09.08.2023 16:26
10559
Неймарнинг баҳоси маълум қилинди, Иниеста эса Мессининг олдига бормади. Сўнгги трансфер хабарлари

«Арсенал» янги дарвозабон олмоқда.

Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги кунларнинг энг асосий трансфер хабарлари дайжести.

Андрес Иниеста фаолиятини БАА чемпионатида давом эттиради

Уни Лео Месси билан яна бир жамоада кўриш умиди амалга ошмади. Камида шу ёзда. Япониянинг «Виссел Кобе» клубини тарк этган 39 ёшли яримҳимоячи кутилганидек «Интер Майами»га эмас, БААнинг «Эмирейтс» клубига ўтди. Афсонавий футболчи билан 2024 йил ёзига қадар шартнома имзоланган.

«Тоттенҳэм» бир кунда икки трансферни эълон қилди

АПЛ чемпионатида янги легионерлар. Биринчиси — нидерландиялик 22 ёшли ҳимоячи Микки ван де Вен. «Волфсбург» унинг учун 40 млн еврога эга бўлди, футболчининг ўзи билан 2029 йилга қадар шартнома тузилди ва унга 37-рақам берилди.

Иккинчиси — аргентиналик 19 ёшли ҳужумчи Алехо Велис. «Росарио Сентрал» ҳисобига бонуслардан ташқари 15 млн евро бориб тушди. Истеъдодли футболчи билан олти йиллик шартома имзоланган, у 36-рақам остида ўйнайди.

«Нюкасл»нинг яна бир йирик трансфери

Гап 20 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Валентино Ливраменто ҳақида бормоқда. Ушбу йигитчани чемпионшипга тушиб кетган «Саутҳемптон»дан 37,2 млн евро эвазига харид қилишди. «Авлиёлар» яхшигина фойда кўришди, чунки икки йил олдин Тино учун олти баробар камроқ тўланганди. Шартнома 2028 йилга қалар тузилган.

«Лацио» Дания чемпионатининг энг яхши тўпурарини харид қилди

Римликлар чемпионлар лигаси учун таркибни кучайтирмоқда. Сарри жамоаси 22 ёшли вингер Густав Исаксенни ўз сафига қўшиб олди. У ўтган мавсумда Дания чемпионатида 18 гол уриб, энг яхши тўпурарга айланганди, энди эса «Мидтьюлланн» хазинасига 12 млн евро келтирди. Исаксен ва «Лацио» ўртасидаги шартнома беш йилга мўлжалланган.

Неймар Саудия Арабистонига йўл олиши мумкин

Неймар «ПСЖ»ни тарк этиши билан боғлиқ янги тафсилотлар пайдо бўлмоқда. L`Equipe шу кунларда 31 ёшли бразилиялик парижликлар клуби раҳбариятини кетиш истаги ҳақида хабардор қилганини ёзганди. Футболчининг отаси буни рад этганига қарамай, медиада бошқа маълумотлар пайдо бўлмоқда — хусусан, Саудия Арабистонидан бўлаётган қизиқиш ҳақида.

Аниқ бир клуб номи келтирилмаяпти, аммо Barca Universal порталига кўра, саудияликлар Неймарни йилига 300-400 миллион евролик маош билан чақиришмоқчи. Diario Sport эса ундан ҳам ҳайратланарли версияни эълон қилди: бразилиялик ҳужумчи Саудия Арабистони клубига ўтгач, у ердан «Барселона»га ижарага берилади.

Ккаталонияликлар уни тўғридан тўғри трансфер қила олмаслиги аниқ. Sky Sport маълумотига кўра, «ПСЖ» футболчини трансферга қўйган ва унинг сотувидан камида 58 млн евро ишлаб олишни истайди. Шу билан бирга, нарх турли клублар учун турлича бўлади, ким учундир нарх 95 миллион еврогача етиши мумкин. «Барселона»да эса на униси, на буниси топилади.

«Бавария» Кейн бўйича таклифни яхшилади

«Бавария» Ҳарри Кейн трансфери бўйича «Тоттенҳэм»га янги таклиф юборган. Sky Sports маълумотига кўра, мюнхенликлар «шпорлар»га 94,6 миллион фунт стерлинг (120 миллион евро атрофида) тўлашга тайёр. «Бавария» трансферни яқин кунлар ичида амалга оширмоқчи.

Аввалроқ журналист Мэттю Лоу Кейн мюнхенликлар клуби раҳбарияти учун дедлайн белгилаганини хабар қилганди.

Ўз навбатида, Evening Standard маълумотига кўра, «Тоттенҳэм» «Бавария»нинг ўтган ҳафтада юборган 100 млн евролик таклифини ҳам рад этганидан кейин, Кейн вазиятни қайта кўриб чиққан ва фикрини ўзгартирган: у энди Лондон клубида қолиши мумкин. Гўёки 30 ёшли англиялик ҳужумчига жамоанинг янги бош мураббийи Ангелос Постекоглунинг ўйин фалсафаси маъқул келган.

2022/23 йиллар мавсумида Кейн лондонликлар сафида 49 ўйинда майдонга тушиб, 32 гол урди ва 5 голга узатма берди. Форварднинг клуб билан шартномаси кейинги йил ёзида якунланади.

«Арсенал» «Бавария» истаган дарвозабонни ўзиники қилмоқда

Давид Райя «Брентфорд»ни тарк этиб, Англия вице-чемпиони сафига ўтади. Фабрицио Романонинг ёзишича, 27 ёшли испаниялик дарвозабон трансфери тўлиқ ҳал қилинган, трансфер учун 30 млн фунт тўлайди, футболчининг ўзи эса 2028 йилга қадар амал қилувчи шартномага эга бўлади. Тиббий кўрик кейинги ҳафтага мўлжалланган, шундай экан, расмий тақдимот ҳам кейинроқ бўлиб ўтади.

Бу вақтда «Арсенал» иккинчи дарвозабони Матт Тернерни 10 млн фунт эвазига «Ноттингҳэм Форест» клубига пуллади. Америкалик дарвозабон янги клуби билан тўрт йиллик шартнома имзолаган.

«Челси» Влаҳович трансферини истамоқда

ESPN хабарига кўра, шу ёзда 60 млн еврога харид қилинган ҳужумчи Кристофер Нкунку «Боруссия» клуби билан ўртоқлик учрашувида жароҳат олиб, тўрт ойга сафдан чиққач, «Челси» ҳужум чизиғига Влаҳовични олиб келишга қарор қилган. «Ювентус»нинг 23 ёшли ҳужумчиси — лондонликларнинг асосий нишонига айланди. Transfermarkt сербиялик форвард трансферини 80 миллион еврога баҳолаган.

Аммо туринликлар ушбу футболчисини Ромелу Лукакуга алмашишга ҳам тайёр бўлади, бу ҳолда лондонликлар белгиялик ҳужумчи устига маълум миқдорда пул қўшиб бериши керак.

Влаҳович ўтган мавсумда «Ювентус» А сериянинг 27 ўйинида қатнашиб, 10 гол урган.

«Челси» ёш бразилиялик учун 15 млн евро тўламоқчи

Бу клубда трансферлар учун пул тугамаяпти. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Челси» яқин кунлар ичида «Сантос»нинг 18 ёшли ҳужумчиси Дейвид Вашингтонни ўз сафига қўшиб олади. Трансфер суммаси — 15 млн евро, яна 5 млн евро бонуслар кўринишида тўланиши мумкин. Футболчининг ўзи билан кўп йиллик шартнома бўйича келишувга эришилган. Ягона интрига: Вашингтон янги мавсумда қаерда ўйнаши билан боғлиқ. У «Страсбург»га ижарага берилиши варианти истисно этилмаяпти, Франциянинг ушбу клуби ҳам «Челси»нинг ҳозирги хўжайини Тодд Боулига тегишли ҳисобланади.

«МЮ» «Вест Ҳэм»дан икки футболчиси бўйича таклиф олди

The Athletic нашри маълумотига кўра, лондонликлар клуби 30 ёшли ҳимоячи Ҳарри Магуайр ва 26 ёшли яримҳимоячи Скотт Мактоминейни сафига қўшиб олиш ва бу футболчилар трансфери учун 69,6 млн евро тўлашга рози. Ҳозирча «МЮ» ушбу иккиталик таклифга қандай ёндашиши аниқ эмас, аммо бу таклиф олдинроқ рад этилганидан анча яхшироқ. Бу клуб Магуайр учун маълум миқдорда маблағ ишлаб олишига сўнгги имконият бўлиши ҳам мумкин.

Верратти бўйича савдолашув давом этмоқда

«ПСЖ»нинг фахрий футболчиларидан бири Марко Верратти ҳам француз клубини тарк этишга яқин. «Ал-Аҳли» 30 ёшли италияликни трансфер қилиш ҳаракатларини тўхтатмаяпти ва инсайдер Фабрицио Романога кўра, ўзининг олдинги таклифини яхшилаган — 30 миллион евродан 45 миллион еврога. Лекин «ПСЖ»дагилар бу борада қарор қилишга шошилишмаяпти — жамоа бош мураббийи Луис Энрике Верраттини янги мавсум учун режаларига киритган ва уни қўйиб юборишга рози бўлмаяпти.

«Бавария» Кайл Уокер трансферини амалга ошира олмади

Бу трансфер яқин вақтлар ичида эълон қилинадигандек кўринаётганди, аммо амалда бундай бўлиб чиқмади. Флориан Плеттенбергнинг ёзишича, «Манчестер Сити»нинг 33 ёшли ҳимоячиси бу ёзда «Бавария»га ўтмайди. Аввалига футболчи томонидан трансферга розилик билдирилганига қарамай, музокаралар тўхтаб қолди. The Athletic хабарига кўра энди Уокер қарорини ўзгартирган ва АПЛда қоладиган бўлган. Қолаверса, «Сити» унга янги шартнома таклиф қилиши кутилмоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар