Клублар футболи бошланганига эндигина икки ой бўлса-да, мавсум жуда кўп янги номларни, эски номлардаги янги хислатларни кашф қилмоқда. Бу билан эса, табиийки, футбол томоша қилиш янада завқли бўлади. Хўш, Месси ва Роналду Европани тарк этган илк мавсумда, ҳамма Ҳоланд – Мбаппе қарама-қаршилигини расман кутиб олиши керак бўлган бугунги паллада Европада кимлар порламоқда? Қуйида мана шундай футболчилардан бир нечаси билан танишамиз.
СЕРУ ГИРАССИ (Штутгарт)
Апрел ойида «Штутгарт» хавфли зонага тушиб кетгач, Бруно Лабадия истеъфога чиқарилиб, ўрнига Себастиян Ҳёнесс жамоанинг янги бош мураббийи этиб тайинланганди. Жамоа кейинги 8 турда 3 ғалаба ва 4 дурангга эришди ва ўтиш ўйинида «Ҳамбург»ни енгиб, Бундеслигада қолишни уддалади. Ҳозир эса «Штутгарт» лигани «ёндиряпти», 7 турдан сўнг «Бавария», «Боруссия» каби жамоаларни ортда қолдириб, 2-ўринни эгаллаб турибди. Бу натижаларнинг майдондаги қаҳрамони ҳам бор – Серу Гирасси.
Гвинеялик 27 ёшли ҳужумчи шу пайтгача Франция чемпионатини айланиб чиққан, «Кёлн»да ҳам ижара асосида тўп сурган, ўтган йили «Штутгарт» сафида ҳам гол уриб юрган, аммо бу сафаргиси ростан ҳам ўта ёрқин бўляптики, бизгача етиб келди. Гирасси 7 турнинг ўзида 13 гол ва 1 ассистни амалга оширди. Икки марта ҳет-трик, икки марта дубл қайд этди, тўрт марта Whoscored портали томонидан 9 дан юқори баҳога лойиқ кўрилди. Ўртача баҳо бўйича Гирасси Беллинҳэм, Сака, Мбаппе каби футболчиларни ҳам ортда қолдириб, кучли бешликнинг энг яхшиси бўлиб турибди.
«Штутгарт» ўтган мавсумда ижарада тўп сурган футболчи учун шу ёзда «Ренн»га 9 миллион евро тўлаган эди.
ГУГЛИЕЛМО ВИКАРИО (Тоттенҳэм)
Уго Лиориснинг ёши ўтиб, хатолари кўпайиб кетгач, янги мавсумда «Тоттенҳэм» янги дарвозабон учун бозорга чиқиши маълум эди. Сўнгги дақиқаларгача «Брентфорд» билан Давид Райя учун музокаралар олиб борган, ушбу испаниялик дарвозабон «Тоттенҳэм»га ўтиши вақт масаласи бўлиб қолганди. Аммо кўпчилик учун кутилмаганда, аниқроғи, «Брентфорд» Райя учун трансфер нархида қаттиқ туравергач, «шпорлар» эътиборини А Сериядаги камтаргина «Эмполи» футболчиси Гуглиелмо Викариога қаратди.
Викарио вариантни у қадар ишончли кўринмаганди, асосан аутсайдерлар дарвозасини қўриқлаган, Италия миллий жамоаси сафида бирор марта ҳам майдонга тушмаган 27 ёшли дарвозабон учун 19 миллион евро тўланди. Ҳа, Райядан икки баробар арзон, аммо Лиориснинг ўрнига муносибми?
Ҳозирча Викарио ишончни оқламоқда. «Тоттенҳэм»нинг айни дамда турнир жадвалида пешқадам бўлиб туришида унинг ҳизмати катта – Викарио дарвозага берилган зарбаларга нисбатан сейвлар нисбати бўйича АПЛда етакчи бўлиб турибди.
Викарио нафақат дарвоза чизиғида, балким тўпни оёқда назорат қилиш, биринчи пас бўйича ҳам етарлича замонавий услубга эга эканини ҳам намойиш қилмоқда. «Тоттенҳэм»нинг ўйин услубини тубдан янгилаётган Постекўғли учун бу ҳам жуда муҳим фазилат.
ВИКТОР БОНИФАСЕ (Байер)
Европа Лигасида ўтган йили Белгиянинг «Юнион» Сент-Жиллуа клуби кутилмаганда фуррор кўтарган ва чоракфиналгача борганди. Ўша босқичда жамоа «Байер»га тўқнаш келади ва икки ўйин натижасига кўра мағлубиятга учрайди. Немислар шу билан кифояланмади ва Германиядаги ўйинда мезбонлар дарвозасини ишғол қилган Виктор Бонифасени ёзда ўз сафига қўшиб олди.
Албатта, агар Патрик Шик жароҳатланмаганда, нигериялик 22 ёшли ҳужумчининг бундеслигадаги дебюти бироз кечикиши мумкин эди, аммо айтиш мумкинки, футболчи ўзига берилган имкониятдан илк дақиқалардан тўлиқ фойдалана бошлади. «Лейпциг»га қарши илк ўйинда ассист, кейин қаторасига икки учрашувда дубл. «Байер»нинг ҳозирда турнир жадвалида пешқадамлик қилишида ҳужумчининг аҳамияти беқиёс. Бундеслигадаги 7 ўйинда 7 гол ва 2 ассист – агар Гирассининг ақлбовар қилмас старти бўлмаганда, Бонифасе ҳақида янада кўпроқ гапирилаётган бўларди.
20 миллион еврога сотиб олинган Бонифасе катта эҳтимол билан ҳали Патрик Шик сафга қайтган пайтда ҳам асосий таркибдаги ўрнини осонликча бериб қўймаса керак.
ЛАМИН ЯМАЛ (Барселона)
Ансу Фатининг икки йил олдин қайд этган рекордлари салкам юз йилдан бери сақланиб келганини эсласак, ҳеч бўлмаса бир авлод умрича бу рекордларни бузиш имконсиздек туюлганди. Ҳатто ўтган мавсум «Бетис»га қарши ўйинда 15 ёш-у 290 кунлик Ямал майдонга тушиб, Ла Лиганинг бу борадаги рекордини қайд этган бўлса-да, шунчаки, бир неча дақиқага майдонга тушган ёш ҳужумчи яна «Ла Масия»га қайтиб кетадигандек эди.
Усмон Дембеленинг трансфери сабаб бўлдими ёки Ямал ростан ҳам ёзда ўзини кўрсатдими, ишқилиб, «Кадис»га қарши 2-тур ўйинида 16 ёш-у 38 кунлигида асосий таркибда майдонга тушиб, бу борада 21 асрдаги Ла Лига рекордини қайд этди. Етти кун ўтиб, «Вилярреал»га қарши ўйинда ассист, 8 октябр куни эса «Гранада» билан ўйинда илк гол – ва у Испания чемпионати тарихида гол урган энг ёш футболчига айланди. «Порту»га қарши ЕЧЛ ўйинида Ямал турнир тарихида бошланғич таркибда майдонга тушган энг ёш футболчига айланди. Ямал Испания миллий жамоасига ҳам чақирилиб, у ерда бошқа бир жамоадоши Гавининг ҳам рекордларини ҳам янгилаб ташлади.
Албатта, гап фақат ёш борасидаги рекордларда эмас, Ламин Ямал ростан ҳам «Барселона»нинг асосий футболчиларидан бирига айланяпти ва у тушган дақиқаларда жамоа ўйини янада кучаймоқда. Ҳозирча гол ва ассистлар у қадар кўп бўлмаса-да, ўйинга қўшаётган ҳиссаси, ҳужум ташкил қилишдаги ҳаракатлари орқали Хави жамоасига янги қон олиб кирди дейиш мумкин. Гап эса, эндигина 16 ёшга тўлган футболчи ҳақида бораётганини яна бир бор таъкидлаш керак.
ЖУД БЕЛЛИНҲЭМ (Реал)
Юз миллионлик трансферни кашфиётлар ичига қўшиш бироз мантиқсиздек, лекин ишонаверинг, Беллинҳэмни олдиндан таниган бўлсак ҳам, унинг «Реал»даги ўйинлари, асосийси натижалари кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди. Барча мусобақаларда 10 ўйинда 10 гол ва 2 ассист – Криштиану Роналдунинг режимида бормоқда Жуд Беллинҳэм. Роналду Мадридга «Олтин тўп» соҳиби сифатида ташриф буюрган бомбардир эканини инобатга олсак, чиндан ҳам Жуд – кашфиёт.
Футболчининг истеъдодига шубҳа бўлмаса-да, унинг ўйин услуби, устунлик ва камчиликлари билан «Реал»га қай даражада мос тушиши мавҳум эди. «Реал»да Кросс – Модрич жуфтлиги марказдаги алмаштириб бўлмас қисм бўлиб, прессинг ва ҳимояланишда бироз дангаса ҳисобланган Жуд бу таркибга олиб кирилиши қийиндек кўринганди. Шу ўринда Анчелоттининг энг муҳим ютуғи яна катта саҳнага чиқди – айнан футболчиларнинг устунликларидан келиб чиқиб уларга имконият берадиган, қачонки футболчи ўзи истаган позициясида футболдан завқ олса, натижага эришиш мумкинлигига ишонадиган мураббий Беллинҳэм учун Дортмунддагидан фарқли бўлган позиция яратди. Бунинг учун Модрич-Кросс тандемидан воз кечганининг ўзиёқ Анчелоттти ёш яримҳимоячига қанчалик ишонганини кўрсатиб турибди.
Беллинҳэм асосан ҳужум чизиғида, эркин рассом сифатида ҳаракат қилмоқда ва Тчуамени, Камавинга, Валверде каби футболчилар у учун ҳам «қора ишлар»ни бажармоқда. Шунинг учун ҳали Жуд, Кроос ва Модрич бир вақтда майдонда ҳаракат қилмаяпти. Ҳа, бир марта, «Атлетико»га қарши ўйинда Анчелотти уларнинг учаласини ҳам бошланғич таркибда майдонга туширди – натижада «Реал» мавсумдаги ҳозирча ягона бўлиб турган мағлубиятини қабул қилди.
Бонус: АББОСБЕК ФАЙЗУЛЛАЕВ (ЦСКА)
Ўзбек футболи мухлислари Аббосни яхши билишса-да, тан олиш керак, жисмоний курашларга урғу бериладиган Россия чемпионатига бу қадар тез мослашиб кетишини кўпчилик кутмаган бўлса керак. Руслар ҳам кутмагани табиий, ўзбекистонлик футболчиларнинг Москвани забт этиш ҳаракатлари шу пайтгача ўхшамаган.
515 дақиқада «Ростов» дарвозасига чиройли гол, «Крилья»га қарши ўйинда ассист, яна икки марта голга сабаб бўлган ҳужумлардаги муҳим узатма, икки марта Матч Премьер талқинига кўра ўйиннинг энг яхши футболчиси унвони – 20 ёшни қаршилаган Аббос Файзуллаев учун ажойиб дебют.
«Спартак»ка қарши ўйинда у ЦСКА таркибида энг кўп масофани (12 км 886 м) босиб ўтган футболчига айланди, «Балтика»га қарши ўйинда эса жамоанинг югуриш бўйича энг тезкор кўрсаткичини қайд этди. Албатта, бу қуруқ рақамлардек кўринади, аммо унинг жамоа ўйинига таъсири, кутилмаган қарорлари билан ҳужумларга ранг-баранглик олиб киришини мутахассислар ҳам эътироф этишяпти. Бекорга Аббос у ерда «ўзбек Мессиси» лақабини олгани йўқ.
Афсуски, Россиядаги воқеалар, мамлакат футболининг ҳозирча УЕФА мусобақаларидан четлаштирилгани Аббосга халақит бераётган бўлиши мумкин, акс ҳолда балким, унинг еврокубоклардаги чиройли ҳаракатларини кузатаётган бўлардик ва унинг Европа футболидаги юриши янада илдамроқ кечар эди.
Қ.Асланов