Осиё Ўйинлари-2022 футбол дастури яримфинал доирасидаги баҳслар якунланиб, финалчилар ва 3-ўрин учун курашадиган жамоалар номи маълум бўлди.
Ҳангжоудаги ўйинда Темур Кападзе мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушди. 4-дақиқадаёқ Чон Ву Ён ҳисобни очди – 1:0.
25-дақиқага келиб Жасур Жалолиддинов жарима зарбасидан йўллаган ажойиб голи эвазига ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
38-дақиқага келиб эса ҳимоядаги ўта қўпол хатодан кейин Чон Ву Ён осонлик билан дублини расмийлаштирди – 2:1.
Иккинчи бўлимда вакилларимиз ҳисобни тенглаштириш учун ҳар қанча уринишмасин, кореяликлар ғалабани сақлаб қолишди. Устига-устак Бўриев 75-дақиқада иккинчи марта огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди.
Иккинчи яримфинал баҳсида Япония Ҳонгконгни йирик 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шу тариқа, турнирнинг амалдаги чемпиони Жанубий Корея финалда Японияга қарши ўйнайдиган бўлди. Ўзбекистон эса бронза медали учун яна ўша Ҳонконгга қарши майдонга тушади. Бу турнирдаги ўзаро 3-ўйин бўлади. Баҳслар 7 октябр куни бўлиб ўтади.
Осиё Ўйинлари-2022. Яримфинал.
4 октябр (чоршанба)
Жанубий Корея – Ўзбекистон 2:1
Ҳакам: Ашканани Аммар (Кувайт)
Голлар: Чон Ву Ён 4, 38 – Жасур Жалолиддинов 25.
Жанубий Корея: 1.Ли Гванг Йеон, 2.Хванг Жаэ Вон, 4.Парк Жин Сеоб, 14.Ли Хан Беом, 19.Сеол Юнг Ву, 6.Хонг Хюн Сеок, 7. Чон Ву Ён (15.Жунг Хо Йоен, 59), 8.Паик Сеунг Хо (С), 10.Чо Юнг Вук, 11.Ум Вон Санг (20.Ан Жаэ Жун, 66), 18.Ли Канг Ин (17.Сонг Мин Кю, 59).
Ўзбекистон: 12.Владимир Назаров, 2.Саидазамат Мирсаидов, 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 8.Иброҳим Ибрагимов (15.Шерзод Эсанов, 85), 9.Улуғбек Ҳошимов (11.Отабек Жўрақўзиев, 85), 10.Жасур Жалолиддинов (6.Беҳзод Шамсиев, 76), 14.Иброҳимхалил Йўлдошев, 16.Асадбек Раҳимжонов (19.Ҳусайн Норчаев, 46), 17.Абдурауф Бўриев, 18.Алибек Давронов, 20.Русланбек Жиянов (22.Алишер Одилов, 61).
Четлатиш: Абдурауф Бўриев, 75 (2-сариқ).