29.09.2023 20:45
1771
Теглар
«Хиросима-94да чемпион бўлганимизда Оксана бронза ютганди, орадан 29 йил ўтиб у медаллар учун курашмоқда. Ҳақиқий чемпион!». Илҳом Шарипов Чусовитина ҳақида

Хитойда ўтаётган Осиё Ўйинларида қатнашаётган ўзбекистонлик спортчилари орасида энг тажрибалиси Оксана Чусовитина саналади. Бу турнирда 6-маротаба иштирок этган 48 ёшли атлетимиз бу гал аламли тарзда медаллардан қуруқ қолган бўлса-да, кўпчилик мухлис ва мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.

1994 йилги Осиё Ўйинлари ғолиби бўлган Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчиси Илҳом Шарипов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда Оксана Чусовитина турнирда медалсиз қолган бўлса-да, мусобақанинг ҳақиқий қаҳрамони деб атади.

«Оксана Чусовитинанинг Осиё Ўйинларидаги чиқишларини алоҳида қизиқиш билан кузатдик. Чунки у нафақат ўзбек спорти, балки жаҳон спортининг ҳақиқий тирик афсонасидир. Спортчимиз 4-ўринни эгаллаб, аламли тарзда медалсиз қолди. Шунга қарамай, биз учун у ҳақиқий чемпион! Унинг матонатига қойил қолмай илож йўқ.

Биз Ўзбекистон миллий жамоаси билан Хиросимада ўтган 1994 йилги Осиё Ўйинларида чемпион бўлганимизда, Оксана бронза медали ютганди. Орадан 29 йил ўтди. Ўзбекистон илк марта қатнашган Хиросима-94 турнири иштирокчилари, совриндорларининг айримлари ҳозир орамизда йўқ, борлари ҳам аллақачон мураббий, мутахассис сифатида ишлаб келмоқда, аксарияти нафақада неваралари билан машғул. Чусовитина эса ҳақиқий профессионаллардек ишлашдан тўхтаётгани йўқ, кўп марта медаллар ютди, ҳозир ҳам 29 йил аввалгидек юртимиз шаъни учун медалга курашди. Бунинг ортида қанчалик меҳнат турганини фақат ўзи ҳис қила олса керак. Чусовитинанинг Хитойдаги иштироки таҳсинга сазовор. У бу сафар медал ютолмаган бўлса ҳам, эътирофга муносиб. Унинг ҳамон куч ва ғайратга тўла экани, спортни қанчалик севиши ҳайратланарли», - дейди Хиросима-1994 чемпиони Илҳом Шарипов.

Маълумот ўрнида, Ҳангжоудаги пайшанба кунги баҳсларда Чусовитина таяниб сакраш дастурида финалда иштирок этиб, ўз дастурларини 13.383 балл билан тўртинчи ўринда якунлади.

Аввалроқ, 48 ёшли гимнастикачи турнирдаги иштирокидан кейин интервью бериб, 2026 йилда Японияда ўтадиган Осиё Ўйинларида ҳам иштирок этиши мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, Оксана Чусовитина спортчилар орасида Олимпиадалар тарихида энг кўп – 8 марта иштирок этган рекордчи ҳисобланади. У Осиё Ўйинларида ҳам 6 марта иштирок этиб, жами 8та, шу жумладан иккита олтин медал соҳибига айланган.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар