Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Андижон-SGS» клуби футболчилари ҳамда Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Лочин Долимовнинг келишилган ўйинларда иштирок этганлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
«Ўзбекистон Про лигасида ҳакамлик қилиб келган Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Лочин Долимов ўзининг таниши орқали хориждаги А. исмли шахс билан Телеграм мессенжерида алоқа ўрнатиб, келишилган ўйинларни ташкил этишга уринган.
Шунингдек, Лочин Долимов «Андижон-SGS» клубининг футболчилари Шаҳбозбек Жумабоев, Дилмурод Абдуқаҳҳоров ва Жавоҳир Қиличев билан тил бириктирган ҳолда 2023 йил 25 май куни Про лига доирасидаги «Навбаҳор-Фарм» ва «Андижон-SGS» ўртасидаги учрашувнинг нажижасига таъсир ўтказиб, учинчи шахслар ёрдамида букмекерлик конторалари орқали пул тикиб, моддий манфаат кўрганлар.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Этика қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ҳаками Лочин Долимовни ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларини бузгани учун айбдор деб топди. Унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси қўлланилди.
Шунингдек, «Андижон-SGS» клуби футболчиси Шаҳбоз Жумабоев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига асосан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан умрбод четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси тайинланди.
Юқоридагилар билан бирга, футболчилар Д.Абдуқаҳҳоров ҳамда Ж.Қиличев ЎФА Интизом кодексининг тегишли бандларига кўра айбдор деб топилиб, Абдуқаҳҳоровга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 2 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси; Ж.Қиличиевга нисбатан эса футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча туридан 1 йил муддатга четлатиш ҳамда жарима интизом жазоси тайинланди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ФИФА, ОФК, «Спортрадар» ва бошқа тегишли ташкилотлар билан билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келаётганлигини маълум қилади. Ўз навбатида, келгусида аниқланадиган ҳолатлар юзасидан айбдор шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради», - дейилади ЎФА хабарида.