Осиё Ўйинлари бугунги кун дастуридан ўрин олган баҳсларда ўзбекистонлик эркин курашчилар медаллар учун курашмоқда.
74 кг вазн тоифасидаги Бекзод Абдураҳмонов нимчорак финал босқичида Баҳрайн вакили Магомедрасул Аслуев билан тўқнаш келди. Беллашув 2:0 ҳисобида ҳамюртимиз фойдасига якунланди. Чоракфиналда эса Абдураҳмонов қозоғистонлик Дархан Ессенгалини 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди. Финал йўлланмаси учун курашда эса ҳамюртимиз япониялик Кирин Киношитага 0:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Шу тариқа, Бекзод Абдураҳмонов ҳам бронза учун курашадиган бўлди.
86 кг вазн тоифасида Жавраил Шапиев нимчорак финал доирасида покистонлик Ҳайдер Али Буттга қарши гиламга чиқди. Беллашув 11:0 ҳисобида спортчимиз фойдасига якунланди. Спортчимиз чоракфинал жангида қозоғистонлик Азамат Даулатбеков билан тўқнаш келди ва 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Яримфиналда эса ҳиндистонлик Дипак Пунья билан баҳс олиб борган вакилимиз ҳам афсуски, 3:4 ҳисобида аламли мағлубиятга учради. У ҳам бронза учун курашадиган бўлди.
Энг оғир 125 кг вазн тоифасида эса Ҳасанбой Раҳимов илк беллашувида кореялик Юн Жунгни 9:0 ҳисобида мағлубиятга учратди ва чоракфинал масаласини ҳал қилди. Чоракфиналда эса япониялик Таики Ямамотони 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Афсуски, Ҳасанбой Раҳимов ҳам яримфиналда мўғулистонлик Лаҳвагерел Мунҳтурга қарши баҳс олиб бориб, 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа, Ҳасанбой ҳам бронза медали учун курашади.
Жакарта-2018 бронза медали соҳиби саналмиш 97 кг вазн тоифасидаги Магомед Ибрагимов эса бу сафар медалсиз қолди. У бронза медали учун ўтиш босқичида мўғулистонлик Ганҳуяг Ганбатаар билан баҳс олиб бориб, 4:14 ҳисобида мағлубиятга учради.
Олдинда вакилларимиз бронза медаллари учун кураш олиб боришади. Тошкент вақти билан 14:00 да эркин кураш бўйича ҳал қилувчи баҳслар бошланади. Ўзбекистон миллий жамоасининг уч нафар вакили бронза медали учун гиламга чиқади:
74 кг. Бекзод Абдураҳмонов - Перман Ҳоммадов (Туркманистон)
86 кг. Жавраил Шапиев - Магомед Шарипов (Баҳрайн)
125 кг. Ҳасанбой Раҳимов - Айял Лазарев (Қирғизистон).