Евро-2024 саралаши H гуруҳи 8-тури доирасида Қозоғистон миллий жамоаси Финландияда меҳмон бўлди.
Гуруҳдаги асосий рақобатчиларидан бирига қарши ўйинда Тэйлор 28-дақиқада мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, 77-дақиқада Бахтиёр Зайнутдинов пеналтидан ҳисобни тенглаштирди. 89-дақиқада эса Бахтиёр дублини расмийлаштириб, Қозоғистон миллий жамоасига жуда муҳим ғалабани келтирди – 2:1.
Шу тариқа, қўшниларимиз 15 очко билан 3-ўринда бориб, Евро-2024 финал қисмига йўлланма олиш имкониятини сақлаб турибди. Дастлаб икки ўринни эгаллаган Словения ва Дания ҳисобда 16 очко ва яна бир ўйин захираси мавжуд. Қозоғистон кейинги икки турда Сан-Маринони қабул қилади ва Словенияда меҳмон бўлади. Қозоғистон Германиядаги турнирга тўғридан-тўғри йўлланма берувчи 2-ўрин учун имкониятни ҳам сақлаб турибди. Қозоқлар 2-ўринни эгаллай олмаган тақдирда ҳам Миллатлар лигасида гуруҳ ўйинидаги ғалаба эвазига Евро-2024 йўлланмаси учун курашиш имкониятини берадиган плей-офф масаласини нақд қилди.
Евро-2024 саралаши. 8-тур
Финландия – Қозоғистон 1:2
Голлар: 1:0 – 28 Тэйлор, 1:1 – 77, пенальти Зайнутдинов, 1:2 – 89 Зайнутдинов.
Финландия – Градецки, Алхо (Сойри, 88), Йенсен (Уронен, 88), Хосконен, Иванов, Тэйлор (Челльман, 77), Камара, Кайринен, Хоканс, Пукки (Форсс, 77), Похьянпало.
Қозоғистон – Шацкий, Каиров (Скворцов, 85), Бистров (Ерланов, 88), Марочкин, Алип, Вороговский, Бейсебеков (Куат, 55), Тагиберген (Тапалов, 86), Бахтиёр Зайнутдинов, Оразов, Самородов (Аймбетов, 85).