Марокаш миллий жамоаси зилзила жабрланувчиларига хайрия қилади.
9 сентябрга ўтар кечаси мамлакатда 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Ҳозиргача ҳодиса оқибатида 2900дан ортиқ киши ҳалок бўлгани ва 5500 киши яралангани маълум.
Марокаш миллий жамоаси футболчилари, мураббийлар штаби ва ходимлари зилзиладан жабрланганларга Африка Миллатлар Кубогига чиқиш ўйинларида бериладиган барча бонусларни хайрия қилишади. Бу ҳақда миллий жамоа сардори Ромен Саисс ўзининг «инстаграм»даги саҳифасида маълум қилди.
«Биз сиз биланмиз ва дардингизга шерикмиз. Гуманитар ёрдамга ваъда берамиз. Марокаш бизни бирлаштиради», — деб ёзади Саисс.
Шунингдек, Марокаш Қироллик футбол федерацияси 12 сентябр куни Буркина-Фасога қарши ўтказиладиган ўртоқлик ўйини чипталари сотувидан тушган барча маблағ зилзила оқибатларини бартараф этиш ишларига йўналтирилишини маълум қилди.