«Рома» бош мураббийи Жозе Моуриньо Жейдон Санчонинг «МЮ» бош мураббийи Эрик тен Ҳаг билан келишмовчилигидан фойдаланиб қолмоқчи.
Il Romanista нашри хабарига кўра, Моуриньо клуб раҳбариятидан қишки трансфер ойнасида «Манчестер Юнайтед» вингерини ҳар қанақасига сотиб олишни талаб қилмоқда. Англиялик футболчи Эрик тен Ҳаг билан муносабати совуқлашгач, жамоа сафидан четлатилган.
Қайд этилишича, «МЮ» Санчо трансфери бўйича ким кўпроқ маблағ таклиф этса, Жейдон билан хайрлашишга тайёр.
Аввалроқ, Санчо «МЮ» машғулот базасига ҳам киритилмаётгани ҳақидаги хабарлар фонида «инстаграм» саҳифасини ўчириб қўйганди. Эрик тен Ҳаг ҳамон футболчининг ўзи ва жамоадошларидан узр сўрашини хоҳламоқда, футболчи эса уни етарлича тайёргарлик кўрмаётганликда танқид қилган мураббийдан ижтимоий тармоқларда жавоб қайтаргани учун кечирим сўрамоқчи эмас.
Маълумот учун, Жейдон жорий мавсум АПЛда 3 ўйинда майдонга тушганди.