Осиё Ўйинлари-2022 бугунги баҳсларида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси делегациямиз ҳисобига яна битта олтинни келтиришди.
Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон аёллар жамоаси ажойиб ғалабага эришди. Зайнаб Дайибекова, Гулистан Пердибаева, Паола Плиего ва Фернанда Эррера тўртлигидан иборат жамоамиз шиддатли руҳда кечган финал жангида япониялик рақибларини 45:42 ҳисобида мағлубиятга учратиб, Осиё Ўйинлари чемпионига айланишди.
Қайд этиш жоиз, бу қиличбозлик спортида Осиё Ўйинларида қўлга киритилган биринчи олтин медал саналади.
Маълумот учун, чоракфиналда Сингапурга қарши баҳс олиб борган қизларимиз 45:32 ҳисобида ғалаба қозониб, яримфиналга йўл олганди. Финал йўлланмаси учун курашда эса вакилларимиз мезбонлар устидан 45:43 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Шу тариқа, Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги жами олтинлари сони 7тага етди. Вакилларимиз жами 32та медал билан умумжамоа ҳисобида 6-ўринда бормоқда.