Про лига навбатдаги тури доирасида «Қўқон-1912» ва «Динамо» клуби ўзаро майдонга тушади. Ушбу баҳсда Суперлиганинг иккинчи йўлланмаси соҳиби аниқланиши мумкин.
ПФЛ хабарига кўра, Про лигада мавсумнинг энг муҳим ўйинларидан бирига айланган қарама-қаршилик UzReportTV томонидан трансляция қилиниб, турнир тарихида илк марта VAR ишлайдиган бўлди.
«Шуни мамнуният билан маълум қиламизки, жорий мавсумдан эътиборан тарихда илк бор — Ўзбекистон Про лигаси баҳсида ВАР технологияси ишлайди.
Ўзбекистон футбол ҳакамлари марказининг саъй-ҳаракатлари натижасида ЎзПФЛ билан ҳамкорликда ушбу мусобақанинг 20-туридан ўрин олган марказий, Суперлига йўлланмаси учун муҳим аҳамиятга эга бўлган «Қўқон-1912» – «Динамо» баҳсида видео ассистентлар хизматидан фойдаланилади.
Шунингдек, келаси мавсумдан бошлаб VAR Про лиганинг ҳар бир турида, имкон қадар кўпроқ учрашувларда ишлаши режа қилинган», - дейилади Ҳакамлар маркази хабарида.
«Про лига 20-туридан олган «Қўқон-1912» — «Динамо» учрашувининг аҳамияти анча юқори. «Локомотив» Суперлига йўлланмасини ўтган турда қўлга киритган бўлса, иккинчи йўлланма айнан Қўқон ва Самарқанд жамоалари ўртасидаги кураш ғолибига насиб қилиши катта эҳтимол.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Про лиганинг марказий ўйинида VAR тизимидан фойдаланиш режалаштирилди. Бу борада «УзРепорт» телеканали ҳам режани қўллаб-қувватлаган ҳолда, учрашувни тасвирга тушириш масаласида ёрдам беришга қарор қилди. 9 октябрь кунги беллашув Қўқон шаҳрида бўлиб ўтади. Айни вақтда VAR тўлақонли ишлай олиши учун техник томондан тайёргарлик ишлари кетмоқда», - дейилади ПФЛ хабарида.
Маълумот учун, «Динамо» 17 ўйиндан кейин 37 очко билан 2-ўринда бўлса, «Қўқон-1912» 18 ўйиндан кейин 36 очко билан 3-ўринда бормоқда. Жамоалар турнир якунигача 20тадан ўйин ўтказишади.