Суперлига 19-тур доирасида «Қизилқум»га қарши ўтган баҳсдан (1:2) сўнг «Сурхон» бош мураббийи Сергей Арсланов ўз фикрларини билдирди.
«Ғалаба билан «Қизлқум»ни табриклайман. Катта танаффус юзага келганлиги сабабли биринчи бўлимни мослашиш билан ўтказдик. Иккинчи бўлим эса вазиятларга бойроқ ўтди. Рақиб жуда тартибли ва режали тарзда ҳимоявий блок ташкил қилди ва уни ёриб ўтиш қийин бўлди. Гол ургач ўйинга қайтгандек бўлдик. Бироқ беллашув охирида бизга нимадир етишмади.
Майдон сифати? Буни баҳона қилолмайман. Рақиблар ҳам биз ўйнаган майдонда ўйнашди ва уларнинг ўйини яхши чиқди.
Жамоанинг олдиндаги вазифаси? Мақсадлар юқори. Илк навбатда ўзимизни хавфсизлантириш. Яъни, эгаллаб турган ўрнимиздан пастга тушмаслик. Иложи бўлса совринли ўринни эгаллаш. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун майдонга тушамиз.
Султонмуродов ва Шамсиевларнинг йўқлиги? Улар яхши даражадаги футболчилар. Таркибдаги барча футболчиларнинг даражаси юқори. Айнан уларнинг йўқлиги сабабли таркибда ўзгаришлар бўлди. Бироқ бугунги натижа учун бу баҳона бўлмайди», — дея Арслановнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.