11.10.2023 16:17
11049
Ҳиндистон Ўзбекистонни ниманинг эвазига ортда қолдирди? Осиё Ўйинларидаги энг катта ўсиш, пасайиш ва ҳакамларнинг мезбонларга ён босиши исботи

Хитойда 15 кун давомида ўтказилган Осиё Ўйинлари якунига кўра, Ўзбекистон – қитъанинг энг кучли мамлакатлари бешлигидан ўрин олди. Спортчиларимиз медаллар сони ва сифати бўйича ҳам Осиё Ўйинлари тарихидаги рекорд натижасини янгилади, аммо ўринлар бўйича натижани янгилашга Ҳиндистон йўл қўймади.  

 Ўзбекистон яна бешликда, Осиё гегемонлари ўз ўрнида

Ўзбекистон делегацияси Ҳангжоу-2022 турнирида жами 71та – 22 олтин, 18 кумуш, 31та бронза медалига эга чиқиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Шу орқали 5 йил аввалги турнирдаги энг яхши натижа такрорланди.

Мезбон Хитой кутилганидек юксак натижа қайд этиб, 201та олтин, 111та кумуш, 71та бронза – жами 383та медал билан мутлақ тенгсиз эканини кўрсатди. Чин юрти вакиллари 1978 йилги Осиё Ўйинларидан кейин пешқадамликни Япониядан тортиб олгач, қитъада гегемонлигини давом эттирмоқда.

Медаллар жамғармасида ўтган сафарги учлик ҳам ўзгармади – Япония кетма-кет иккинчи марта 2-ўринни эгаллаган бўлса, Жанубий Корея мухлислари қаршисида ўтган 2014 йилдан кейин 3-ўриндан юқорига кўтарила олмаяпти.

Энг катта ўсиш Ҳиндистонда

Ҳангжоу-2022 турнирида энг катта ўсишни амалга оширган мамлакат – Ҳиндистон бўлди. Ҳиндлар Ўзбекистонни ортда қолдириб, Осиё Ўйинлари тарихида сўнгги 60 йил ичидаги энг яхши натижаси қайд этишди – 4-ўрин. Жами медаллар сони – 107та ва олтин медаллар сони – 28тани ташкил этиб, бу мамлакат ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди.

Таққослаш учун, Ҳиндистон Жакарта-2018 Осиё Ўйинларида 70та медал (16 олтин) билан умумжамоа ҳисобида 8-ўринни эгаллаган бўлса, Инчеон-2014 баҳсларида жами 57та медал (11 олтин) билан ҳам 8-поғонада бўлган.

Ҳиндистон Ўзбекистонни ниманинг эвазига ортда қолдирди?

2018 йилги Осиё Ўйинларида Ўзбекистон мезбон Индонезиядан кейинги 5-ўринни эгаллаган ва бу йил ушбу натижа яхшиланиши кутилганди. Аммо Ҳиндистон спортидаги катта ўсиш сабабли Ўзбекистон Осиё гегемонлари – Хитой, Япония ва Жанубий Кореядан кейинги ўринни эмас, бешликдан жой олди.

Хўш, ҳиндларнинг медаллар сони бўйича ўз тарихидаги энг яхши натижасини қайд этиши қайси спорт турларидаги муваффақият эвазига таъминланди? Биринчи навбатда иштирокчи спортчилар сонининг ошиши билан ҳам боғлиқ – сўнгги 2018 йилги турнирда 570 нафар ҳиндистонлик спортчи қатнашган бўлса, Ҳангжоуда уларнинг сони қарийб 100 нафарга ошди – 661 нафар спортчи.

Ўзбекистонда энг кўп олтинни кураш (4та), бокс (3та) ва дзюдочилар (3та) тақдим этган бўлса, Ҳиндистон муваффақиятини таъминлаган спорт тури эса – ўқ отиш бўлди. Мерганлик бўйича ҳиндлар жами 22та медал – шундан 7та олтин, 9та кумуш, 6та бронза медалига эга чиқишди. Таққослашингиз учун, аввалги Осиё Ўйинлари-2018да ҳиндлар ўқ отишдан жами 9та, шундан 2та олтинга эга чиққанди. Қайд этиш жоиз, бу йил ўқ отиш бўйича 33та олтин ўйналган бўлса, 2018 йилда бу рақам 20тани ташкил этган. Ушбу спорт турида Ўзбекистон бор йўғи битта кумуш ва бронзага эга чиққан.

Олтинлар бўйича Ҳиндистон делегациясига энг кўп медал келтирган иккинчи спорт тури бу – енгил атлетика бўлди. Бу борада жами 29та медал ютилган бўлиб, 6 нафар ҳиндистонлик спортчи чемпионликни қўлга киритди.

Ҳакамларнинг мезбонларга таъсирини исботлаган Индонезия

Хитойда ҳам ҳакамларнинг мезбонларга қанчалик ён босишини каноэ слаломида эшкак эшиш бўйича финалда Анвар Клевлеевдан тортиб олинган олтин медал мисолида гувоҳ бўлдик. Бу билан чин мамлакатининг спортдаги ютуқларини шубҳа остида қолдирмоқчи эмасмиз, бу чемпионлик бўлмаганда ҳам Хитойнинг олтинлари 201та эмас, 200тани ташкил қилган бўларди.

Гап шундаки, мезбонларга ҳакамлар қай даража ён босиши мумкинлигини Индонзия 5 йил ўтиб, исботлаб қўйди. Аввалги Осиё Ўйинлари мезбони саналмиш бу юрт вакиллари Жакарта-2018да жами 98та медал (31та олтин) билан ўз тарихидаги энг яхши натижага эришиб, Ўзбекистонни 5-ўринда ортда қолдирган ҳолда кучли тўртликдан жой олганди. Мезбонликнинг таъсири шу даражада бўлган эканки, Ҳангжоу-2022 баҳсларида Индонезия энг катта пасайиш кузатилган жамоага айланди. Медаллар қарийб уч бараварга қисқарган – 36та медал, шундан бор йўғе 7таси олтин. Аҳолиси қарийб 300 миллион кишига етаётган бу мамлакат умумжамоа ҳисобида 13-ўринга тушиб кетди.

Қозоғистон спортидаги пасайиш ёхуд қўшниларимизда нима гап?

Мустақилликдан кейин Олимпиада ва Осиё Ўйинларида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида кечадиган рақобат икки мамлакат мухлислари ўртасида қизиқиш билан кузатиларди. Тан олиш лозим, 90-йиллар охири ва 2000 йиллар бошигача қозоғистонлик спортчилар Осиё Ўйинларида Ўзбекистонни ортда қолдирган ҳолда камида кучли бешликдан жой оларди. Жакарта-2018дан кейин эса вазият тубдан ўзгарди. Ўзбекистон медаллар жамғармасида топ-5 мамлакатлар қаторидан ўрин олаётган бўлса, шимолий қўшниларимиз турнир жадвалларида пасайишда давом этмоқда.

Инчеон-2014гача 4 ва 5-ўриндан пастламаган қозоқлар Жакарта-2018да 15та олтин билан 9-ўринга тушиб кетганди, Ҳангжоу-2022 медаллар жамғармасида эса олтин медаллар сони бўйича энг ёмон натижасини (10та олтин) қайд этиб, 11-ўринни эгаллади. Бу қозоқ спорти тарихида турнирдаги энг ёмон натижадир. Биргина хурсанд қиладиган жиҳати аввалги турнирдан кўпроқ медал жамғарилди - 80та.

Медаллар жамғармасида Қирғизистон жами 15та, шундан 4та олтин билан 18-ўринда қайд этилди. Улар Жакарта-2018да жами 12та, шундан 2та олтинни қўлга киритиб, 22-ўринни эгаллаганини инобатга олсак, қирғиз спортида ўсиш кузатилаётганини сезиш мумкин. Яна бир қўшнимиз Тожикистон ҳисобида эса жами 7та медал, шундан 2таси олтин бўлиб, улар 24-ўриндан жой олган. Индонезиядаги Осиё Ўйинларида қўшниларимиз 30-ўринни эгаллаганди. Туркманистон эса мусобақани яна олтин медалсиз якунлади – 1та кумуш ва 6та бронза. Мамлакат делегацияси 29-ўриндан жой олган. Аввалги турнирда туркманлар 32-ўринда (1та кумуш, 2та бронза) қайд этилганди. Барча қўшниларимизнинг Ҳангжоудаги олтинларини бирлаштирганда ҳам бу борада Ўзбекистонга етиб олиш қийин.

Усмон Ибодов 

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар