Ўзбекистон миллий жамоаси халқаро ўртоқлик баҳси доирасида Хитойда иродали ғалабага (2:1) эришгач, ўйиндан кейин Отабек Шукуров фикрлари билан ўртоқлашди.
«Бугунги баҳс ЖЧ-2026 саралаш ўйинлари олдидан сўнгги ўртоқлик учрашуви эди. Биз расмий ўйинларга ғалаба шукуҳи билан етиб боришни мақсад қилгандик. Худога шукур, ишончли ғалабага эришдик. Биринчи таймда бироз бўшашганимиздан рақиб гол урди. Бугунги майдонда ҳам муаммолар бор эди. Жароҳат олиш эҳтимоли юқори эди.
Хитой футболи ҳақида? Хитой миллий жамоаси – Осиёда ўз ўрнига эга жамоа. Бу ерда бизни яхши кутиб олишди. Мухлисларнинг муносабати ҳам яхши бўлди. Ўтган сафарги тўқнашувимиздан кейин Хитой футболи кучсизланмаган», - дейди Отабек Шукуров ўйиндан кейин.
Ушбу баҳсда Шукуровнинг пеналтидан йўллаган зарбасини рақиб посбони қайтарган бўлса, қайтган тўпни Отабек дарвозага йўллаб ҳисобни тенглаштирганди. Искандеров эса жамоамизнинг ғалаба голига муаллифлик қилди.