28.08.2023 14:01
2305
Европада камбэклар ҳафтаси: 11 ўйинда жамоалар ирода кўрсатишди

Ёзнинг сўнгги дам олиш кунлари ҳақиқатан ҳам дам олиш учун ажойиб паллаларни тақдим этди. Европа майдонларида худди келишиб олишгандек, ажойиб сценарийлар, кутилмаган бурилишларга бой тўқнашувлар содир бўлди. Агар мағлубиятли ҳисобни ғалабали ҳисобга айлантириш ёки иккидан ортиқ фарқ билан ортда бораётиб ўйинни қутқариб қолишни мухлислар камбэк деб аташса, мана шундай воқеаларнинг ўзи нақ 11 марта содир бўлди.

ЛЕЙПЦИГ – ШТУТГАРТ 5:1 (0:1)
Голлар: Гирасси 35 – 0:1, Хенрихс 51 – 1:1, Олмо 63 – 2:1, Опенда 66 – 3:1, Кампл 74 – 4:1, Симонс 76 – 5:1

Ўзи ҳаммаси жума оқшомидан, кучли бешликдаги илк ўйиндан бошланди. Ўтган турда «Байер»дан аламли мағлубиятга учраган мезбонлар биринчи бўлимни 0:1 ҳисобида якунлашди. «Штутгарт» ҳам анойи жамоа эмас, биринчи турни 5:0 ҳисобидаги ғалаба билан бошлаган. Аммо Марко Розе шогирдлари иккинчи бўлимда бешта гол уришга куч топа билди. Беш голни беш фарқли футболчи урганининг ўзи ҳам «редбул»чиларда жамоавий ўйин анча жойида эканини исботлаб турибди.

НАНТ – МОНАКО 3:3 (3:1)
Голлар: Муҳаммад 5 – 1:0, Кастелетто 15 – 2:0, Минамино 27 – 2:1, Муҳаммад 48 – 3:1, Бен-Йеддер 59 – 3:2, Боаду 85 – 3:3

Германиядаги улоқни 15 дақиқа кейинроқ бошланган Франция чемпионати ўйинида илиб кетишди. «Монако» биринчи бўлимнинг ўзида 0:2, 1:3 ҳисобларида ортда борди. Қизиғи, «Нант» бутун ўйин давомида атиги 3 марта зарба берди ва ҳаммаси голга айланди. «Монако» жами 27 зарба йўллади, 8 та ўта хавфли вазият яратди – натижа бир хил, 3 та гол. Шундай бўлса ҳам, мезбон мухлислар стадионни афсус билан тарк этгани тайин, зеро «Монако» ҳисобни тенглаштирувчи голини 85-дақиқада урди.

АРСЕНАЛ – ФУЛҲЭМ 2:2 (0:1)
Голлар: Перейра 1 – 0:1, Сака 70 – 1:1, Нкетиа 72 – 2:1, Палинья 87 – 2:2

«Арсенал»да ўйинни бошлаш билан боғлиқ қанақадир жиддий камчилик бор. Ахир 2023 йилнинг ўзида уч ўйинда лондонликлар 1-дақиқадаёқ гол ўтказиб юборганини қандай изоҳлаш мумкин? «Борнмут», «Саутҳэмптон» ва мана энди «Фулҳэм»...

«Арсенал» вазиятни ўнглай олди, иккинчи бўлимда камбэкни амалга оширди, бунинг устига меҳмонлар сафида Калвин Бассенинг майдондан четлаштирилиши ҳаммасини назоратда ушлаб туриш учун жуда қулай шароит яратганди. Лекин, биргина стандарт вазият ва Палиня «Эмитрейтс» устидан совуқ сув қуйиб юборди – 2:2.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – НОТТИНГЕМ ФОРЕСТ 3:2 (0:2)
Голлар: Авонийи 2 – 0:1, Боли 4 – 0:2, Эриксен 17 – 1:2, Каземиро 52 – 2:2, Фернандеш 76 – 3:2

Бу ўйин ҳам Лондондаги учрашув билан айни пайтда ва қизиғи айни сценарийда бошланди, маълум нуқтагача давом этди. «МЮ» ўтган мавсумда «Ноттингҳем» билан 4 марта тўқнаш келган бўлса, бирор марта ҳам гол ўтказиб юбормаган, голлар нисбати 10-0. Балки шунинг учундир, тен Ҳаг шогирдлари ўйинни анча бемалол бошлашди ва 4 дақиқада икки марта жазоланишди.

Уёғи, худди Лондондаги ўйиндагидек – ҳал қилувчи гол пеналтидан урилди, меҳмонлар сафида қизил карточка. Лекин «Олд Траффорд» эгалари фарқли равишда ғалабали ҳисобни ушлаб қола олишди. Албатта, «Ноттингҳем»да ҳам вазиятлар бўлганди.

ҲАЙДЕНҲАЙМ – ҲОФФЕНҲАЙМ 2:3 (2:0)
Голлар: Бесте 26 - 1:0, Пиерингер 58 – 2:0, Байер 77 – 2:1, Кадержабек 80 – 2:2, Крамарич 90 – 2:3

«Ҳайденҳайм» – Бундеслига дебютанти. Ўз майдонидаги илк ўйинини нафақат ном, балким тарихан ҳам ўхшаш бўлган рақиб билан. Ўйин тугашига 15 дақиқа вақт қолганда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонилаётганди. Стадиондаги муҳитни ҳис қилиш қийин эмас.

Аммо тажрибали меҳмонлар вазиятни ўнглай олишди. 90-дақиқада белгиланган пеналти эса «Ҳоффенҳайм»га уч очко тақдим этди.

КЁЛН – ВОЛФСБУРГ 1:2 (1:0)
Голлар: Валдшмидт 55 – 1:0, Винд 62 – 1:1, Винд 72 – 1:2

Жонас Винд исмини эслаб қолинг. Бу мавсум Бундеслигада кўп тилга олинса керак. Даниялик 24 ёшли футболчи ҳозирча «Волфсбург»нинг барча голлари муаллифига айланмоқда. 1-турда унинг дубли «бўрилар»га ғалаба тақдим этган бўлса, бу сафар ҳам у икки гол уриб, ажойиб камбэкка сабабчи бўлди. «Кёлн» биринчи бўлимдаги ғалабали ҳисобни ушлаб қола олмади.

НЮКАСЛ – ЛИВЕРПУЛ 1:2 (1:0)
Голлар: Гордон 25 – 1:0, Нунез 81 – 1:1, Нунез 90+3 – 1:2

Юрген Клопп бу ғалаба ҳатто «Барселона»га қарши ЕЧЛ яримфиналидаги камбэкдан ҳам қийинроқ бўлганини тан олди.

Ишонса бўлади, зеро ўз майдонида ўйнаётган «Нюкасл» ҳисобни очган, бунинг устига «Ливерпул» сардори Виржийл ван Дейк биринчи бўлимдаёқ майдондан четлатилганди.

Мезбонлар гўёки ўйинни тўлиқ назоратда ушлаб турганди, «Ливерпул» ўйинда бурилиш ясай олиши мумкинлиги ҳақидаги шароит умуман йўқдек кўринди. Аммо Дарвин Нунез майдонга чиқиши ҳал қилувчи палла бўлди. Уругвайлик ҳужумчи аввалига ҳисобни тенглаштирди, кейин эса, 93-дақиқада қарши ҳужумда Салоҳнинг ажойиб узатмасини голга айлантириб, меҳмонларга муҳим ғалабани тақдим этди.

ВИЛЯРРЕАЛ – БАРСЕЛОНА 3:4 (0:2, 3:2)
Голлар: Гави 12 – 0:1, де Йонг 15 – 0:2, Фойт 26 – 1:2, Сёрлот 40 – 2:2, Баена 50 – 3:2, Торрес 68 – 3:3, Левандовски 71 – 3:4

Бу ўйиннинг ўзида иккита камбэк бор. Аввалига «Барселона» осон икки гол уриб, ҳаммасини назорат қилаётгандек кўринган пайтда мезбонлар бурилиш ясаб, 50-дақиқагача ҳисобни 3:2 кўринишига келтириб қўйишди. Ҳамма муаммо ҳам шунда-да, аввал тилга олинган ўйинлардан фарқли равишда «Вилярреал» керакли ҳисобга анча эрта эришиб қўйди. Қолган вақт жуда кўп ва етарли эди, мезбонларда эса, «Барселона»га қаршилик қилишга куч тамом бўлганди.

Иккинчи бўлимда майдонга тушган Торрес, кейин 16 ёшли Ямалнинг саъй-ҳаракатлари ҳисобига каталонияликлар ғалабани илиб кетишди.

Дарвоқе, Ламине Ямал Ла Лигада ассистни амалга оширган энг ёш футболчига айланди. У тўртинчи голда иштирок этганидан ташқари, Гави томонидан урилган ҳисобни очувчи голга ассистни амалга оширганди.

ФИОРЕНТИНА – ЛЕЧЧЕ 2:2 (2:0)
Голлар: Гонсалес 3 – 1:0, Данкан 25 – 2:0, Рафиа 49 – 2:1, Крстович 76 – 2:2

Ўтган мавсумни еврокубокларга йўлланма берувчи ўринда якунлаган, биринчи турда ишончли ғалабага эришган «Фиорентина» илк 25 дақиқадаёқ камтарона «Лечче» дарвозасига 2 гол ургач, ҳаммаси одатий кунга қараб кетаётгандек ҳиссиётни бошдан кечиргани эҳтимол.

Аммо флоренцияликлар «Лечче» 1-турда «Лацио» билан ҳам сўнгги дақиқаларда камбэк эвазига ғалаба қозонгани ва ўзи умуман бу ҳафтанинг ўзига хос тренди борлигини унутган кўринади. «Лечче» иккинчи бўлимни бутунлай ўзгача ўтказди. Йўқ, аниқроғи, ўзига берилган иккитагина имкониятдан унумли фойдаланди – 2:2.

РЕНН – ГАВР 2:2 (2:0)
Голлар: Блас 10 – 1:0, Ву 24 – 2:0, Алиюи 40 – 2:1, Алиюи 70 – 2:2

Бу ўйин ҳам олдингисига ўхшаб кетади. Лигада анча кучли ҳисобланган «Ренн» дебютант «Гавр» дарвозасига жавобсиз икки гол йўллаб, масалани анча эрта ҳал қилгандек кўринганди.

Алиюининг дубли эвазига меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Уёғига «Ренн» роса ҳаракат қилди, аммо 22 аниқ зарба, 5 та ўта хавфли вазият учинчи гол учун етарли бўлмади.

Қизиғи, «Гавр» аввалги меҳмон ўйинида ҳам шу ҳисобдаги дуранг қайд этган, «Монпеле» дарвозасига 90-дақиқада гол уриб, мағлубиятдан қутулиб қолганди.

АТЛЕТИК – БЕТИС 4:2 (0:2)
Голлар: Виллиан Жозе 2 – 0:1, Иско 10 – 0:2, Весга 30 – 1:2, Весга 45 – 2:2, Гурусета 45+7 – 3:2, Гомес 84 – 4:2

Албатта, бу ҳафтани мана шундай гўзал учрашув якунлаб бермаса бўлмасди ҳам. Жозе ва Иско илк 10 дақиқада голлар уриб, меҳмонларни 2:0 ҳисобида олдинга олиб чиқишди. Кейин «Атлетик» 1-бўлимнинг ўзида икки бор пеналтини аниқ амалга оширди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса, ҳатто ғалаба голини уришга ҳам муваффақ бўлишди.

Бу каби оловли кечган биринчи бўлимдан сўнг, одатда жамоалар бироз ёпилиб, хато қилишдан қўрқиб қолишади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. «Бетис»нинг ора-сира уринишлари ҳам голли вазиятлар яратиш учун етарли бўлмади. Ўйин охирларида эса Гурусетанинг голи мезбонларнинг устунлигини мустаҳкамлади. Анча ишончли ва хотиржамдек якунланган ўйин аслида қандай бошланганини басклар унутиб ҳам юборишди гўё.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар