«Манчестер Юнайтед» голкипери Андре Онана янги клубидаги фаолияти ўзи истагандек бошланмагани сабабли Африка кубогига боришни истамаяпти.
Журналист Роб Доусон хабарига кўра, камерунлик дарвозабон январ ойида мамлакати миллий жамоаси сафида Африка кубогига бормайди. Онана бор эътиборини клубдаги ишларини яхшилашга қаратмоқчи.
«Манчестер Юнайтед»да Давид Де Хеанинг ўрнига таклиф этилган Онана кетма-кет қўпол хатоларидан кейин танқидлар остида қолиб кетган. Хусусан, шанба кунги «Брентфорд»га қарши баҳсда ҳам у оддий зарбадан кейин дарвозаси дахлсизлигини сақлай олмаган, фақатгина Мактоминейнинг 90+3 ва 90+7-дақиқадаги голлари «МЮ»га ғалаба келтирганди.
Эслатиб ўтамиз, Онана ЖЧ-2022 пайтида Камерун бош мураббийи Ригобер Сонг билан муносабати ёмонлашиб, миллий жамоадаги фаолиятини якунлаганини эълон қилганди. Аммо яқинда интервью бериб, халқаро фаолиятини тиклаганини маълум қилганди.