«Мухлислар олқиши остида хайрлашишга муносиб эдинг». Бруну Де Хеанинг «МЮ»ни тарк этиши ҳақида
«МЮ» дарвозабони Давид де Хеа 12 йиллик фаолиятидан кейин 8 июль куни жамоа билан хайрлашгач, Бруну Фернандеш испаниялик 32 ёшли дарвозабонга мурожаат қилди.
«Сен ҳақингда қандай фикрда эканимизни, сени қанчалик соғинишимизни яхши биласан. Сен стадионда, жамоадаги ажойиб йиллар учун сени олқишлайдиган мухлислар қарсаклари остида хайрлашишга муносиб эдинг.
Сен клуб тарихидан жой олдинг, сенинг номинг унутилмайди ва ҳеч ким буни сендан тортиб ололмайди», - дея ёзди Фернандеш ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.
Маълумот учун, Де Хеанинг амалдаги келишуви 1 июль куни якунига етганди. «МЮ» испаниялик дарвозабон билан келишувга эришмагани ҳақида хабар қилинганди. Давидга Каземиро, Рэшфорд, Фред ва жамоанинг бошқа ўйинчилари ҳам омад тилаб, хайрлашишди.