11.08.2023 17:12
5961
Салом футбол! Англияда топ-учрашув, Испанияда класико, Германияда финал. Ҳафта ўйинлари анонси

Бугундан Европа майдонларида, хусусан кучли бешликдаги учта чемпионатда 2023/24 йиллар мавсумига старт берилмоқда. Аслида футболни соғинган мухлислар учун анонс шарт эмас, ҳар қандай ўйин ҳам мавсум бошидаги муросасизлик, ҳам янги трансферларга баҳо бериш нуқтайи назаридан ўзига яраша қизиқ бўлса-да, анъанадан чекинмаган ҳолда баъзи ўйинларга алоҳида тўхталишни лозим топдик.

БЁРНЛИ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (11 август, 23:59)

АПЛ янги мавсуми устоз ва шогирд баҳси билан бошланади. Гап бу ерда Компанининг бир неча мавсум Пеп Гвардиола қўл остида ўйнаганида ҳам эмас. Чемпионшипда «Бёрнли» ўйинларини кузатган аксарият мухлис ва мутахассислар жамоа Шон Дайчнинг эски «Бёрнли»сидан анча ўзгаргани, лиганинг ўзига хос «сити»сига айланганини айтишганди. Жуда кўп кўрсаткичларда «Бёрнли» ростанам Чемпионшипда яққол устунлик қилди. Аксарият нотаниш футболчилардан иборат таркиб билан Компани жуда яхши жамоа туза олганини бу сафар юқорироқ даражада исботлаши керак бўлади.

Табиийки, трансферлар ҳам бўлди. Хусусан, Натан Редмонд АПЛ мухлисларига яхши таниш ном. Футболчи «Саутҳэмптон» таркибидаги қарийб 7 йилдан сўнг, бир мавсум Туркияда ўйнаб келди ва эркин агент сифатида Компани жамоасига келиб қўшилди. Шунингдек, 19 миллион евро эвазига «Базел»дан келиб қўшилган Зеки Амдуни ҳам йил кашфиётларидан бўлиши мумкин. 22 ёшли футболчи Швейцарияда анча сермаҳсул ўйин кўрсатган.

«Манчестер Сити» ўтган ҳафта Суперкубокни «Арсенал»га бой бериб қўйди. Аммо бу «шаҳарликлар» учун фожиа эмас, зеро Гвардиола жамоаси мавсумга аста-секинлик билан кириб келиб, асосан қишга бориб кучайиши янгилик бўлмай қолди. Суперкубок баҳсини ҳам учинчи йилдирки «Манчестер Сити» ютқазади. Дарвоқе, келаси чоршанба куни Гвардиола шогирдлари УЕФА Суперкубоги учун «Севиля» билан баҳс олиб боради. Мазкур соврин 1972 йили, яъни «Манчестер Сити» Кубок эгалари кубогини ютганидан икки йил ўтиб таъсис этилганини эътиборга олсак, бу ўйин клуб учун ўз тарихидаги дастлабки УЕФА Суперкубоги ўйини бўлади.

Ўзаро ўйинларга тўхталадиган бўлсак, сўнгги 11 ўйинда «Манчестер Сити» ғалаба қозонган, охирги 7 ўйинда умуман «Бёрнли» гол ҳам ура олмаган. Айнан Компани бошчилигидаги «Бёрнли» ўтган йили қуйи лигада қатнашган бўлса-да, Англия кубоги чорак финалида «Манчестер Сити»га дуч келганди. Ўша ўйинда «шаҳарликлар» «Этиҳад»да 6:0 ҳисобида устун келган, Эрлинг Ҳоланд эса, ҳет-трикка эришганди.

НЮКАСЛ – АСТОН ВИЛЛА (12 август, 21:30)

Муросасизлик ва драйв нуқтайи назаридан ҳафтанинг энг эътиборли учрашуви Нюкаслда бўлиб ўтса керак. «Нюкасл» деярли топ-клубга айланди, бу сафар Чемпионлар Лигасида тўп суради. Таркибни сақлаб қолиш билан бир қаторда, Тонали, Ливременто ҳамда Барнс каби янги футболчиларни харид қилди. Мавсумолди ўртоқлик ўйинларини ажойиб ўтказди – 5 ғалаба ва 2 дуранг. Мағлубият йўқ. Хусусан, уч кун олдин «Вилярреал» 4:0 ҳисобида доғда қолдирилди. Ҳарви Барнс дублга эришди.

«Астон Вилла» эса, агар Унаи Эмери келган пайтдан бошлаб ҳисобласак, Англияда энг кўп очко тўплаган жамоалардан биридир. Шунингдек, клуб трансфер бозорида ҳам жуда фаол бўлди ва эътиборли харидларни амалга оширди. Таркибга ўтган йилларда топ-клублар эътибориди бўлган испаниялик марказий ҳимоячи Пау Торрес, «Лестер» етакчиларидан бири Юри Телеманс, шунингдек, «Байёр»дан универсал ҳужумчи Муса Диаби келиб қўшилди. Ўтган мавсумдаги таркиб ҳам сақланиб қолган.

Қизиғи, бирмингҳэмликлар ҳам мавсумолди ўртоқлик ўйинларини мағлубиятсиз ўтказди. Айниқса, «Валенсия», «Лацио» каби жамоалар устидан қозонилган ишончли ғалабалар Эмерига янги мавсумга ижобий томондан қараш имконини беради. Инглиз мутахассислари ичида «Астон Вилла» ҳатто кучли тўртликка киришини тахмин қилаётганлар ҳам бор.

Мана шу икки кўтаринки кайфиятдаги клуб биринчи турдаёқ бир-бирини имтиҳондан ўтказади. Икки ҳафта олдин ўртоқлик ўйинида жамоалар баҳслашиб кўришган, учрашув 3:3 ҳисобида якунланганди. Ўзаро ўйинлар ҳақида гап борса, табиийки, ўтган мавсум охиридаги ўйин ёдга келади. Ўшанда «Астон Вилла» «Нюкасл» устидан совуқ сув қуйиб юбориб, ўз майдонида 3:0 ҳисобида устун келганди. «Сент-Жеймс Парк»даги ўйинлар тарихига назар ташласак, «Астон Вилла» ушбу стадионда 2005 йилдан бери ғалаба нималигини билмай келмоқда.

Жароҳатлар борасида «Нюкасл» фақат Жо Уиллок ва Фабиан Шернинг ёрдамидан фойдалана олмаса, «Астон Вилла» лазаретидагилар рўйхати анча узун. Ўтган мавсум охирида жароҳат олган ва мавсумолди йиғинларини ўтказиб юбориб, ҳали сафга қайтмаган футболчилар бор – Алекс Морено, Бертран Траоре, Эмилиано Буэндия, Якоб Рэмзи, Леандер Дендонкер.

БАВАРИЯ – РБ ЛЕЙПЦИГ (12 август, 23:45)

Бундеслига ўйинлари келаси ҳафтадан бошланса-да, шанба оқшомида Германия Суперкубоги учун учрашув бўлиб ўтади. Бутун Европа Ҳарри Кейннинг «Бавария»га трансферини муҳокама қилаётган пайтда, «Бавария» навбатдаги соврин учун «Лейпциг»га қарши майдонга тушади. Худди шу жамоалар ўтган йили ҳам айнан шу соврин учун куч синашган ва «Бавария»нинг қўли баланд келиб, 5:3 ҳисобида устун келганди.

Лигадаги ўйинларда эса «Лейпциг» устунлик қилган, ҳатто сўнгги турларда Мюнхенда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган меҳмонлар чемпионликни «Боруссия»га деярли совға қилаёзганди. Якунда дортмундликлар керакли ғалабани сўнгги турда қўлга кирита олмади ва барибир «Бавария» чемпионликка эришди.

Томас Тухел ўтган мавсум охирида келганини эътиборга олсак, мураббийнинг тўлақонли фаолияти энди бошланмоқда, табиийки, жамоада янгиликлар бўлиши табиий. «Наполи»дан Ким, «Боруссия»дан Геррейру, «Лейпциг»дан Лаймер келиб қўшилди, Мане, Зоммер, Канселу, Лука Эрнандес, Блинд кетди.

«Лейпциг»да аксинча, йўқотишлар салмоқлироқ – Йошко Гвардиол рекорд суммага «Сити»га, Собослаи «Ливерпул»га йўл олди, Нкунку Лондонга кетиши ўтган мавсумдаёқ келишилганди. Андре Силва бир йиллик ижара асосида «Реал Соседад» таркибида тўп суради. Келганлар у қадар номдор эмас, зеро айнан мана шу услубда ҳар йили юлдузлар «ишлаб чиқариб» сотиш аксарият немис клубларининг йўналиши бўлиб қолди. Фақат «Ливерпул»дан ижара асосида келган Фабио Карвалони Бундеслигада кузатиш қизиқиш уйғотиши табиий.

Германия Суперкубогини 1994 йилда «Вердер» клуби «Бавария» устидан ғалаба қозониб, қўлга киритганди. Ўшандан буён асосан «Бавария», баъзи йилларда «Боруссия» (4 марта) қўлга киритиб келмоқда. «Лейпциг»да қарийб ўттиз йилдан буён давом этиб келаётган анъанани бузиш, шунингдек, Германия Суперкубогини қўлга киритган илк шарқий Германия клуби бўлиш имконияти бор. Кузатамиз.

АТЛЕТИК – РЕАЛ МАДРИД (13 августга ўтар кечаси, 00:30)

Ла Лигада «эл класико» деб асосан «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинлар аталса-да, «Атлетик»нинг бу икки гранд билан ўйинлари ҳам шундай номга ҳақли, зеро испан тилли мамлакатларда лигани тарк этмаган жамоалар ўйинларига нисбатан айнан шу атама қўлланади. Испанияда бундай жамоалар учта. Кимлигини пайқадингиз.

Умуман билбаоликларнинг «Реал» билан баҳслари ҳатто «Барселона» билан қарама-қаршиликдан ҳам кўҳнароқ, шунинг учун «Эски класико» деб ҳам айтишади. Роппа-роса 120 йил олдин, ҳозирда Испания кубоги деб аталадиган мусобақа бўлмиш «Копа де ла Рей»нинг илк финалида, ҳали Испания чемпионати пайдо бўлмасдан ҳам аввалроқ, айнан «Реал» ва «Атлетик» ўзаро баҳслашишган. Ўйин Мадридда бўлиб ўтган. 2:0 ҳисобида биринчи бўлимни ўз фойдасига ҳал қилган мезбонлар кейин 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйган. Ушбу ғалаба Мадридда таҳсил олаётган баскониялик талабаларни шу қадар руҳлантириб юборганки, улар Мадридда ҳам худди шундай қизил-оқ либосда ўйнайдиган, худди шу номдаги яна бир жамоага асос солишади. Қайси жамоалигини пайқадингиз.

Хуллас, навбатдаги Испания чемпионати мана шундай тарихга эга бўлган баҳс билан бошланади. Одатда Билбао клуби сўнгги йилларда «Реал»га муносиб қаршилик қила олмаётгандек кўринса-да, алоҳида олинган муҳим ўйинларда анча муросасиз бўлганини кўрамиз, жумладан, ўтган йилги Испания кубогидан «Реал» чиқариб юборилган, 2021 йил январида Суперкубок учун ўйинда ҳам «Атлетик»нинг қўли баланд келган. Мавсумнинг очилиш ўйини, бунинг устига мезбон Билбао эканини ҳисобга олсак, «Атлетик» осонликча очко бермаслиги турган гап.

Бунинг устига, «Реал» кутилмаганда дарвозабондан айрилди. Тибо Куртуа деярли мавсум охиригача сафдан чиқди. Бир ёзда ҳам асосий ҳужумчи ва ҳам асосий дарвозабонидан айрилган «Реал»га осон бўлмайди. Буни сўнгги ўртоқлик ўйинлари ҳам кўрсатиб турибди. «Реал» аввал «Барселона»га (0:3), кейин эса, «Ювентус»га (1:3) имкониятни бой бериб қўйди.  

ЧЕЛСИ – ЛИВЕРПУЛ (13 август, 20:30)

«Челси» ва «Ливерпуль» шундоғам топ-учрашув, клубларнинг Мойзес Кайседо учун аёвсиз кураши ўйиннинг янада принципиал аҳамият касб этишида рол ўйнаса керак. Ўтган мавсумни нисбатан муваффақиятсиз ўтказган ҳар икки клуб ўхшаш вазиятда – иккиси ҳам Чемпионлар Лигасидан қуруқ қолди ва иккиси ҳам, айниқса, яримҳимояни бутунлай янгилаш ишларини олиб бормоқда. «Ливерпул» сўнгги йиллардаги устунлари бўлмиш Милнер, Ҳендерсон, Фабино, шунингдек Кейтага жавоб бериб юборган бўлса, «Челси»ни Канте, Ковачич, Маунт ҳамда Ҳаверц тарк этди. «Челси»нинг нисбатан кўпроқ, «Ливерпул»нинг камроқ янгиланган таркибини кўрамиз.

Бу янгиланиш ўзаро ўйинлардаги мухлислар учун бироз ёқимсиз анъанага барҳам берса ҳам ажаб эмас. «Челси» ва «Ливерпул» ўртасидаги охирги 4 ўйин 0:0 ҳисобида якунланган. Бу тўрт ўйиннинг иккитаси кубок финали экани, яъни 120 дақиқадан давом этгани эътиборга олинса, жамоалар неча дақиқадан бери бир-бирининг дарвозасини ишғол қила олмаётганини ҳисоблайверинг. Дарвоқе, ундан олдинги икки ўйин ҳам голли дуранг билан якунланган. Охирги марта кимнингдир ғалабаси билан тугаган ўйин – 2021 йил мартида «Челси» «Энфилд»да 1:0 ҳисобида ютиб қайтиши бўлганди. Ўша ўйинда иштирок этган 26 ўйинчининг 18 нафари ҳозирда жамоаларни тарк этиб улгургани ҳам қисқа давр клубларни қанчалик ўзгартириб юборганини кўрсатади.

Жароҳатларга тўхталсак, «Челси» сафида Бройя ва Мадуэкенинг тайёр бўлиши сўроқ остида. Нкунку камида уч ойга, Уэсли Фофана эса ундан ҳам кўпроқ вақтга сафдан чиққан. Айниқса Нкункунинг жароҳати Почеттино учун энг катта йўқотиш бўлиши керак, чунки футболчи йиғинларда асосий футболчи сифатида синаб кўрилаётган ва ўртоқлик ўйинларида учта гол уришга ҳам улгурганди. Меҳмонлар сафида эса, доимгидек Тиаго Алкантаранинг ҳолати номаълум, у мавсумолди йиғинларида деярли иштирок этмаганини инобатга олсак, Клопп ҳозирча ундан фойдалана олмайди. Шунингдек, Байжетичда ҳам жароҳат бор.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

12 август. АРСЕНАЛ – Ноттингҳем Форест (16:30), ПСЖ – Лорян (23:59)

13 август. Брентфорд – ТОТТЕНҲЭМ (18:00), Хетафе – БАРСЕЛОНА (14 августга ўтар кечаси, 00:30)

14 август. МЮ – Вулверҳэмптон (23:59)

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар