21.09.2023 21:00
5201
Теглар
Неймарнинг «Навбаҳор»га қарши дебюти, Ашхобод ва Душанбеда аншлаг – ОЧЛда энг кўп томошабин қаерда?

Ушбу ҳафтада Осиёда клублар ўртасидаги энг нуфузли турнир Чемпионлар лигаси янги мавсумига старт берилди. Tribuna.uz дастлабки тур баҳсларида стадионларда энг кўп томошабин тўплаган ўйинларни сарҳисоб қилди.

Неймар ва «Навбаҳор»нинг ОЧЛдаги дебюти энг кўп мухлис тўплади

Осиё Чемпионлар лигаси 1-турининг энг кутилмаган натижасига ўзбек клуби сабабчи бўлди. Турнир тарихида илк марта гуруҳ босқичида майдонга тушган «Навбаҳор» клуби кимсан Неймарнинг турнирдаги дебютини «расво» қилишига оз қолганди. Таркиби бўйича Ар-Риёд клубидан бир неча карра арзон бўлган Наманган жамоаси «Ал-Ҳилол» майдонида тур сенсациясини қайд этди.

«Қирол Фаҳд» халқаро стадионида қарийб 27 минг томошабин қаршисида ўтган баҳсда Самвел Бабаян шогирдлари Жорже Жезуш мураббийлигидаги юлдузли таркибни 100-дақиқагача мағлуб этишди, сўнгги сонияларда эса Осиёнинг энг қимматбаҳо клуби шармандаликдан қутулиб қолди (1:1). Шу куни Неймар, Митрович, Малком сингари юлдузларнинг «Навбаҳор»га қарши ОЧЛдаги дебютини 26 713 нафар мухлис стадиондан кузатиб борди. Бу ОЧЛ 1-турида Ғарбий минтақадаги энг кўп томошабин тўплаган ўйинга айланди.

Ашхобод ва Душанбеда футбол байрами

Ғарбий минтақадаги ўйинлар орасида энг кўп томошабин тўпланган стадионлар учлигидан Ашхобод ва Душанбе шаҳарларидаги ареналар жой олди. Сабаби Туркманистон пойтахти илк марта Осиё Чемпионлар лигаси баҳсига мезбонлик қилган бўлса, Тожикистон пойтахтида Коутиньо тўп сурадиган Қатар чемпиони ташрифи кузатилганди.

«Ахал» ОЧЛдаги дебютини Саудия Арабистонининг «Ал-Файҳа» клубига қарши ўтказди. Шу куни «Ашхобод» стадионида 19 966 нафар томошабин келган. Мухлислар билан тўлиб тошган ўйингоҳда тўп сурган туркманистонлик ўйинчилар турнинг яна бир сенсациясини қайд этишди. «Навбаҳор» ва «Андижон»нинг собиқ ўйинчиси Элман Тагаев супер голи билан «Ахал»га Саудия клуби устидан ғалаба келтирди (1:0).

Душанбедаги Марказий ўйингоҳда эса «Истиқлол» клуби «Ад-Духайҳ»ни қабул қилди. 17 500 томошабин қаршисида ўтган баҳсда Тожикистон чемпиони Қатар чемпиони билан дуранг қайд этди (0:0). Шу куни ўзбек клубларидаги ўйини билан танилган Эҳсони Панжшанбе, Алишер Жалилов байрамона муҳитни яратган «Истиқлол» мухлисларига гол совға қилиши мумкин эди, аммо омад улардан юз ўгирди. Тожикистон пойтахтидаги баҳсда Коутиньо майдонга тушмади, шунга қарамай «Истиқлол» томошабинлар ташрифи бўйича ОЧЛ Ғарбий минтақасида 3-ўринни эгаллади.

ОКМК, «Насаф ва «Пахтакор» иштирокидаги ўйинларга қанча томошабин келди?

ОФК маълумотларига кўра, яна бир ўзбек клуби ОКМКнинг «Ал-Иттиҳод»га қарши ўйини 13 897 томошабин тўплаб, бу борада 4-ўринда бормоқда. Ар-Риёддаги ўйинда Карим Бензема майдонга тушмаган бўлса-да, Саудия Арабистони чемпиони Миржалол Қосимов шогирдларини йирик ҳисобда таслим этди (3:0).

Дастлабки турда ғалабага эришган ягона жамоамиз «Насаф»нинг Иордания пойтахтидаги ўйинига 13 750 томошабин тўпланди. Амман халқаро стадионида Зафармурод Абдираҳматовнинг 90+7-дақиқадаги ягона голи Рўзиқул Бердиев шогирдларига Иордания чемпиони устидан ғалаба келтирди. «Ал-Файсали» - «Насаф» (0:1) ўйини томошабинлар сони бўйича ОЧЛ Ғарбий минтақасида 5-ўринда қайд этилди.

Клубларимиз орасида 1-турнир Ўзбекистонда ўтказган «Пахтакор» «Ал-Айн»га йирик ҳисобда ютқазди (0:3). Ўз стадиони таъмирланаётгани сабабли «Бунёдкор» стадионида ўйнаган Ўзбекистон чемпиони иштирокидаги баҳсни кузатиш учун 8 117 томошабин келган. Тошкентдаги ўйин бу борада ОЧЛда 8-ўринни эгаллади.

«Шарқ»да Хитой етакчи...

Қайд этиш жоиз, Эронда ўтган «Персеполис» - «Ан-Наср» (0:2) ўйини «Озоди» стадионида томошабинларсиз ўтказилди. Акс ҳолда қарийб 100 минг томошабин сиғимига эга ўйингоҳ Роналдуни кўриш учун ҳам мухлислар билан тўлиши муқаррар эди.

Маълумот ўрнида, ОЧЛ Шарқий минтақаси 1-турида энг кўп томошабин Хитойда ўтган «Ухан Шанвень» ва Япониянинг «Урава Редс» ўртасидаги баҳсда кузатилди. 2:2 ҳисоби қайд этилган ўйинни 27 599 нафар томошабин кузатган.

Осиё Чемпионлар лигаси 2-турида бир йўла 3 жамоамиз ўз ўйинини мухлислари қаршисида ўтказишини инобатга олсак, «Навбаҳор», «Насаф» ва ОКМК орасидан Наманган ва Қаршидаги ўйинлар 2-турда томошабинлар ташрифи бўйича Осиёда етакчи ўринларга даъвогарлик қила олишига ишонса бўлади.

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар