Футбол мухлисларини яна бир қайноқ уик-энд кутмоқда.
Европада ушбу турлардан сўнг футболчилар терма жамоалар ихтиёрига жўнаб кетишади ва клублар футболи яна икки ҳафтага дам олади. Соғиниб қолмаслик учун дам олиш кунлари кўпроқ футбол кўриш тавсия этилади. Бундан ташқари, келаси ҳафта навбатдаги ўйинлар ёки еврокубоклар йўқлиги туфайли, жамоалар бор эътиборини мана шу учрашувларда ғалаба қозониб, танаффусга яхши кайфиятга чиқиб кетишни ният қилишини ҳам инобатга олиш керак. Табиийки, доим бўлганидек, бу сафар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бўлган бир қатор тўқнашувлар кутиб турибди. Турин дербиси, Англияда йил ўйини, Германияда кашфиёт жамоа олдида жиддий синов, хуллас танловда қийналмаслигингиз учун анъанамизга биноан баъзи ўйинларга батафсилроқ тўхталдик.
ЮВЕНТУС – ТОРИНО (7 октябр, 21:00)
«Торино» охирги марта «Ювентус» устидан 2015 йил апрелида ғалаба қозонган, шундан буён 18 учрашувдан иборат ғалабасиз серия давом этмоқда. Шундай бўлса-да, Турин дербилари доим қизғин ва муросасиз кечиши, турнир жадвалида қандай ҳолат бўлишидан қатъи назар кўпинча дуранг ёки минимал ҳисоблар билан якунланган. Ўтган мавсумнинг икки ўйини ҳам бунга яққол далил – ҳар икки ўйинда ҳам «Ювентус» сўнгги ўн беш дақиқада ҳисобда олдинга чиқиб олишнинг уддасидан чиққан, холос.
«Ювентус» ўтган мавсумларга нисбатан барқарор кўринмоқда. Фақатгина «Сассуоло»га қарши ўйинда жамоа кутилмаганда ҳисоб қайд этди (2:4). Киеза қайтгани, Влаҳович ниҳоят барқарор гол ура бошлагани, шунингдек, рақобатчилардан фарқли равишда еврокубокларда ҳам иштирок этмаслиги инобатга олинса, Аллегри шогирдлари бу сафар чемпионлик пойгасида муносиб иштирок этиши мумкин. Терма жамоалар билан боғлиқ йиғинлардан кейинги илк учрашув сафарда «Милан»га қарши бўлиб ўтади, демак, «Ювентус» кўтаринки кайфиятни сақлаб қолиш учун бу ўйинда очко йўқотмаслиги шарт.
Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар жуда кўп ва бу ҳам орадаги куч мувозанатини яқинлаштиришга ёрдам беради. Душан Влаҳович ва Федерико Киеза ой охиригача сафдан чиқишган. Алекс Сандро ҳам катта эҳтимол билан танаффусдан кейин машғулотларга қайтади. Сон жиҳатдан катта эмас, лекин номи дастлаб тилга олинган икки футболчи «Ювентус»нинг ҳужум чизиғидаги асосий куч бўлиб туришганди. «Торино» сафида Буонжиомо ва Мергим Войвода ўйнай олишмайди, ҳамда улардан ташқари, Зима, Попа, Жижи, Сазонов каби футболчиларнинг дербида қатнашишлари сўроқ остида қолмоқда.
Ўйиннинг ҳар икки томон учун қийин бўлишининг яна бир сабаби, ҳимоя борасида жамоаларда ҳаммаси жойида эканидир. Ҳар иккисида ҳам мавсумда 4 қуруқ ўйин бўлиб, бу томондан А Серияда пешқадамлар гуруҳида боришмоқда. «Торино» турнир жадвалининг қуйи қисмда юрган бўлса-да, атиги 7 гол ўтказиб юборган, холос.
ШТУТГАРТ – ВОЛФСБУРГ (7 октябр, 18:30)
Германиядан аслида Чемпионлар Лигаси икки иштирокчиси – «Унион» ва «Боруссия» Дортмунд учрашувини олиш мумкин эди. Аммо ўтган мавсумда катта шов-шув кўтарган, бу мавсумда эса қаторасига олти ўйиндан бери мағлубиятга учраган «Унион» ҳозирча жума ёмон ҳолатда. Янги қаҳрамон бор – «Штутгарт».
Ўтган йили Бундеслигадан деярли тушиб кетган, фақат ўтиш ўйини орқали жон сақлаб қолган «Штутгарт»га нимадир бўлди. Жамоани апрелда қабул қилиб олиб, қутқариб қолган Себастиан Ҳёнесс шогирдлари янги мавсумдаги уй учрашувларини икки марта 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаши катта воқеа бўлса-да, буни орада «Лейпциг»дан 1:5 ҳисобда ютқазиб келишгани учун беқарор бир жамоанинг мантиққа тескари бўлган натижаларига йўйиб қўя қолишди. Аммо «Штутгарт» ҳазиллашмаётганди. Кубок ўйинида аввал 4:0, кейин 8:3 ҳисобидаги ғалабалар, майли, қуйи лига вакили устидан бўлса-да, бир нарсани, «Штутгарт»да гол уриш борасида ростан ҳам муаммо йўқлигини исботлаётганди. Кейин лигада яна қаторасига уч ғалаба қайд этилди, жамоа 6 турдан сўнг ҳатто «Бавария»дан ҳам кўпроқ очко жамғариб, 2-ўринда жойлашиб турибди. Олти ўйинда 19 гол, 27 ёшли гвинеялик ҳужумчи Серу Гирасси эса, 10 гол билан тўпурарлар жадвалини бошқармоқда. Ўтган мавсумда ижара асосида тўп суриб, барча мусобақаларда 14 гол урган ҳужумчи бу мавсумда барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда 7 ўйиннинг ўзида 11 гол уриб бўлди.
Аммо бир нарсани тан олиш керак, «Штутгарт» дастлабки турларда мағлуб этган беш жамоанинг тўрттаси ҳозирда турнир жадвалининг сўнгги тўрт поғонасини эгаллаб турибди. Тўғри, «Штутгарт»нинг аввало ўша ғалабаларни қандай тарзда қўлга киритгани кўпроқ гапирилмоқда, лекин ҳақиқий синов, албатта, кучлироқ савиядаги рақибларга қарши бошланади. Табийки, «Волфсбург» мана шундай рақиблардан бири.
Тўғри, «бўрилар» бироз пастроқда, 6 ўйинда 4 ғалаба ва 2 мағлубият. Лекин жамоа «Ҳоффенҳайм» ва «Боруссия» Дортмунд билан сафарда ўйнаганини ҳам инобатга олиш керак. Дарвоқе, «Волфсбург»нинг ҳам ўз «гирасси»си бор – Жонас Винд. Даниялик ҳужумчи 7 гол урган ва у ҳам тўпурарлар рейтингида кучли учликдан жой олиб турибди. Винд гол урса, жуфт қилиб уради, ушбу мавсумнинг ўзида уч марта дубл қайд этишга муваффақ бўлди.
БРАЙТОН – ЛИВЕРПУЛ (8 октябр, 18:00)
Бу ўйинда анча кўп гол бўлса керак. Биринчидан, «Брайтон» Европада энг сермаҳсул ўйинлар иштирокчиси бўлиб турибди. Жамоа жуда кўп вазият яратади ва ўз дарвозаси олдида ҳам жуда кўп имкон беради. «Брайтон»нинг бу мавсумда барча мусобақалар доирасидаги 10 учрашувида жами 43 гол урилган, бу ҳар ўйинда камида 4 гол деганидир. Иккинчидан, бундай сценарийда «Ливерпул» ҳам ўзини жуда яхши ҳис қилади. Учинчидан эса, ҳар икки клуб пайшанба оқшомида Европа Лигасида ўйин ўтказишди. Яъни жисмоний томондан тўлиқ тикланиб улгурмаган футболчилар кўпроқ хатолар қилиши мумкин. Бу эса, табиийки, голлар ҳам кўп бўлишига сабаб бўлади.
Ўтган тур икки жамоа учун ҳам аномал даражада муваффақиятсиз кечди. «Брайтон»нинг Бирмингҳэмдаги 1:6 ҳисобидаги йирик мағлубияти анча кутилмаган сюрприз бўлса, «Ливерпул» «Тоттенҳэм» билан муносиб курашди, аммо ҳакамлар яққол голни инобатга олмагани, бунинг устига икки футболчи четлатилиши қимматга тушди. Умуман, «Брайтон» сўнгги ўйинларда бироз ортга тисарилгандек – «Олд Траффорд»даги ажойиб перформансдан кейинги ўйинларда муаммоларга дуч келмоқда. Шу орада Европа Лигасида бир дуранг ва бир мағлубият, Лига кубогида мағлубият ва АПЛда ҳам юқорида тилган олинган йирик ҳисоб қайд этилди. Жамоа бир неча фронтда курашни бошлагани муаммо туғдирган бўлиши мумкин, зеро «Брайтон» тарихида илк марта еврокубокларда иштирок этяпти.
Ҳар икки жамоада ҳам таркиб бўйича муаммолар етарли. Мезбонлар Лаллана, Милнер каби футболчилардан фойдалана олмайди. Шунингдек, Первис Эстипунян камида икки ойга сафдан чиқди. Футболчи ўнг қанот ҳимоясида ҳам, ҳужумлар ташкил қилишда ҳам етакчига айланиб бораётганди. «Ливерпул» эса «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда биратўла уч футболчисидан айрилди. Коди Гакпо ўзи гол урган вазиятда оёғини қайириб олди ва бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. Ўша ўйинда қизил карточка олган Кетрис Жонс ва Диогу Жота эса дисквалификация туфайли ўйнамайди. Байжетич, Алкантара каби футболчилар машғулотларга қайтган бўлишса-да, терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан сўнггина тўлиқ тикланади.
АТЛЕТИКО – РЕАЛ СОСИЕДАД (8 октябр, 19:15)
Ҳар икки жамоа ҳам Чемпионлар Лигасида ажойиб натижалар қайд этишди ва кўтаринки кайфиятда ушбу марказий ўйинга етиб келмоқда. Айниқса, «Сосиедад»нинг охирги натижалари диққатга сазовор – қаторасига тўрт ғалаба ва сўнгги уч ўйинда умуман ўз дарвозасини дахлсиз сақламоқда. Ўтган турда Баксония дербисида анча кучли бўлган «Атлетик» йирик ҳисобда доғда қолдирилди. Кубо эса Ла Лиганинг сентябр ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди. Дарвоқе, бу ўйин сўнгги кун юлдузлари ўртасидаги жанг ҳам, зеро Алваро Мората «Атлетико» сафидаги ЕЧЛ ўйини учун ушбу мусобақанинг ҳафта ўйинчиси деб топилди.
Турнир жадвалида жамоалар қўшни бўлиб туришибди, аммо мадридликларда бир ўйин захира ҳам бор. Йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда, Симеоне шогирдлари пешқадамдан 2 очкога ортда бормоқда, холос. Табиийки, «Сосиедад» ҳам ЕЧЛ ўринлари учун курашишда давом этади.
Ўзаро ўйинларга келсак, анча муддат «Атлетико»да устунлик яққол бўлганди, аммо сўнгги йилларда басклар бу жамоага қарши натижага эришишни ўрганиб ҳам олди. Ўтган мавсумда «Атлетико» бир дуранг ва бир ғалабага эришган, аммо бир йил олдин «Сосиедад» рақибини Испания кубогидан чиқариб юборганди. Мадриддаги охирги 4 ўйиннинг иккитасида меҳмонлар бир очко олиб кетишнинг уддасидан чиққан. Жамоалар мавсумга тайёргарлик чоғида ҳам, август ойи бошида ўртоқлик учрашувида куч синашишди. Ушбу ўйинда ҳисоб очилмаганди.
Мезбонлар таркибида Лемар, Витоло каби футболчилардан ташқари, Хименес, Корреа ва Депай ҳам ҳали тўлиқ тикланиб улгуришмади. Саулнинг ҳам жисмоний зўриқиш сабабидан бу ўйинни ўтказиб юбориш эҳтимоли мавжуд. Меҳмонлар таркибида асосан қанот ҳимоячилари – Одриосола ва Тирни ой охиригача майдонга туша олишмайди.
Юқорида ҳар икки жамоа ЕЧЛда иштирок этгани айтиб ўтилганди. «Сосиедад» ўз ўйинини бир кун олдин ўтказгани қандайдир устунлик бериши мумкин. Аммо шуни ҳам эътиборга олиш керакки, «Атлетико» ўз ўйинини уйида ўтказди ва бу учрашувни ҳам Мадридда қабул қилмоқда. Австрияга бориб келган «Сосиедад» эса Мадридга сафар қиляпти. Демак, бу борада имкониятлар деярли тенг .
АРСЕНАЛ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (8 октябр, 20:30)
Қаторасига учинчи ўйиндирки, «Арсенал» ва «Манчестер Сити» ўртасидаги ўйин АПЛда биринчи ва иккинчи жамоалар тўқнашувига айланмоқда. Шунинг ўзи Англиядаги сўнгги йиллардаги кучлар мувозанатини кўрсатиб турибди.
Трансфер ойнаси ва мавсум бошидаги шартлардан келиб чиқсак «Арсенал» бу сафар ҳам чемпионлик учун қаттиқ кураш олиб боришини кутиш мумкин. Биринчидан, «Арсенал» ёзни фаолроқ ўтказди ва эътиборли харидларни амалга оширди. Иккинчидан, «Манчестер Сити»да таркибда муаммолар бор. Гундўған ва Маҳрез кетишидан ташқари, жамоанинг асосий етакчиси Кевин де Брюйне жароҳат олиб сафдан чиққан. Шу ҳолатда ҳам «Манчестер Сити» деярли йўқотишсиз бораётгани таҳсинга сазовор, албатта. Айниқса, аргентиналик вундеркинд Алварес кашф этилди дейиш мумкин, у ҳам Силва, ҳам де Брюйненинг вазифасини бир пайтда амалга оширишнинг уддасидан чиқмоқда.
Бу муаммоларга Родрининг дисквалификацияси ҳам қўшилганини инобатга олсак, меҳмонларнинг имконияти янада пасайиб кетиши лозим эди. Аммо «Арсенал» ҳам мазкур учрашувга оптимал ҳолатда етиб келмаяпти. Аввалроқ Габриел Мартинелли сафдан чиққан, аммо Троссар ва Жезуснинг қайтиши балким бу йўқотишнинг таъсирини камайтириши кутилганди. Аммо Чемпионлар Лигаси ўйинида Букайо Сака ҳам майдонни эрта тарк этди. Артета ҳали аниқ маълумот бермаган бўлса-да, Саканинг бу ўйинда қатнашиши даргумон. Салкам икки мавсум бирорта ҳам ўйинни ўтказиб юбормаган футболчини йўқотиш «Арсенал»га кўпроқ таъсир қилса керак, зеро бу «Арсенал»ни ҳали Сакасиз кўрганимиз йўқ.
«Арсенал» чемпионатда «Сити»га рақобат қилишни ўрганиб олган бўлса-да, майдонда Пеп Гвардиола ҳали шогирдига ютқазмаяпти. Тўғри, августдаги суперкубок учун ўйин, аввалроқ, ковид мавсумида Англия кубоги яримфиналида «Арсенал»нинг қўли баланд келган, аммо АПЛ доирасида ишлар жуда ёмон. Чемпионатда 12 учрашувдан бери «Арсенал» ҳатто дуранг ҳам қайд эта олгани йўқ. Лондонликларнинг сўнгги ғалабаси эса узоқ 2015 йилда, Гвардиола «Бавария»ни бошқараётган, Артета «Арсенал»да футбол ўйнаб юрган пайтларда рўй берган.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
7 октябр. ИНТЕР – Болоня (18:00), ЛЕЙПЦИГ – Боҳум (18:30), Бёрнли – ЧЕЛСИ (19:00), МЮ –Брентфорд (19:00), РЕАЛ МАДРИД – Осасуна (19:15)
8 октябр. Вест Ҳэм – НЮКАСЛ (18:00), Лацио – АТАЛАНТА (18:00), Байер – Кёльн (18:30), БАВАРИЯ – Фрайбург (20:30), НАПОЛИ – Фиорентина (23:45), Ренн – ПСЖ (23:45), Гранада – БАРСЕЛОНА (23:55)