Осиё Ўйинларида ўзбекистонлик мухлисларнинг асосий эътибори одатдагидек боксчилар ва яккакураш спорт турларига қаратилар эди. Темур Кападзе мураббийлигидаги футболчиларимиз 29 йил аввалги натижани такрорлаб, турнирнинг яримфиналига йўлланма олгач, футболчилардан ҳам медал кутиш мумкинлигини кўрсатишди. Бугун эса Ўзбекистон финал йўлланмаси учун курашда Жанубий Кореяга қарши саф тортади.
Ўзаро ўйин: 29 йил аввалги тўқнашув
Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг Осиё Ўйинларидаги илк тўқнашуви 1994 йил Хиросимада ўтган турнирда қайд этилган. 29 йил аввалги баҳсда ҳам бу рақиблар яримфиналга ўзаро тўқнаш келган ва Азамат Абдураимовнинг ягона голи Рустам Акромов ва Биродар Абдураимов мураббийлигидаги вакилларимизга финал йўлланмасини тақдим этганди. Темур Кападзе шогирдлари ушбу тарихий натижани такрорлаши талаб этилади.
Яримфиналга ким қандай етиб келди?
Ўзбекистон жой олган гуруҳда Афғонистон ва Сурия олимпия жамоалари Хитойдаги турнирга келишдан бош тортгач, ташкилотчилар қарорига кўра, вакилларимиз гуруҳдаги Ҳонгконгга қарши икки ўйин натижасига кўра, 1-ўрин соҳибини аниқлаши лозим эди. Ҳонгконг устидан икки ғалабага эришган олимпиячилар нимчоракфиналда Индонезияни мағлуб этишди. Чоракфиналда эса Саудия Арабистони уйига равона қилингач, Жанубий Корея яримфиналдаги рақибимизга айланди.
Жанубий Корея эса гуруҳ босқичида Кувайт, Таиланд ва Баҳрайн устидан йирик ғалабаларга эришиб, нимчоракфиналда ҳам Қирғизистонни аяб ўтирмади. Чоракфиналда эса мезбонлар мағлуб этилгач, Ўзбекистонга қарши финал йўлланмаси учун курашадиган бўлди.
Ўзбекистоннинг яримфиналга қадар ўйинлари:
1-тур. Ўзбекистон – Ҳонгконг – 1:0
2-тур. Ўзбекистон – Ҳонгконг – 2:1
1/8 финал. Ўзбекистон – Индонезия – 2:0
1/4 финал. Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 2:1
Яримфинал: Жанубий Корея – Ўзбекистон
Жанубий Кореянинг яримфиналга қадар ўйинлари:
1-тур. Ж.Корея – Кувайт – 9:0
2-тур. Ж.Корея – Таиланд – 4:0
3-тур. Ж.Корея – Баҳрайн – 3:0
1/8 финал. Ж.Корея – Қирғизистон – 5:1
1/4 финал. Ж.Корея – Хитой – 2:0
Яримфинал: Жанубий Корея – Ўзбекистон
Трансфер баҳоси: Қайси жамоа қимматроқ?
Ўзбекистон олимпия жамоаси Осиё Ўйинларида умумий трансфер қиймати бўйича фақатгина Жанубий Кореядан ортда қолмоқда. Корейслар бу борада турнирнинг энг қиммат жамоаси саналади – 42,5 миллион евро. Темур Кападзе шогирдларининг умумий қиймати эса 8,3 миллион еврога баҳоланиб, турнирнинг энг қимматбаҳо 2-жамоасига айланган.
Қайд этиш жоиз, Жанубий Корея U23 жамоаси умумий қийматининг тенг ярмидан кўпроғи фақат бир ўйинчи – Ли Кан Ин трансфер баҳосига тегишли – 22 миллион евро. «ПСЖ»нинг 22 ёшли вингери гуруҳ босқичидан кейин жамоа сафига келиб қўшилган.
Париж клуби ва жамоа устози Луис Энрике ўйинчини Хитойдаги турнирга қўйиб юборишига мажбур эмасди, аммо Ли Кан Ин Жанубий Кореяда мажбурий ҳарбий хизматга боришдан озод бўлиши учун қонунга кўра, энг камида Осиё Ўйинлари ғолибига айланиши шарт. Шу боис Франция клуби ўйинчининг келажагини ўйлаб уни Осиё Ўйинларида ғолиб бўлиш учун қўйиб юборишга қарор қилди. У плей-офф баҳсларида Қирғизистон ва Хитойнинг мағлуб этилишига ҳисса қўшди. Қайд этиш жоиз, 2018 йилги Осиё Ўйинларида Сон Ҳён Мин Жанубий Корея билан чемпионликка эришиб, шу орқали ҳарбий хизматдан озод этилганди.
Ўзбекистон U23нинг энг қимматбаҳо ўйинчилари:
1. Иброҳимхалил Йўлдошев (Нижний Новгород, Россия) – 900 минг евро
2. Ҳусайн Норчаев (Алания, Россия) – 600 минг евро
3. Жасурбек Жалолиддинов (Олимпик, Ўзбекистон) – 550 минг евро
Жанубий Корея U23нинг энг қимматбаҳо ўйинчилари:
1. Ли Кан Ин (ПСЖ, Франция) – 22 миллион евро
2. Хон Хён Сок (Гент, Бельгия) – 5,5 миллион евро
3. Во Енг Жеон (Штутгарт, Германия) – 3,5 миллион евро.
Анонс. Осиё Ўйинлари-2022. Футбол. Яримфинал
Жанубий Корея U23 – Ўзбекистон U23
Хитой, Ҳангжоу. «Huanglong Stadium».
Ўйин бошланиш вақти: 17:00
ТВ-трансляция: Спорт
Усмон Ибодов