Жон Терри мухлислар билан пулли кечки овқатлар ташкил этмоқда.
The Telegraph нашрининг ёзишича, собиқ ҳимоячининг мухлислар билан илк учрашуви ўтган жума куни Бейсингстокда бўлиб ўтган. Жами 4та учрашув режалаштирилганди. Келаси жума куни «Челси»нинг собиқ сардори Бирмингемда, октябрда Борнмутда мухлислар билан учрашади, ноябрда эса Лондонда учрашув бўлиб ўтади.
Бирмингемдаги учрашувга киришнинг минимал нархи 25 фунт стерлингни ташкил этади, Террига битта дастхат учун қўшимча 100 фунт тўлашади. 150 фунт стерлингга эса олдинги қаторда ўтириш ва биргаликдаги фотосуратга тушиш мумкин.
5 минг фунт стерлингга «ҳомийлик пакети»ни харид қилиш мумкин — у Терри ҳам бўлган 10 кишилик кечки овқат, дастхат ва биргаликдаги фотосуратни ўз ичига олади.
Таъкидланишича, тадбир меҳмонлари дастхат олиш учун ўзлари билан бирор буюмни олиб келишлари керак.
Лондонда кириш чиптаси 30 фунт стерлинг, «олтин тўплам» эса 110 фунт стерлинг туради.
Жон Терри иштирокидаги тадбирлар Knock Out Memorabilia & Events томонидан ташкил этилади. Даромад қаерга сарфланиши ҳақида маълумот берилмаган.