Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасида бўлиб ўтган XIХ ёзги Осиё Ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига табрик йўллади.
«Ҳурматли спортчи ва мураббийлар! Қадрли фарзандларим!
Аввало, Хитойнинг Хангжоу шаҳрида ўтказилган XIХ ёзги Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритганингиз билан сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан.
132 нафар вакилимиз жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради.
Айниқса, ғайрат-шижоатли ўғил-қизларимиз Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Ҳонгконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Хитой Халқ Республикаси, Япония, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан кейин фахрли бешинчи ўринни эгаллаганликлари Ўзбекистон спорти тарихида яна бир ёрқин саҳифа очди, десак, ҳақиқатни айтган бўламиз», - дейилади Шавкат Мирзиёев йўллаган табрикномада.
Маълумот учун, Ҳангжоуда сўнгги 15 кун давомида ўтказилган Осиё Ўйинларида қитъанинг 45 мамлакатидан 12 мингдан ортиқ спортчилар қатнашган баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон – Осиёнинг спорт бўйича энг кучли мамлакатлари бешлигидан ўрин олди. Вакилларимиз медаллар сони ва сифати бўйича ҳам Осиё Ўйинлари тарихидаги рекорд натижасини янгилади – жами 71та медал, шундан 22таси олтин. Ёпилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қатнашди.