Эрик тен Ҳаг ЕЧЛ 1-тури доирасидаги «Бавария»га қарши ўйиндан (3:4) кейин «Манчестер Юнайтед» ҳимоя чизиғидаги муаммолар ҳақида гапирди.
«Мюнхенда 3та гол уриб, ҳеч бўлмаса бир очко олиш керак эди. Аммо биз буни уддалай олмадик. Ойнага қараб олишимиз керак, чунки ўтказиб юборган голларимиз шунчаки совға эди.
Дастлабки 25 дақиқаликда биз яхшироқ ўйнадик, аммо кутилмаган голни ўтказиб юбордик. Оддий зарба эди, бунда фақат Онанани айбламайман, гап фақат у ҳақида эмас, рақибларни дарвозамиз томон бунчалик осон келишига йўл қўймаслик шарт. Буни қабул қилиш қийин.
Биз юқори даражада ўйнаяпмиз, аммо бизни мағлуб этган «Арсенал», «Бавария», «Брайтон» – топ-даражада ўйнайдиган жамоалар. Улар билан тенгма-тенг ўйнаяпмиз, кейин эса улар ғалаба қозонмоқда.
– «МЮ»нинг ҳимоядаги муаммолари жароҳатлар билан боғлиқми ёки руҳий муаммолар билан?
– Иккиси билан ҳам боғлиқ. Шу муаммоларимиз ҳал этилса, вазиятдан чиқиб кетамиз», - дейди «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи.