Ўзбекистон делегацияси XIX Осиё ўйинларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.
Ушбу муваффақиятга самарқандлик дзюдочи Диёра Келдиёрова эришди. -52 кг вазн тоифасида баҳс олиб борган спортчимиз БАА вакили Биршелт Хорлодоини мағлубиятга учратиб, ўз ғалабалари орасига Осиё ўйинлари чемпионлигини ҳам қўшиб қўйди.
Шунингдек, Ҳалима Қурбонова дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси аъзосининг илк медалига муаллифлик қилди. Ҳамюртимиз бронза медали учун баҳсда жанубий кореялик Хекеонг Лига қарши татамига чиқиши керак эди. Бироқ рақиб спортчи курашмагани учун ҳамюртимиз тўғридан-тўғри совриндорлар қаторидан жой олди.
Маълумот учун, Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги жами медаллари сони 6тага етди. Келдиёрванинг олтин медали ва Ҳалима Қурбонованинг бронзасидан ташқари, «Почин» академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида енгил вазн тоифасидаги жуфтлик дастурида иштирок этган Луизахон Исломова ҳамда Малика Тагматова кумуш медалини қўлга киритган бўлса, эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасида енгил вазнли спортчилар баҳсида Шаҳзод Нурматов ҳамда Собиржон Сафаралиев бронза медалига сазовор бўлди. М2х дастурида иштирок этган Шаҳбоз Холмирзаев ҳамда Меҳрожбек Маматқулов жуфтлиги ҳам кумуш медалини қўлга киритди. М2- дастурида қатнашган академик эшкак эшувчиларимиз Шеҳроз Ҳакимов ҳамда Дилшоджон Худойбердиев марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтиб, кумушга эга чиқди.
Вакилларимиз ҳозирча умумжамоа ҳисобида Хитой ва Жанубий Кореядан кейин 3-ўринда бормоқда.