Бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг Осиё Ўйинлари-2022даги финалчилари сони уч нафарга етди.
-57 кг вазн тоифасида иштирок этган Абдумалик Халоков ҳам финалчилар қаторидан жой олди. У яримфиналда хитойлик Динг Люни 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ушбу ғалаба финал билан бирга юртдошимизга Париж-2024 йўлланмасини ҳам тақдим қилди.
Аввалроқ, бокс бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси аъзоси Нигина Ўктамова ва эркаклар жамоаси вакили Тўрабек Ҳабибуллаев бронза медалини қўлга киритиб, боксчиларимизнинг турнирдаги дастлабки икки медалига эга чиққан бўлса, Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов Осиё Ўйинлари-2022 финалига йўлланмани қўлга киритиб, Париж-2024 лицензиясига ҳам эга чиққанди.
Маълумот учун, боксчиларимиз иштирокидаги финал жанглари эртага, 5 октябр куни бўлиб ўтади.