Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов Осиё ўйинларини ажойиб ғалаба билан бошлади.
Жанубий кореялик Цехеонг Жога қарши жангда яққол устунлик қилган Дўсматов кейинги босқич масаласини муддатидан аввал ҳал қилди. Шифокорлар 2-раундда Ҳасанбойнинг кучли зарбалари натижасида жароҳат олган рақибга жангни давом эттиришга рухсат бермади.
Вакилларимиз иштирокидаги яна бир баҳсда жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг) ҳам илк жангини юқори нотада ўтказди. КХДР вакилига қарши рингга кўтарилган юртдошимиз 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди.
Эслатиб ўтамиз, якшанба куни -80 кг вазнли боксчимиз Тўрабек Ҳабибуллаев илк жангини непаллик Дипак Шрестага қарши ўтказиб 5:0 ҳисобида ғалабага эришганди.
Маълумот учун, эртага оғир вазнли боксчилардан -92 кг вазн тоифасидаги Лазизбек Мулложонов Санжитга (Ҳиндистон) қарши рингга чиқса, +92 кг вазн тоифасидаги Баҳодир Жалолов амирлик вакили Муҳаммад Алҳефейт ва тожикистонлик Муҳаммад Аброриддинов жанги ғолибига қарши рингга кўтарилади.