Теракт туфайли тўхтатилган Бельгия ва Швеция ўйини қайта ўтказилмайди.
Беллашув 1:1 ҳисобида тўхтаб қолганди. Сабаби меҳмонларнинг икки мухлиси ташқарида отиб ўлдирилган ва бундан хабар топган жамоалар ўйинни давом эттирмасликка қарор қилишганди.
УЕФА Евро-2024 саралаш ўйини якунланмаслигини маълум қилди. 1:1 ҳисоби якуний натижага олинади, ҳар бир жамоага 1тадан очко берилади. Ҳар қандай дисквалификация бажарилган деб ҳисобланади ва сариқ карточкалар ҳам ўз кучида қолади.
«Бельгия Қироллик ФА ҳам, Швеция ФА ҳам вазиятдан келиб чиқиб, ўйинни якунламаслик ва натижани якуний деб ҳисоблаш истагини билдиришди. Баҳс натижаси Ф гуруҳидаги вазиятга таъсир қилмайди, чунки Бельгия финал босқичига йўлланмани қўлга киритиб бўлган, Швеция эса бундай имкониятни йўқотган», — дейилади УЕФА баёнотида.