нинг франциялик ҳужумчиси Яқин Шарқдаги можаро ҳақида гапирганди: «Биз аёллар ва болалар жабрланаётган, ноҳақ портлашлар қурбони бўлаётган Ғазо халқи учун яна дуо қиламиз».
Шундан сўнг Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманен Каримнинг террорчилар билан алоқаси борлигини маълум қилди: «Билишимизча, Бензема «Мусулмон-биродарлар» ташкилоти билан алоқадор».
Франциялик футболчи ўзининг адвокати Ҳьюга Вижье орқали ташкилотга алоқаси йўқлигини айтди ва вазирни судга мурожаат қилиши билан таҳдид қилди.
«Бу ёлғон! Бенземанинг бу ташкилот билан заррача алоқаси бўлмаган. У ташкилотни террорчи деб эълон қилган Саудия Арабистонида яшамоқда.
Биз бу вазирга нисбатан ахборотни манипуляция қилиш тўғрисидаги қонун доирасида судга даъво қўйиш имкониятини кўриб чиқяпмиз. Мамлакатни бошқараётганларга ўзлари хоҳлаган нарсани қилишга рухсат берилгани қабул қилиниши мумкин эмас», — деди Вижье.