30.09.2023 17:38
1938
«Реал» Каталонияда пешқадамлик учун курашади, «Ливерпул» Лондонда меҳмон. Ҳафта ўйинлари анонси

Қизиқ ҳолат, келаси ҳафта Чемпионлар лигаси ўйинлари борлиги учун топ-клубларнинг деярли ҳаммаси шанба оқшомида майдонга тушади ва энг қизиғи, бугун сизга тавсия қилинаётган учрашувларнинг тўрттаси бир вақтда бўлиб ўтар экан. Ушбу қийин танловда сизга ёрдам бериш мақсадида мазкур ўйинлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтилди.

МИЛАН – ЛАЦИО (30 сентябр, 21:00)

«Лацио» ҳозирча турнир жадвалида пастки поғоналарда юрган бўлса-да, барибир, айниқса, марказий ўйинларда хавфли бўлиб қолаверади. Римликларнинг сафарда «Наполи» устидан ғалаба қозонгани, шунингдек, «Атлетико» билан эсда қоларли учрашуви сўзимизга яққол исбот бўла олади. Бу омил «Милан» учун навбатдаги қийин синов кутиб турганини англатиши турган гап.

«Интер»нинг мағлубияти қайсидир маънода «кўк-қора»ларнинг у қадар мукаммал эмаслиги ва бошқа жамоаларда ҳам имконият бўлишини кўрсатиб берди ва бундан фойдаланиши лозим бўлган кучлардан бири, албатта, «Милан» бўлади. Фақат тўплар нисбати бўйича ҳамшаҳарларидан ортда турган Пиоли шогирдлари «Интер»нинг қоқилишларига тайёр туриши ва имкон қадар очко йўқотмаслиги керак. Миланда 4 учрашувдан бери «Лацио»ни енгиб келаётган мезбонлар ушбу анънанани давом эттиришига тўғри келади.

«Милан» ҳозирда гол уриш бўйича А Сериянинг пешқадамларидан бири бўлиб турибди. «Лацио» эса ҳимояси билан мақтана олмайди. Ҳар икки жамоа ҳам уч кун олдин 6-турда майдонга тушишди, ҳар иккисини келаси ҳафта Чемпионлар Лигаси кутиб турибди. Хулоса қилиш мумкинки, бу ўйин хатолардан ҳоли бўлмаган, анча очиқ томоша бўлади. Хатолар эса биламизки, голларни кўпайтиради, ўйинни янада қизиқроқ қилади.

Таркиблар борасида «Милан» келаси ой охиригача Раде Крунични майдонга тушира олмайди. «Лацио» сафида эса Алессио Романьолининг йўқлиги билинса керак. Тажрибали ҳимоячи «Торино»га қарши ўйинни тўлиқ ўтказган бўлса-да, кейинчалик бурнини операция қилдиргани маълум бўлди. Бу сабаб билан у камида яна икки ҳафта машғулотларга қайта олмаса керак.

ТОТТЕНҲЭМ – ЛИВЕРПУЛ (30 сентябр, 21:30)

«Манчестер Сити»ни қавс ичига олсак, янги мавсумда энг яхши ўйин кўрсатаётган икки жамоа АПЛ марказий ўйинида тўқнаш келадилар. «Брайтон» ва «Арсенал» мухлислари хафа бўлишмасин, лекин тан олиш керак, бу жамоаларнинг кўрсатаётган ўйини сюрприз эмас, кутилган эди. Янги мураббий билан ва Ҳарри Кейнсиз «Тоттенҳэм» ҳамда яримҳимоясини бутунлай янгилаган «Ливерпул»нинг мавсумни бу тарзда юқори даражада бошлаши ростан ҳам турнирни безаб бермоқда. Энг муҳими, жамоаларда ўсиш учун ҳам ҳали салоҳият кўриниб турибди.

«Тоттенҳэм» аллақачон «МЮ», «Арсенал» каби топ-рақиблар билан ўйнаб бўлди ва ҳар икки учрашувда ҳам ташаббускор ўйин намойиш этди. Айнан шу томони жамоанинг бошқа йўналишга ўзгараётганидан дарак. «Ливерпул» эса Юрген Клопп характерига монанд равишда ирода ва руҳиятни намойиш қилмоқда. Жамоа жуда кўп марта, ҳатто Европа Лигасида ҳам иродали ғалабаларга кўп эришди. Табиийки, олов ва муз тўқнашуви, тизим ва хаос қарама-қаршилиги АПЛ мухлислари учун навбатдаги шедевр сценарийни тақдим этса ажаб эмас.

Сценарий ҳақида гап кетганда, ушбу жамоаларнинг сўнгги учрашувини ҳам эслаб ўтиш керак. Эсингизда бўлса, «Тоттенҳэм» «Энфилд»да 0:3 ҳисобини 3:3 га айлантирган, аммо сўнгги дақиқаларда мезбонлар ғалаба голини урганди. Умуман олганда, сўнгги йиллардаги деярли барча ўйинлар муросасиз кечаётган бўлса-да, 12 ўйиндан буён «Тоттенҳэм» «Ливерпул»ни енга олмаётгани бироз кутилмаган факт. Юрген Клопп «Ливерпул»га келган илк ўйинларидан бирини айнан «Тоттенҳэм»га қарши голсиз дуранг билан бошлаганди ва шундан бери жами 18 учрашувда атиги бир марта мағлубиятга учраган, холос. Почеттинодан кейин Нуну Сантуш, Моуриньо, Конте-ю Мейсонлар амалга оширилмаган ишни Постекоглу илк уринишида бажаришга ҳаракат қилиб кўради.

Мезбонлар сафида узоқ муддатга сафдан чиққан Иван Перишичнинг жароҳати янгилик, аммо усиз ҳам лондонликлар дербида жуда яхши ҳаракат қилишди. Аммо ўша ўйинда анча яхши таассурот қолдирган Бреннан Жонсоннинг йўқлиги кўпроқ сезилса керак. Афсуски уэльслик футболчи камида бир ой шерикларига ёрдам бера олмайди. «Ливерпул»га эса Трент Александр-Арнолднинг бу сафар ҳам майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Агар жамоаларнинг спорт формаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, табиийки, мезбонларда имконият кўпроқ. Чунки «Ливерпул» ҳафта ўртасида «Лестер» билан Лига кубоги доирасида учрашув ўтказди ва асосий таркибдаги аксарият футболчилар майдонга тушди. «Тоттенҳэм» эса ушбу мусобақадан анча олдин чиқиб кетгани боис, олдинги турдан бери майдонга тушмади. Умуман бу устунлик йил бўйи «Тоттенҳэм»га устунлик берса керак, зеро юқори ўриндаги жамоалар ичида фақат «Тоттенҳэм»да еврокубок ҳам йўқ.

ЖИРОНА – РЕАЛ МАДРИД (30 сентябр, 21:30)

Турнир жадвалини бошқариб турган Каталония ва Мадрид клуби тўқнашади, десак, бу мавсумдан хабари йўқ кимдир ҳеч қачон жамоалардан бири «Жирона» эканини тахмин ҳам қила олмаса керак. Айни пайтда «Барселона» 1-ўринда бормоқда, лекин йўқотилган очколар бўйича ҳисобласак, шу турдан кейин пешқадамлик айнан мана шу ўйиннинг ғолибига ўтиши факт. Ҳа, бу вақтинчалик бўлиши мумкин, ҳа, эндигина 7 тур ўтди, тўғри, лекин энг камида, айнан шу паллада «Жирона» анча кучли ўйин намойиш этаётганини тан олишга мажбурмиз.

«Жирона» лигада ҳали мағлубиятга учрамаган икки жамоадан бири, урилган голлар бўйича ҳам фақат кеча ўз ўйинини ўтказиб улгурган «Барселона»дан ортда бормоқда холос. 1-турда Сан-Себастиандаги дурангдан сўнг қаторасига 6 учрашувда «Жирона» ғалаба қозонди. Яъни оддий рақиблар эмас, «Севилья», «Вильярреал» каби етакчилар ҳам сафарда мағлубиятга учратилди. Энди бунга, ўтган мавсумда «Жирона» ўз майдонида «Реал»ни 4:2 ҳисобида енгганини, умуман бу жамоа Ла Лигага чиққанидан буён тўрт йил ичида икки марта мадридликлар устидан ғалаба қозонганини қўшинг. Албатта, бу ўйин Анчелотти шогирдлари учун осон бўлмаслиги келиб чиқади.

Мадридликлар учун яхши хабарлардан бири, ниҳоят Винисиус сафга қайтди ва ўтган ўйинда иккинчи таймда майдонга тушди. Беллинҳэмнинг сеҳри тугаб бораётган бир пайтда асосий гол урувчилардан бирининг қайтиши ёрдам беради. Аммо Давид Алабанинг жароҳати ҳозир керак эмасди. Ҳимоячи «Лас Палмас»га қарши ўйиннинг 1-таймида алмаштирилди ва хабарларга кўра, камида икки ҳафта майдонга туша олмайди. Шунингдек, бу ўйинда дебют қилиши кутилган Арда Гулер ҳам навбатдаги жароҳатини олди ва мадридликлар сафидаги илк ўйинини яна бир ойга кечиктирди. «Жирона» сафида йўқотишлар йўқ. Агар ўтган ўйинда «Реал» дарвозасига 4 гол урган, аммо ҳозирда «Лацио»га ижарага бериб юборилган Валентин Кастеляносни айтмаса...

ЛЕЙПЦИГ – БАВАРИЯ (30 сентябр, 21:30)

Навбати билан «Боруссия», «Байер» каби жамоалар «Бавария»га чақирув ташлаб турсалар-да, сўнгги йилларда айнан «Лейпциг» билан ўзаро ўйинлар «Бавария» учун жиддийроқ тус олмоқда. Агар алоҳида ўйинда мюнхенликларга ким муносиб қаршилик қила олади, деганда ҳам кўпроқ «Лейпциг» хаёлга келади. Бунга сабаб жамоанинг бироз фарқли бўлган ўзига хос тизимли ўйин услуби бўлса, иккинчидан, сўнгги ўйинлардаги натижалар ҳам кўрсатиб турибди.

Мюнхендаги сўнгги учрашувда «Лейпциг» 3:1 ҳисобида ишончли ғалабага эришгани ҳамманинг, айниқса, дортмундлик мухлисларнинг ёдида бўлса керак. Айнан ўша мағлубият «Бавария»нинг чемпионликдан маҳрум қилишига оз қолганди. Мавсум бошида эса, «редбулчи»лар ниҳоят рақибни совринсиз қолдиришди. Суперкубок учун ўтказилган баҳс Ольмонинг ҳет-триги ва «Лейпциг»нинг йирик ғалабаси билан якунланди. Бу ўйиндаги ғалаба эса «Лейпциг»га рақибини қувиб ўтиш ва ҳатто Бундеслига пешқадамига айланиш имконини тақдим этади. «Боруссия» кеча ғалаба қозониб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олган бўлса-да, «Лейпциг», «Бавария», «Штутгарт» ва «Байер» йўқотилган очколар бўйича яхшироқ кўрсаткичга эга.

Афсуски, юқорида тилга олинган ҳет-трик муаллифи бу ўйинда жамоасига ёрдам бера олмайди. Ольмо терма жамоа йиғинларида жароҳат олган ва яна бир ойдан кейин тўлиқ формасига қайтса керак. Ҳужум чизиғидаги бошқа вариант бўлмиш Тимо Вернернинг қайтиши ҳам тахминан ўша пайтларга тўғри келади. Вилли Орбан икки ой яна майдонга туша олмайди. «Бавария» сафида эса Де Лигт яна тиззасидан жароҳат олди ва қисқа муддатга таркибда бўлмайди. Серж Гнабри куни кеча ўтказилган кубок ўйинидан сўнг қўлидан жароҳатланиб, икки ой майдонга тушмайдиган бўлди. 

РЕАЛ СОСЬЕДАД – АТЛЕТИК (30 сентябр, 23:55)

Баск дербилари икки йилдан буён нафақат шунчаки дерби, балким турнир жадвалида еврокубоклар ўрни учун рақобат, Баскониянинг асосий жамоаси номи учун жангга айланиб боряпти. Авваллари «Сосьедад» имкон қадар барқарорликка интилар, «Атлетик» эса, айниқса, пешқадамларга қарши муносиб тура оладиган, ўз муҳитига эга бўлган кубок жамоаси эди. Валверде бильбаоликларни ўзгартирди ва катта эҳтимол билан ҳеч бўлмаса, мавсумнинг биринчи ярмида ҳатто ЕЧЛ ўринлари учун даъвогарлик қилса ажаб эмас. «Реал Сосьедад» аллақачон ЕЧЛ иштирокчисига айланди, бу сафар ушбу натижани сақлаб қолишга интилади.

Ўзаро ўйинларга келсак, сўнгги ўн йилликда мутлақо тенгликни кузатишимиз мумкин. Ҳар икки томонда ҳам 10тадан ғалаба бор. Ўтган мавсумдаги баҳсларда мезбонларнинг қўли баланд келган. Бильбаода 2:0, Сосьедадда эса 3:1 ҳисоби қайд этилган. Иккала жамоа ҳам бу мавсумда фақат биттадан мағлубиятга учради. Қизиғи, ҳар икки жамоани ҳам фақат «Реал Мадрид» мағлуб эта олди. Демак мағлуб бўлишни деярли билмаётган икки муносиб рақиб ўртасидаги баҳс ҳақиқатан ҳам дербидан-да қизиқроқ бўлиши керак.

«Атлетик»нинг ҳужумкор яримҳимоячиси Ойан Сансет «Хетафе»га қарши ўйинда ҳакам томонидан майдондан четлатилганди. Дисквалификация туфайли у майдонга туша олмайди. Шунингдек, Де Галареттада ҳам жароҳат бўлиб, келаси ой охиригача шерикларига ёрдам бера олмаслиги маълум бўлди. Мезбонлар эса, янги трансфер Арсен Захаряндан фойдалана олмаслиги тахмин қилинмоқда. Россиялик футболчида вирус аниқланган.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

30 сентябр. Астон Вилла – БРАЙТОН (16:30), Лечче – НАПОЛИ (18:00), Борнмут – АРСЕНАЛ (19:00), МЮ – Кристал Пэлас (19:00), НЬЮКАСЛ – Бёрнли (19:00) Вулверҳэмптон – МАНЧЕСТЕР СИТИ (19:00), Клермон – ПСЖ (20:00), Салернитана – ИНТЕР (23:45)

1 октябр. Аталанта – ЮВЕНТУС (21:00), РОМА – Фрозиноне (23:45), Монако – Марсель (23:55)

2 октябр. Фулҳэм – ЧЕЛСИ (23:55).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар